Иймон

«Сизу бизда омонатлар кўп...»

375

Демак, ақл инсондаги омонатдир. Унга кўра амал қилса, уни илм ва маърифат билан низомга солса, омонатнинг ҳаққини адо этган бўлади.

Жисм сиздаги омонатдир. Уни озуқаласангиз, соғлом тутсангиз, унга раҳм қилсангиз, амаллар билан, агар у ибодат бўлса ҳам, толиқтирмасангиз, уни яхши ишлатган ва омонатни муҳофаза қилган бўласиз.

Хотинингиз, болаларингиз, ота-онангиз ва барча қариндошларингиз омонатдир. Уларни муҳофаза қилиш, ҳақларига риоя этиш, уларга яхшилик жалб қилиб, ёмонликдан узоқ тутсангиз, омонатга гўзал риоя қилган бўласиз: "Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлингизни (дўзах) оловидан сақланг!" ("Таҳрим" сураси, 6-оят).

Жамиятнинг устингиздаги ҳаққи хотиржамлик, тинчлик ва эзгуликни ёйишингиздир. Агар бундай қилмасангиз, одамларга ёмонлик раво кўрган, омонатларига хиёнат қилган бўласиз.

Халқ ҳокимлар ва масъуллар қўлида омонатдир. Агар улар вазифалари бўлмиш: насиҳат, риоят, уларнинг ҳурмати ва эркинлигини ҳимоя қилишса, омонатга вафо қилган бўлишади. "Имом (бошлиқ) йўлбошчи ва раийятидан масъулдир" (Бухорий ва Муслим). Агар улар масъулиятни адо этишмаса, одамларнинг энг ёлғончиси ва энг хиёнаткори бўлишади. "Ким раийятини алдаб кеч киргизса, жаннатнинг хидини хидламайди" (Табароний).

Дин шариат кишилари зиммасидаги омонатдир. Агар уни одамларга тушунтириб беришса ҳамда бузиш ва бошқалар қўлида ўйин бўлишдан ҳимоя қилишса, ундаги ҳақиқат ва яхшиликни баён қилиб беришса, шариат ва унинг одобларига қарши душманликни тўсишса, бунда инсон ҳаётидаги энг муқаддас нарсага вафо қилишган бўлишади. Агар бундай қилишмаса, хиёнатнинг энг хунуги ва энг хатарлисини қилишган бўлишади. "Аллоҳ китоб берилганлардан, албатта, уни одамларга баён қиласиз ва беркитмайсиз, деб аҳд олганини эсла. Бас, уни ортларига қаратиб отдилар ва арзон нархга сотдилар. Сотиб олган нарсалари қандай ҳам ёмон!" ("Оли-Имрон" сураси, 187-оят).

Доктор Мустафо Сибоъийнинг "Ижтимоий ахлоқимиз" китобидан, 77-78- бетлар.

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага