Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Сизни қандай алдашяпти?

2520

- Биз Абу Ҳанифага эмас, саҳобаларга эргашамиз. Саҳобалар фалон ишни қилганлар.

- Фалон нарса айнан нима эканлигини сен қаердан биласан?

- Менга Фалоний айтди.

- У ким, салафларданми?

- Йўқ.

- Абу Ҳанифа-чи?

- Салафлардан.

Амаллар ўз йўлига. Даъвони тўғри қилинг. Биз саҳобаларга салафларнинг фаҳми билан эргашамиз.

*****

Мўътазилалар Қиёматда амалларнинг тарозида тортилишини инкор қилганлар. 

Бунга жавобан эса, аҳли суннанинг Мотуридия мактабининг йирик уламоларидан Аллома Тафтазоний шундай жавоб қиладилар: "Ҳадисда амалларнинг китоби ҳақида сўз юритилган. Бас, шундай экан, ишкол қолмади".

"Мотуридийлар ақлни муқаддам қилади, ақлни нақлдан устун қўяди, нақлни инкор қилади, Қуръон ва Суннатни тан олмайди" каби бўҳтонларнинг миси мана шундай чиқиб қолаверади. 

Мотуридий мактабида нақлга шунчалар қаттиқ боғланилганки, "Нақлда келган бўлса, бас, ишкол қолмади, ортиқча сўзга ўрин йўқ" дейилади.

*****

Ашъарий ва мотуридийлар фақатгина Аллоҳнинг етти-саккизта сифатини исбот қилиб, бошқаларни инкор қиладими?

Иқтибос:

“Ашъарий ва мотуридийлар ўзлари исбот қилган еттита ёки саккизта сифатлардан ташқари барча сифатларни ҳақиқий маънода инкор қилишди(1)... Мисол учун Аллоҳ таолонинг ўзига хос қўл сифати бор деб иймон келтиришдан ташбеҳ келиб чиқади, дейишди(2)... Аллоҳ таолонинг дунё осмонига тушиши ҳақида келган ривоятлар ҳақида аҳли илмлар эса: ”Бу ҳақда ривоятлар собит бўлган, бунга иймон келтирамиз. Ҳар хил хаёлларга бормаймиз ва “қандай” деган савол берилмайди. Бу эътиқод Молик ибн Анас, Суфён ва Абдуллоҳ ибн Муборакнинг эътиқодлари. Улар мана шу ҳадислар борасида: “Улар қандай келган бўлса шундай ўтказинглар(3). Бу аҳли сунна вал жамоанинг сўзи”, деяпти” – Юсуф Даврон (иқтибос тугади).

“Аллоҳ сифатларга эгадир. Сифатлари азалийдир, унинг зотига оиддир, аммо бу сифатлар Унинг Ўзи эмас, ва Ундан бошқа ҳам эмас.” Нажмиддин Умар Насафий, “Ақоид ан-Насафия”.

Ашъария ва мотуридия ақида китобларидаги баъзи жумлалар бир қарашда мана шундай ғализ, айримларга “бидъат” ва салафлар йўлига зид, тушунарсиз кўриниши мумкин. Аммо бу ҳақда кейинроқ.

*****

Вақт ўтиши билан Ислом давлати ҳудудлари кенгайиб, турли халқлар, ҳар хил дин, фалсафа ва мафкурага эга одамлар ҳам Исломни қабул қилишди ёки мусулмонлар билан аралашиб яшай бошладилар. 

Илмий доираларда софистлар, даҳрийлар, натуралистлар, материалистлар, каломчилар ўзаро баҳслашдилар. Энди салафлар тутган йўл, яъни ақийда масалаларида савол бериш бидъатдир, деб фатво чиқариш иш бермайдиган бўлди. Шунда ашъарий ва мотуридийлардан иборат аҳли суннанинг халаф уламолари ҳал қилувчи ечимни топдилар. Улар ақл билан нақлнинг ҳақлигини исботлаб бердилар.

*****

Натурфилософлар (эволюционистлар) фақатгина сезги аъзолари билан билса бўладиган нарсаларнинг ҳақиқатини тан оладилар. Шунинг учун улар, борлиқнинг яратувчиси йўқ, табиатнинг ўзи яратувчидир, дейдилар.

Нақлни қабул қилмайдиган ушбу тоифага ашъарий ва мотуридийлардан иборат аҳли сунна вал жамоа уламолари қуйидаги шаклда ақлий жавобни берадилар.

