Сиз кечирармидингиз?

19:00 11.07.2018 1151

Ватанингиздан қувиб, бошингизга гаровга пул тиккан, ўзга шаҳарда, мусофирчилигингизда ҳам тинч яшашингизга қўймай ҳар турдаги шафқатсиз қотил ва каллакесарларни юбориб тинчингизни бузган, турли бўҳтонларни тарқатганлар қўлингизга тушиб мўлтираб турса кечирармидингиз? Йўқ қасос келди деб ўлдириб юборасиз, хорлайсиз тўғрими? Қизингизга зулм қилиб боласини тушишига ва ўлимига сабабчи бўлган киши қўлингизга тушса уни кечрармидингиз? Йўқ кечиролмайсиз, азобда ўлаётган қизингизнинг фарёдлари кўз олдингизда туради, қийналиб бақираётгани қулоғингизда жаранглайди. Қотилни кечиришга қувват топа олмайсиз.

Энг яқин қариндошингизни ўлдирган,  қорнини ёриб тилка пора қилган инсон кечирим сўраса кечира оласизми?

Ватанингизга қайтганингизда ҳамма олқишлаб қайтишингиздан хурсанд бўлганда ашаддий душманингиз қўлига қилич кўтариб  дўстларингизни ўлдирса кечириб, уни ҳақига дуо қиласизми?

Бу каби саволлар жуда ҳам оғир-а?

Ундай душманларни кечиришингиз қийин! Бугунги кунда арзимас хато туфайли ўз жигарини, опа синглиси ҳатто фарзандини кечирмай бир умр гаплашмай ўтганлар, гаплашмай аразлаб юрганлар  қанча! Гаплашиб кечиришдан кўра дўзахни афзал билганлари-чи!  Тўқсонга кирса ҳам кечиришни ор биладиганлар тўғрисида нима дейсиз? Келинг ўйлаб кўрайлик, кечиришни ор деб биладиганларни, мана шу тоифадагиларни чин мўмин деса бўладими? Чин мўминлар кечиришни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганиб ибрат олсалар бўлмайдими? Гоҳо биз ўзимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзимизни улуғ санмаяпмизми? Афсуски баъзи уломоларимиз ҳам кечиримлиликни билмайдилар!

Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларига қайтсак, У зотни ўз ватанлари Маккадан чиқиб, муҳожирлик азобларини чектирган, уч бор Мадинага бостириб бориб қанча саҳобаларни  шаҳид қилганлар, Макка фатҳидан сўнг бошларини эгиб турдилар. Уларни қириб, молу дунёсини тортиб олишга қодир Пайғамбар алайҳиссалом уларни кечириб юбормадиларми?

Аббос розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг расули Абу Суфён фахрланишни яхши кўрадиган инсон. Шу боис бу инсоннинг обрўйини кўтарадиган фахрланадиган бир иш қилинг”, дедилар.

“Ким Абу Суфённинг уйига кирса, у омондадур.  Ҳар ким эшигини маҳкам қилиб ўз уйида ўтирса омондадур, кимики Масжидул ҳаромга кирса, у киши ҳам омондадур”, деб жар солдирдилар. Мана сизга ашаддий душманни кечириш ва афв. Уни остириб, ўтда куйдириб, молу дунёсини ғарот қилсалар бўлмасмиди ёки қўлларидан келмасмиди?

Кўз қорачиқлари бўлмиш қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳонинг туясининг оёғини яралаб, онамизни қулатиб, ичидаги боласини нобуд бўлиши ва шу туфайли ўлимига сабабчи инсонни кечирганларига нима дейсиз?

Уҳуд жангида амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни ўлдириш учун Ваҳший деган қулни ёллаб шаҳид қилдирган, қорнини ёриб жигарини чайнаган Ҳиндни ва қотил Ваҳшийни кечирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек меҳри дарё, улуғ лутф соҳибининг афвига нима дейсиз?

Икрима Ибн Абужаҳл Расулулулоҳнинг саҳобаларига қарши қилич кўтариб бир нечтасини шаҳид қилиб қочиб, сўнгра Расулуллоҳнинг олдига келганда уни ўрнидан туриб, ҳурмат кўрсатиб: “марҳабо” хуш келдинг дедилар. Муборак ридоларини  оёғи остига ташладилар. Икрима шаҳодат калимасини айтиб, ҳаёдан бошини кўтаролмай турганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Икрима, қудратим етадиган нимаики сўрасанг уни сенга муҳайё этаман”, дедилар. Икрима: “Ҳар бир сизга қилган душманлигимни мағфират бўлишини Аллоҳдан сўрасангиз”, деди.

Расулуллоҳ: “Эй Аллоҳ, Икрима ҳар қандай адоватики менинг ҳақимда қилди, ҳар бир сўзики менинг шанимга деди, уни ундан мағфират қил, афв пардангни унинг гуноҳи узра ёпгил”, деб дуо қилдилар. Бас Икрима фазилатли саҳобалардан бўлди.

Сиз ва мен ҳақиқий уммат бўлсак нега кечириш нималигини билмаймиз? Кечиришни билмаслик мўминликка мос эмас-ку!

Президентимиз томонидан минглаб маҳбуслар афв қилиниб озодликка чиқарилди. Нега озодликка чиққан  баъзи биродорлар кечиримли бўлолмаяпсиз? Нимага Аллоҳ таолога истиғфор айтиш ўрнига, Унга исён қилмоқдасиз? Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам улуғмисиз? Қўлимга ғалаба байроғи тегса ҳаммани қираман, ўлдираман деб ният қиласиз? Ният ботил бўлгач амал ҳам зое бўлар. Баъзи ҳуқуқ тартибот ходимлари ҳам маҳбусларга меҳрлироқ бўлсинлар. Улар ҳам бағри кенг бўлсалар, халқнинг ҳурмати ва Аллоҳ таолонинг назарига тушадилар.

Демак яна ва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кечиримлилик ва афвни ўрганайлик.

Шермурод ТОҒАЙ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!