Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Сиз Қуръон тафсир қилар эдингиз, мен эса зино қилишни ўйлаб ўтирар эдим...

7253

(давоми ва боши мана бу ерда)

Шайх Нобулсийдан қиссалар ва ҳиссалар:  (эллигинчи қисм).

Навбатдаги дарсим тугагач бир киши ортимдан эргашиб менга бир воқеа айтиб бермоқчи эканини айтди. Уйга кирдик.

У сўз бошлади: Мен бир неча йилдан бери дарсларингизга қатнашаман. Францияда ўқиб, компютер соҳаси бўйича олий диплом олганман. Авваллари диндан жуда  узоқ бўлиб намоз ўқимас, рўза ҳам тутмас эдим. Тўғриси одам ўлдиришдан бошқа барча гуноҳларни қилиб кўрганман. Айшу ишратга тўла ҳаётда яшар эдим.

Ўқишни тугаллаб юртга қайтдим. Жуда яхши лавозимли ишга жойлашдим. Уйимни французчасига "бар"га айлантирдим. Ҳатто ҳайит кунлари ҳам аёлим иккимиз турли меҳмонхоналарга ўйин-кулгу қилишга борар эдик.

Бир кун жуда ҳам ёмон касалга йўлиққанимни билиб қолдим. Оз муддатда озиб кетиб, ҳатто ҳаракат қилишга ҳам қийналиб қолдим. 

Юртдаги ўттиздан ортиқ докторларга касалимни кўрсатдим, улар касалликка  ташхис қўя олишмади. Шундан сўнг Францияга йўл олдим. У ерда тўлиқ текшириб сўнгра жуда ҳам нодир касалликка учраганим, бу касаллик ўн уч миллионта одамдан биридагина  бўлишини айтишди.

Даволовчи доктор:

– Бу ерга келганинг, даволанганинг, сўнгра қайтиб кетишинг Франция ҳисобидан бўлади, дея менга пул картасини топширди.

Олти ой турли муолажалар олганимдан сўнг доктор менга:

– Хафа бўлманг, аммо касалингизнинг давоси йўқ, деди. 

Шом (Сурия)га қайтдим. Менинг бир дўстим жума мавъизалари ва дарсларга мунтазам қатнар эди.  Аввал ҳам бир бор сизнинг дарсингизда бўлганман, у вақтда мавъиза қулоқ солиш қаёқда-ю, мен қаёқда бўлганман, эҳҳее... Сиз Қуръон тафсир қилар эдингиз, менинг хаёлим эса зино қилиш билан банд бўлар эди.

Дўстим мени дарсингизга олиб келди. Ҳолим йўқлигидан зўрға суяниб келиб, курсига ўтириб тинглай бошладим. Дарсда Аллоҳдан ихлос ила астойдил дуо қилиб сўраш ҳақида айтилди. Мен ҳам қўл очиб биринчи бор:

– Эй Аллоҳ, агар менга шифо берсанг намоз ўқийман, деб дуо қилдим. Бу менинг биринчи бор Аллоҳга илтижоим эди. Иккинчи бор дарсингизга келганимда сиз Аллоҳдан дуо қилиб сўраётганда бирон-бир шарт қўйиш мумкин эмаслигини айтдингиз. Уйга қайтгач ҳаётимдаги биринчи намозни ўқиб, сажда қилдим. 

Аллоҳга қасамки, биринчи намозимдан бир неча соат ўтгач ўзимни енгил сеза бошладим. Сўнгра кун сайин тузала бошладим. Аллоҳ таоло менга комил шифо ато этди, тузалиб кетдим. Ибодатларни тарк этмайдиган, шариат ҳукмларига зид ишлардан сақланадиган бўлдим.

Роббингиз ҳаққи айтинг-чи бу касаллик ушбу одамга фойдали бўлдими ёки зарарли? Албатта фойдали, мутлақ фойдали!

Агар шу касалликка йўлиқмаса на тавба қилар, на Аллоҳни таниган бўлар эди. 

Бу маънодаги воқеалар кўплаб топилади, уларнинг барчасидан биргина хулоса олиш лозим: 

Ер юзидаги бирон бир мусибат йўқки, унда мукаммал бўлган ҳикмат бўлмаса. Аммо буни ҳамма ҳам тушуниб етавермайди. Лекин бу ерда бир оммавий асос бор: ҳар бир нарса фақатгина Аллоҳ иродаси ила юзага келади. Аллоҳ ирода қилган барча нарса эса воқеъ бўлади. У Зотнинг иродаси эса мутлақ комил ҳикматга тўла бўлади. У Зотнинг мутлақ ҳикмати эса комил хайриятга тааллуқли бўлади.

Бир кун ёши тўқсонга кирган муҳтарам зот зиёратга келди. У зотни зиёфат қилдим. Биринчи таом келтирилганида қалбимни титратган дуо қилди: Бизларга бу таомни берган Зот покдир. У Зот ўз фазли ила ҳеч кимни унутмас!

Аллоҳ ҳаққи бундай дуони эшитиб йиғлаб юбордим. 

У Зот ўз фазли ила ҳеч бир кимсани унутмас. Сен бир бандасанки, Унинг сенда ҳаққи бор. Лекин сен ҳожатларинг ечимини ғурурга кетиб такаббурлик ила  қидирасан.  Ризқ талаб қилганингда шошилма, ризқ етмаяпти, дея шошилиб кетма. Ким бир нарсани ўз вақтидан илгари талаб қилса, у нарсадан ажралиб қолади. Шундай экан хотиржам бўл, Аллоҳ Ўз фазли ҳеч бир кимсани унутмас. Ишла, уй қур, уйлан, фарзандлар кўрасан.

Ҳар доим Аллоҳ ила бўл!

"Эй бандам, сен Мен хоҳлаганимдек бўл, Мен ҳам сен истаганингдек муомала қиламан. Мен ҳам сен  ҳам хоҳлаймиз. Агар Мен хоҳлаганимга бўйинсунсанг, сенинг истаганингни раво этаман".

Бу дарсни  каттами ёки кичикми, ёшми қарими, отами фарзандми,  ёки бўлмасам Аллоҳга даъват этувчими ҳар бирингиз унутмаслигингизни истайман. 

Собит ҳақиқат шуки: Дунё аҳли бўлганлар, ўзимизнинг Аллоҳдан қўрққанимиз миқдорида биздан ҳам қўрқишади. Аллоҳдан бўлган  ҳайбатимиз қадарича биздан халқ ҳам ҳайбатланади. 

Ким Аллоҳдангина қўрқса, барча нарса ундан қўрқар.

Шайх Муҳаммад Ротиб Нобулсий

Таржимон: Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Шу одам уч юз миллион берганмиди?..»

1123 18:15 29.09.2020

Тиланчидан нон сўраган бола... ўлди!

1371 19:20 28.09.2020

Шайх Нобулсийдан:  Фарзандим ўлса байрам қилардим...

1356 16:15 26.09.2020

Шайх Нобулсийдан:   Пешоб қила олишинг неъмат!...

928 15:15 24.09.2020

Шайх Нобулсийдан: Сени ухлатмаётган гуноҳларингдир... (ўттиз еттинчи қисм)

1171 12:21 19.09.2020
« Орқага