Ушбу борлиқни пайдо қилиш учун табиат қуйидаги сифатларга эга бўлиши керак:

1) қудрат: агарда табиат қудратга эга бўлмаса, у улкан қувватга эга махлуқотларни яратолмасди;

2) илм: чунки билимсиз нарса, билимли нарсани яратолмайди;

3) ҳаёт: чунки ўзи ўлик нарса, тирик нарсанинг яратувчиси бўлиши мумкин эмас; шунингдек, у яратилувчиларда топилган бошқа сифатларга ҳам эга бўлиши керак. Агарда эволюционистлар юқоридаги фикрларни тан олиб, табиат мана шу сифатларнинг барчасига эгадир, дейишса, уларга: “Мана шу нарсани биз Аллоҳ деб номлаймиз”, деймиз. (Унинг маҳлуқотлардан ажраган эканлиги кейинги масала).

Шундай қилиб, аҳли суннанинг халаф уламолари нақлни инкор қиладиган тоифаларга ҳам Аллоҳнинг мавжудлигини ақл билан исботлаб берган.

Яратувчида бўлиши шарт бўлган сифатларга, яна юқоридаги учта сифатлардан ташқари, ашъарий ва мотуридийлар яна “ирода”, “эшитиш”, “кўриш” ва “калом” сифатларини ҳам қўшади ҳамда оламнинг Яратувчисининг зотида қоим бўлган сифатлар эканлигини билдиради.

Мисол учун, фалсафадаги: “Олам ўз-ўзидан пайдо бўлганми, нимага аввал эмас, кейин эмас, айнан ўша пайтда пайдо бўлган? Бу ниманидир иродасига боғлиқми ёки тасодифми?” деган саволига нисбатан, ашъарий ва мотуридийлар оламнинг яратувчиси бўлиши шартлиги (вожиб ул вужуд) билан бирга у иродали бўлиши кераклигини ҳам мантиқан исботлаб берадилар.

Шундан келиб чиқиб, “қудрат”, “ирода”, “илм”, “ҳаёт”, “эшитиш”, “кўриш”, “калом” каби сифатларни маънолар сифати дейилади. Бу, ундан бошқа сифатларнинг маъноси йўқ дегани эмас, балки Аллоҳ таоло ушбу сифатларнинг маъноси ила сифатлангандир. Бу сифатлар Аллоҳ таолонинг ўзи эмас. Аллоҳга илм ёки қудрат дейилмайди. Балки илм сифати у билан сифатланган шахснинг олим бўлишини тақозо қилади. Бундан Аллоҳнинг маънавий сифатлари келиб чиқади. Аллоҳ – Қодир, қудратлидир; Алийм – илмлидир; Ҳайй – тирикдир; Эшитувчи; Кўрувчи ва Гапирувчидир.

Ушбу сифатлар, умумлаштирувчи сифатлар бўлиб, бошқа баъзи сифатларни ҳам ўзига қамраб олади.

Мантиққа кўра, борлиқнинг Яратувчисида мана шу нарсалар бўлиши шартдир. Шунинг учун нақлни инкор қилувчи тоифаларга тавҳидни тушунтириш мақсадида аҳли сунна вал жамоанинг халаф уламолари бу сифатларни алоҳида гуруҳга жамлаб, маънолар сифати деб номлаганлар.

Аллоҳ таолонинг юқоридаги маънавий сифатларини инкор қилган киши, Уни ўша сифатларнинг акси билан сифатлаган бўлиб қолади. Мисол учун, Аллоҳнинг қудрат сифати йўқ деган, У Қодир эмас, деган бўлиб қолади. Аллоҳнинг ҳаёт сифати йўқ деган, У Ҳайй – тирик эмас, яъни ўлик деган бўлиб қолади ва ҳ.к. 

Шу ўринда мўътазила ва бошқа тоифалар янада чуқурлашишди. Улар “Илм нима?”, “Калом нима?” каби саволларга жавоб бермоқчи бўлишди. Аллоҳ – Роҳмандир, Аллоҳ – Қодирдир деб айтса, Аллоҳни гўзал сифатлари билан муножот қилса бўлади. Демак, Аллоҳни сифатлари билан чақирса бўлар экан, “илм” ҳам Аллоҳнинг сифати, шундан келиб чиқиб, “Аллоҳ – Илмдир”, деган хулоса чиқарса бўладими? Ёки “калом” Аллоҳнинг маъно сифатидир... Мана шу ерга келганда ғулув бошланди.

 

Биринчи тоифа шундай хулоса қилди: Аллоҳ илмдир ёки каломдир деб бўлмайди. Илм ёки калом Аллоҳнинг зотига оид эмас. Демак, “илм”, “қудрат” ва “калом” каби сифатлар Аллоҳнинг Ўзи эмас. Аллоҳнинг Ўзи бўлмаган нарса оламдир, яратилган ва пайдо бўлгандир. Демак, у маҳлуқдир. Демак, калом маҳлуқдир. Бундан, Қуръон маҳлуқдир, деган фикр келиб чиқди.

Бундан ташқари, Аллоҳнинг зотига оид бўлмаган нарсалар, қадийм  (азалий) бўлолмас, чунки бирдан ортиқ нарсанинг қадийм бўлиши ваҳдоният мантиғига зиддир дедилар. Шунга кўра, Аллоҳ доимо Қодирдир, лекин қудратсиз, Аллоҳ доимо Алиймдир, аммо илмсиз дедилар.

