Сийрат дарслари (8-дарс)

21:00 09.01.2019 636

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

53. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча Мадина аҳли ваҳимада қолди. Шунда улар овоз томон юришди. Уларнинг қаршиларидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар. Бўйинларида қилич бор эди. Абу Талҳанинг отини яйдоқлигича миниб олган эдилар. «Қўрқманглар! Қўрқманглар!» дердилар. Кейин: «Биз уни (отни) денгизга ўхшатдик ёки у денгиз экан», дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

54. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий бўлганлари эса, Рамазонда, Жаброил мулоқотларига келганда бўлар эди. Рамазонда у ҳар кеча у зотнинг мулоқотларига келар ва Қуръондан дарс қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликка эсган шамолдан ҳам сахийроқ эдилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

55. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки тоғ ораси тўла қўй сўради. Шунда унга ўшаларни бердилар. У ўз қавми ҳузурига бориб: «Эй қавмим, мусулмон бўлинглар! Аллоҳга қасамки, Муҳаммад кўп ато берар экан. Фақирликдан қўрқмас экан», деди».

Анас: «Киши фақат дунё учун мусулмон бўлади. Му-сулмон бўлганда дунё ва ундаги барча нарсалардан кўра Ислом унга севимлироқ бўлади»,  деди». Муслим ривоят қилган.

56. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса сўралганда ҳеч қачон «йўқ» демаганлар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

57. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарсани эрталикка сақлаб қўймас эдилар». Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

58. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ёки кечаси ташқарига чиқиб, Абу Бакр ва Умарга дуч келдилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икковингизни бу соатда уйингиздан нима бошлаб чиқди?» дедилар. Икковлари: «Очлик, эй Аллоҳнинг Расули»,  дейишди. «Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, мени ҳам икковингизни бошлаб чиққан нарса чиқарди, туринглар!» дедилар. У зот билан бирга туриб, бир ансорийникига боришди. У киши уйида йўқ экан. Аёли у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан: «Хуш келибсиз!»  деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлдан: «Фалончи қаерда?»  деб сўрадилар. «Сув олиб келгани кетди», деди аёл. Ансорий саҳоба ҳам тезда етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг икки саҳобаларига назари тушиши билан: «Алҳамдулиллаҳ! Бугун ҳеч кимнинг меникичалик ҳурматли меҳмонлари бўлмаган!» деди. Бориб бир тизим хурмо келтириб: «Енглар», деди ва қўлига пичоқ олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Зинҳор ва зинҳор соғин ҳайвонга тегма!» дедилар. Ансорий саҳоба уларга бир қўй сўйди. Улар қўйдан ва ҳалиги хурмодан тановул қилишди, чанқовбосди ичимликлардан ичишди. Тўйиб, мамнун бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр билан Умарга: «Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, Қиёмат куни албатта, ушбу неъматдан сўраласизлар. Сизни уйингиздан очлик чиқарди. Энди эса, сизга ушбу неъмат етганидан кейин қайтасизлар»,  дедилар. Муслим ривоят қилган.

59. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ва аҳллари бир неча кеча қаторасига оч ётишар эди. Кечки таом топа олишмасди. Кўпинча уларнинг нонлари арпа нон бўларди». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Давоми бор... 1-дарс. 2-дарс3-дарс. 4-қисм. 5-қисм. 6-қисм. 7-қисм.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

«Оламларга раҳмат пайғамбар» китобидан

Манба: Islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!