Назм

Сиз борсиз!

1725

СИЗ БОРСИЗ

Бир кеча қўққисдан уйғониб кетдим,
Соатга қарасам, иккими ё уч.
(Эҳтимол совуқдан) жунжукди этим,
Ташқарига тортди аллақандай куч.

Шуурдан не ўйлар кечмас дафъатан,
Кўнгил деганлари, қурғур, ёмон-да.
Гўё огоҳ этиб қандайдир хавфдан
Ит ҳам ҳурар эди қўшни томонда.

Эринмай атрофни кўздан кечирдим,
Шукрки, ҳаммаёқ тинч ва осуда.
Тунчироқ нурида кўриб, энтикдим,
Дилбандларим ётар қатор уйқуда.

Ҳовлида ўйноқлаб, куйлайди шамол,
Бир-бирин рақсга тортар хазонлар.
Дарахтлар жимгина сурмоқда хаёл,
Бошини тебратар гулу райҳонлар.

Тинчлик, хотиржамлик – эзгу тушунча,
Шаксиз, яратганнинг инояти – бу!
Чегаралар бўйлаб қанчадан қанча,
Бедор нигоҳларнинг шарофати – бу!

Аёзу саратон, демай сарҳадда,
Мудом сергак турган, эй аскар укам,
Сиз борсиз – осмон тинч, жонлар роҳатда,
Сиз борсиз – яшаймиз юртда хотиржам.

Оталар дуоси ҳикмат бегумон –
Тан сиҳат, Ватан тинч бўлса, бас экан.
Дунё деганлари болангнинг шодон
Битта кулгусига арзимас экан.

Сенга кўнгилдаги борини айтай,
Сабру сабот тилай айни чоқда ман.
Яхши ният билан сизларга атай,
Учта ўринбосар ўстирмоқдаман.

Ҳамонки турибсиз кўкракни кериб,
Йўл йўқ хавотирга, йўл йўқ қайғуга,
Мен энди болалар ёнига кириб,
Уйқуга кетаман, ширин уйқуга.

Абдулазиз Муборак

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистон армияси - Марказий Осиёда энг қудратли армиялардан бири

1728 10:50 10.01.2018
« Орқага