Иккинчи тоифа: Йўқ, илм ёки калом маҳлуқ эмас, балки Аллоҳнинг сифатидир. Чунки Аллоҳ таоло ўзини Алийм – илмли деб айтган. Аммо, илм ёки калом пайдо бўлгандир, ҳодисдир. Қачонки, Аллоҳ таоло биринчи каломини гапирганда калом пайдо бўлган дейишди. Бундан, Аллоҳнинг сифатлари ўзгарувчандир, деган хулосани қилишди.

Учинчи тоифа: Аллоҳ таоло маълум сифатларга эга бўлиши учун у сифатларнинг объектлари бўлиши керак. Мисол учун, эшитувчи йўқ бўлса, гапирилмайди, овоз йўқ бўлса, эшитилмайди. Ризқ олувчи йўқ бўлса, Раззоқ бўлмайди, билинувчи йўқ бўлса, илм бўлмайди каби.

Яна бир тоифа эса, Аллоҳ таоло ўзгарувчан эмас, демак ўзгарувчан ва пайдо бўлган сифатлар Аллоҳнинг сифатлари эмас, деб Аллоҳнинг сифатларини буткул инкор қилдилар.

Шу ва шунга ўхшаш масалаларда ғулувга кетган тоифалар пайдо бўлгач, аҳли сунна вал жамоанинг халаф уламолари қуйидаги жавобни бердилар:

“Аллоҳ сифатларга эгадир. Сифатлари азалийдир, унинг зотига оиддир, аммо бу сифатлар Унинг Ўзи эмас, ва Ундан бошқа ҳам эмас. Бу сифатлар илм, қудрат, ҳаёт, куч, эшитиш, кўриш, хоҳиш, ирода, феъл, яратиш, ризқ бериш ва гапиришдир.” Нажмиддин Умар Насафий, “Ақоид ан-Насафия”.

Салафлардан бўлган Абу Ҳанифанинг Фиқҳул акбаридаги қуйидаги матн ҳам юқоридаги тоифаларга раддиядир:

“Аллоҳ таоло Мусога гапирганда Ўзига азалдан сифат бўлган каломи ила гапирган. У зотнинг барча сифатлари махлуқларнинг сифатларига мухолифдир. У бизнинг илмимизга ўхшамаган илм ила билади, бизнинг қудратимизга ўхшамаган қудрат ила қодир бўлади, бизнинг кўришимизга ўхшамаган кўриш ила кўради, бизнинг эшитишимизга ўхшамаган эшитиш ила эшитади, бизнинг каломимизга ўхшамаган калом ила гапиради”

Умид қиламанки, энди ақида китобларидаги сизга ғализ, тушунарсиз ва бидъатга ўхшаб кўринган матнларни ўқир экансиз, ундаги ҳар бир жумла нима сабабдан ёзилгани ва кимга қарши раддия сифатида келтирилганини англайсиз. Мисол учун, “Аллоҳ таоло Ўзига азалдан сифат бўлган каломи ила гапирган.” Нима сабабдан Ўзига СИФАТ бўлган калом? Нима сабабдан Ўзига АЗАЛДАН сифат бўлган калом? Нима сабабдан каломи ИЛА гапирган?

Бу айрим тоифаларнинг: “Ашъарий ва мотуридийлар ўзлари исбот қилган еттита ёки саккизта сифатлардан ташқари барча сифатларни ҳақиқий маънода инкор қилишди” деган айбларига раддия эди.

Ашъарий ва мотуридийлар Аллоҳнинг юқоридаги етти-саккизта сифатлари нима сабабдан “маъно сифатлари” деганини, нима сабабдан уларни бошқалардан ажратиб, алоҳида гуруҳ қилганини, бу билан бошқа сифатларни инкор қилмаганини англадик.

Бундан юқоридаги айбни қўяётганларнинг ўзлари жоҳил ва билимсиз эканлиги ва шу орқали аҳли сунна вал жамоа орасида фитна чиқараётганини англаш мумкин.

Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ.

Саййид Комил Холхўжа

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ёлғон (фейк) ва нохолис ахборот тарқатганлик учун қандай жазо бор?

82 16:00 16.01.2021

Францияда масжидлар ёпиляпти

704 15:00 16.01.2021

Қайроққум сув омбори ўпирилгани ҳақида хабар тарқатганлар қўлга олинди

341 14:00 16.01.2021

Тортинманглар, Қуръон cайлига марҳабо!

353 13:19 16.01.2021

Трамп Марокашнинг олий мукофоти билан тақдирланди

306 13:00 16.01.2021

Фаластинда ниҳоят сайлов ўтказилади

312 12:00 16.01.2021
« Орқага