Сизда Аллоҳнинг кенг ерларида сафар қилиш имконияти бор

09:00 11.09.2019 547

Сафар қалбдан ғамни аритади деган гап бор.

Имом Ҳофиз Ромаҳурмузий “Илм талабида сафар қилишнинг фойдалари ва сафарни инкор қилувчиларга жавоблар” номли китобида бундай дейди: “Одам сафарида қанчалар роҳатланади. Ўзининг юртидан чиққан вақтида ҳаяжонланади. Ҳар бир манзил ва маконларга ўтаётган вақтида қалбида ҳамда аъзоларида лаззат ҳис қилади. Қатор тизилган қишлоқлар, боғ-роғлар, гўзал шаҳарлар уларнинг такрорланмас табиатини кўриб юрагини ҳурсандлик эгаллайди. Шаҳарларни кезаркан, илгарилари ҳеч қачон кўрмаган ажойиботларни кўради. Турли хил маданият ва тил эгалари билан танишади. Дала ва дарахтзорларнинг соясида ором олиб, масжидларда таомланиб, булоқлардан сув ичиб, қаер насиб этса, ўша жойда тунаб, Аллоҳ йўлида сохталик ва ҳушомадгўйликдан йироқ бўлган ҳақиқий дўстлар орттиради. Мақсадлари йўлида янгидан-янги зафар ва ютуқларга эришади. Қийинчилик ва машаққатга учраганларни учратса, дарҳол уларга ёрдамга шошилиб, машаққатларини кетказади. Дунёнинг лаззатларидан инсонларга улашиб, бахт уларнинг хурсандчилигини кўришда эканини тушуниб етади. Бу манзарадан қалби ором олади. Хуллас, мусофир одам гўё ўз аҳли ҳузурида баҳор фаслида гўзал гулларни териб, уларнинг хушбўй ифорларидан баҳра олгандек ёки олтину жавоҳирлар хазинасига эга бўлгандек лаззат ва фойдалар олади. Сафарни қораловчи ва унинг манфаатларига шубҳа билан қаровчилар эса шундай кўп неъматлардан насибасиз қоладилар”.

Шеър:

Чодиринг буз, қайси ерда хорланиш бор – бўл йироқ,

Оқил одам, билки, ҳаргиз келса гар хорлик, қочар.

Аллоҳ таоло бирон қавмни яхши кўрса, уларни мусибатлар билан имтиҳон қилади. Бу синовга рози бўлганлардан У ҳам рози бўлади, ғазаб қилганларга ғазаб қилади.

Инсонлар ичида энг кўп оғир мусибат ва синовларга учраганлари пайғамбарлар ҳамда уларнинг даражаларига яқин бўлган зотлардир. Аллоҳ таоло ҳар кимни ўз динидаги даражасига қараб имтиҳон қилади. Агар динида мустаҳкам бўлса, синов ҳам оғирроқ, динида суст бўлса, енгилроқ бўлади. Мусибат ва синовлар ҳеч кимни ўз назаридан четда қолдирмайди. Ҳар бир инсон турли офатлар билан синалади.

Мўминнинг ҳолати ажойиб – ҳар қандай ҳолатда ҳам унга фақат яхшилик бўлаверади: агар унга Раббисидан яхшилик келса, шукр қилади ва ўзига яхши бўлади. Агар бирон мусибат ёки бало билан синалса, унга сабр қилади ва бу иши билан ҳам мукофотга эришади.

Билинг! Агар ер юзидаги бутун инсонлар сизга яхшилик қилиш учун тўплансалар, Аллоҳ ёзганидан ортиқ манфаат етказа олишмайди. Агар бутун инсоният сизга зарар етказиш учун тўплансалар, фақатгина Аллоҳ тақдирингизда битганини қила олишади, холос.

Солиҳ инсонлар ҳамма даврларда ҳам бало ва офатлар билан синалганлар. Мўмин киши шамол ҳар томонга эгиб турадиган экинзордаги майса кабидир. Яъни, унга бало офатлар келса ҳам, чексиз неъмат берилса ҳам, шукр ва сабрда бардавом бўлади.

“Ўкинма” китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!