Иймон

Сиз нима дейсиз?

1034

Кеча бир дардли домла билан гаплашиб қолдим. Унинг айтишича маъракаларнинг қисқармаётгани сабаби маъракадан тушаётган даромад экан. Мен унга: "энди билдингизми?", десам у: "Жиддий айтаяпман, энди билдим" дейди(Чунки у янги. Аллоҳ уни сақласин бу балодан). Айтишича,  бизнинг гўшамизда бир имом( каттароғи) еб-ичиб 100$ ни бемалол топиши мумкин экан. Маърака қисқарса бу даромад йўқолади-ку, дейди.

Халқимизнинг шу тўй-маъракалар сабаб йўқотаётган миллионлаб сўмлари уларни ташвишлантирмаяпди. Қанча-қанча жигарларимиз Россия, Корея ва бошқа жойлардан шу касофат маъракалар туфайли кела олишмаяпди. Беш-олтита фарзандининг ташвиши уни келгани қўймаяпди. Баъзиларининг хотинлари бузилиб қолаяпди. Бу маъракаларга қарши чиқадиганларнинг ёнида турадиган домлалар деярли йўқ. Энди ҳукумат қарори чиқиб ижрога киришилса сайраб қолишар ўзларини яхши кўрсатиш учун.

Бир опамизнинг эрлари ишламайди. Уч-тўртта болани шу жирканч расм-русмларга мос равишда тўйини қилиб бўларлари бўлди. Мени ўлчовимча у опамиз бир умр қийналиб яшайди энди. Ҳали бери ўзига кела олмайди. Бу кабилар ўзи кураша олмайди бу исрофларга қарши. Унинг ёнида раҳбарлар, домлалар туриши керак.

Менинг олдимга бир йигит келиб "қори ака, маъракамиз бор эди. Қори акалар билан бориб хатм қилиб берсанглар" деди. Мен унга имконим борича тушунтирдим:

Қуръондан маййитга албатта савоб етади. Аммо ният холис бўлса етади. Биз тўртта бўлиб борамиз. Бизга камида юз мингдан тўрт юз минг берасан. Дастурхонга ҳам бир неча юз минг сарфлайсан. Бизнинг кўзимизга сенинг ўтиб кетган ота-бобонгдан олдин сен берадиган пуллар кўринади. Ихлос билан ўқий олмаймиз. Демак, савоб ҳам ҳосил бўлмайди. Ихлосни даъво қилаётганларни уч марта бепул хатмга айтиб кўр. Тўртинчисида иши чиқиб қолади.  Шу пулларни фалон қариндошингга берсанг ва савобини ўтган ота-онангга бағишласанг иншааллоҳ етади. Чунки сен отанг ва онангга савоб етишини хоҳлайсан. Сенда ихлос бор" дедим.

Эртаси куни бошқа қори акага бориб хатм қилдирибди. Хатм қилмаса бўлмас экан. Менга ўша қори ака айтди.

Хўш, ким нима йўқотди? Жавоб берадиган борми? Менинг ризқим бошқа жойдан. Очдан ўлмайман. Аммо ўзи емасдан, охиратда ота-онамга савоб етсин деб умид қилган бир бечора бизнинг ихлоссизлигимиз сабаб пулини йўқотса, ота-онасига ҳам савоб етмаса эрта бизнинг ёқамиздан тутмайдими?

Руслар босиб келишган даврда бизда водийда Собитхонтўра номли муфтий ўтганлар. Умматнинг маърака-тўйлар билан ўралиб қолгани у зотни бир умрга эзиб келган. Ўзлари маъракаларга қарши ўта қаттиқ курашганлар. Яна бошқаларни ҳам курашишга чақирганлар. У зот айтадики:

"Халқимизни қийнаб турган йигирма, қирқ, йил оши ва бошқаларга қарши кураш. Бу йўлда  сенга баъзи домлалар қарши чиқиб улар сени "ваҳҳобий" дейишади. Маломатчининг маломатидан қўрқма!".

Ҳукуматимиз ёнимизда елкадош бўлиб турганда омонатни унутмайлик. Бу дин омонат. Бидъатчилар ёнида эмас, мужаддидлар ёнида турайлик қиёматда. Динимизни турли ёт фикрлар, бидъат-хурофотлардан тозалайлик.

Бу йўлда Аллоҳдан ихлос ва матонат тилайман барчамизга!

Абдулқодир Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қалб кўзингиз очиқми?

290 11:00 13.10.2019

Эйнштейн: «Борлиққа ибрат кўзи ила боқсанг...»

566 12:36 12.10.2019

Камбағал бўлишдан ким қўрқади?

680 19:00 10.10.2019

Аллоҳ ва Расулининг шаънига бўҳтон тўқиш

548 23:05 05.10.2019

«Улар текин ва осондир!»

657 18:00 02.10.2019
« Орқага