Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Сизга таъзим, азиз устозлар!

815

Инсоннинг ҳаётида энг эсда қоларли дамлари мактаб даврлари бўлса керак. Бу дамларни кўпчилик энтикиб эсга олади. Azon.uz портали мухбирлари бу борада «мактабдаги ҳаёт» мавзусида кичик сўровнома ўтказди. 

Сўровномада ёши катта отахонлар, ўқитувчилар ва мактабда бошланғич синфларда ўқиётган ўқувчилар қатнашди. Сўровномада қатнашган отахонларнинг деярли барчаси мактаб даврларини шундай ёдга олишди: «У даврда биз ҳар доим шундай ёш, навқирон бўлиб юрамиз деб ўйлар эдик. Бир кунимиз ўтса бўлди эди, эртанги кунни ўйлаш хаёлимизга ҳам келмасди. Мактабдаги биринчи ўқитувчимиз бўлса бизни кўп тергар, ҳаётга теран назар билан боқишимизни хоҳларди. Бизда бўлса ҳаётни ҳам, муаммоларни ҳам ўйлашга вақт йўқ эди, ўйин билан овора бўлиб юрардик. Устозимиз бутун борлиғи билан бизга дарс ўтар, биз бўлсак “қачон танаффус бўлар экан” деб кутардик. Вақтлар ўтди, биз ҳам улғайдик. Баъзиларимиз ўқитувчи бўлиб мактабда дарс бера бошлаганимиздагина ўқитувчимиз масъулиятини тушундик». 

Бизнинг сўровномамизда қатнашган нуроний отахонлардан бири Эшбўри бобо мактаб даврларини кўзда ёш билан эсга олди: «Мен у вақтда ота-онамдан ёш етим қолган эдим. Гоҳ холамнинг уйида, гоҳо тоғаларимникида яшаб юрардим. Мактабга бир амаллаб борардим-у, аммо дарс қилиш мен учун жуда муаммо эди. Бировни қўлида қарам бўлиб яшаш, у нима деса шуни қилиш керак бўлгандан кейин дарс тайёрлашга вақт топилармиди. Фақат мактабнинг ўзида ёзишни машқ қилардим, уйда имкон йўқ эди. Ҳар куни иккита сув идишни эшакка ортиб қўшни қишлоққа сувга бориб келардим, мана шу йўл давомида китоб ўқишга вақт бўларди, холос. Аммо шундай бўлса-да, устозларим туфайли  мен саводли бўлдим. Улар уйдаги ҳаётимни жуда яхши билиб, менга синфнинг ўзида кўпроқ вазифа беришарди. Шу устозларим берган таълим натижасида ўзим ҳам ўқитувчи бўлдим ва барча фарзандларимни ўқитдим. Уларни ичида ҳам муаллимлар бор. Ёшлигим қандай қийинчиликларда ўтган бўлса ҳам, мактабда ўқиган чоғларим эслашга арзигулик ажойиб дамлар эди».

Сўровномамизнинг кейинги иштирокчилари мактаб ўқувчилари ҳам ўз фикрларини билдиришди: “Ҳар куни эрталаб уйқудан эрта уйғониб мактабга келиш қийин. Лекин шундай устозларимиз борки, уларнинг дарси биринчи соатда бўлса эрта тонгдан мактаб томон шошаман. Мактаб зўр, зерикмайсан ҳамма ўртоқларинг ёнингда бўлади. Ҳатто уйда дадам ҳам менга ҳавас қилиб «сенга маза-да дўстларинг доимо ёнингда, ҳеч нарсани ўйламай маза қилиб ўйнайсизлар» деди. Тўғри гоҳида дарс тайёрламай келсак устозимиз уришади, лекин танаффусда буларни ҳаммаси эсдан чиқиб кетади. Қанийди менга ёқмайдиган фанлар ўрнига доим жисмоний тарбия дарси бўлса зўр бўларди”, - деди сўровномада қатнашган ўқувчилардан бири.

Биз мактаб ҳаёти ҳақида ҳозирда Сергели тумани 322-мактабда физика фани ўқитувчиси бўлиб ишлаётган, кечагина “Халқ таълими аълочиси” унвони билан тақдирланган Мавжудахон Нуриллаевани суҳбатга тортдик: 

«Ўқитувчи халқи фақат болаларга таълим беришни ўйларкан-у кўп ҳолларда ўзини эсдан чиқариб қўяркан. Мактабда ўқиб юрган даврларимизда устозларимизнинг кийинишидан тортиб ҳаёт тарзи ҳам жуда оддий эди. Улар ҳозир бизга берилгандек унвонларни олишни хаёлларига ҳам келтиришмаган. Чунки у даврларда мактаб ўқитувчиларига бўлган эътибор  ҳозиргидек юксак бўлмаган», - дейди Мавжудахон Нуриллаева. 

Бизнинг сўровномада қатнашганларнинг барчаси мактабда ўқиган онларини энг гўзал дамлар эканлигини бот-бот такрорлашди. 

Сиз ҳам мактаб дамларини гўзал хотиралар билан эслайсизми? Унда устозингиз ҳолидан хабар олинг ёки ҳаққига дуо қилиб қўйинг.

Нурбек Ғофуров

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Устозлар байрами илк бор Самарқандда

428 10:25 29.09.2022

"Бу — менинг йўлим! Мен мусулмонман!" — Мубашшир Аҳмад

913 12:15 17.09.2022

Олим етиштириш осонмас…

478 13:35 18.08.2022

Юртимиздаги ўқитувчилар сони маълум қилинди

1357 10:13 01.10.2021

Жума мавъизаси: Исломда устоз ва уламоларга эҳтиром

2487 07:16 01.10.2021

Устозлар ҳақи

1576 19:10 30.09.2021
« Орқага