"Сиз билан борганимда, ўша қурбонлик мен бўлардим...”

22:00 12.08.2019 1448

Замонасида бир подшоҳнинг оқил ва зийрак вазири бор эди, нима иш қилса, Аллоҳ таолони зикр этар, Роббул оламинга шукр айтар ва буни доимо яхшиликка йўярди. Кунларнинг бирида подшоҳ ўзининг қиличини тозаларди, ногаҳон бармоқларидан бирини кесиб қўйди, жони оғраётган подшоҳга вазир: “Шоҳим, алҳамдулиллаҳ деб айтинг, иншааллоҳ, бу яхшиликка”, – деди. Қаҳр ва ғазабга гирифтор бўлган шоҳ сарбозларини чақирди: “Тезда буни зиндонбанд қилинглар, менинг жоним оғрияпти, лекин бу алҳамдулиллаҳ деб айтинг, деб устимдан кулмоқда”, – деди.

Шу зайлда кунлар ўтар, вазир зиндонда, шоҳ эса бир бармоғидан айрилган. Подшоҳ ғамларини унитиш мақсадида узоқроқ жойларга ов қилиш мақсадида сафар қилди. Бир кийикни пойлар, унинг орқасидан ўз ажали томон бораётганини билмас эди. Қўриқчиларидан узоқлашган шоҳ бир қабиланинг қўлига тушади, у қабила ҳар йили мўл-кўлчилик бўлсин, дея бир одамни қурбонлик қиларди. Улар шоҳни танимас, уларнинг олдида шоҳ бўлсин, гадо бўлсин, барибир эди. Аммо шоҳ ноумид бўлган жойдан бир яхшилик чиқди: шоҳнинг нуқсони бор – бир бармоғи йўқ, яъни қурбонликка ярамайди. Ўлим панжасидан чиққан шоҳ йиғлаган ҳолда Аллоҳга минг шукурлар билан ўз саройига қайтди ва сарбозларига: “Тезда вазиримни олдимга келтиринг”, – деди. Вазир олиб келингандан кейин подшоҳ деди: “Мен бармоғим кесилганининг ҳикматини билдим, бошимдан ана шундай воқеалар кечди, сен зиндонга кетаётган вақтингдаги шукрингнинг ҳикмати нима эди?”

“Шоҳим, балки сиз билан борганимда, у қурбонлик мен бўлардим”, – деди.

Биз ўзимиз учун ёмон деб билганимиз балки яхшиликдир. Биз ўзимиз учун яхшилик деб билганимиз балки ёмонликдир. Роббимнинг ҳар бир ишида ҳикмат бор.

Дилшод Алиев таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!