Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Собиқ имом диний мазмундаги чиқишлари учун жаримага тортилди

4994

Ижтимоий тармоқларда турли маърифий мавзулардаги чиқишлари билан танилган блогер, собиқ имом Шавкат Ҳасан фейсбук саҳифасида ўзига нисбатан қўйилган айблов ҳақида гапириб берган. 

“11 май куни мени  Шайхонтоҳур туман ИИБ биносига чақиришганди. Кечқурун соат 8 ларда бир неча ходим кутиб олиб нима учун чақирганларини айтишди. Мақсад ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда оилавий мавзуларда видеороликлар қўйиб борамиз. Мен диний соҳада ўқиганман. Қўйилган видеороликларимизнинг ичида оят ва ҳадислар бўлгани учун диний мазмундаги материал деб топилган. Асосан телеграм каналимиздаги 6 та видеони танлаб диний қўмитага юборишган. Қўмита юборилган материаллар ичида экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари йўқлиги, миллатлараро ва динлараро низолар сабаб бўладиган гап-сўз мавжуд эмас, деб хулоса берган. Бироқ қўмитадагилар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелда чиқарган қарори бўйича ҳар қандай диний мазмундаги материал диний қўмита экспертиза хулосасидан сўнг ижтимоий тармоққа чиқарилиши мумкинлигини билдиришган. 

Шу 6 та видео асосида 9 йил диний таълим олган, бир неча йил имом бўлиб ишлаган Шавкат Ҳасан айбдор деб топилиб, 23 май куни бўлиб ўтган онлайн судда унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддасида назарда тутилган – диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва тарқатиш айблови қўйилган. У ушбу ҳаракати учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари (6,6 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилган.

“2014 йилдан бошлаб мингдан ортиқ уришиб, жанжаллашган, ажрашиш арафасида турган мингга яқин оилаларни Аллоҳнинг изни билан яраштиришга сабабчи бўлганмиз. Мендан бошқа кўплаб имом домлалар ҳам айнан шу модда (МЖтК 184-2 моддаси) бўйича жаримага тортилганини айтишди», — дейди Шавкат Ҳасан ўз видеомурожаатида.

Шавкат Ҳасан 2005-2006 йилларда Кўкалдош мадрасасида тайёрлов курсида, 2006-2010 йилларда грант асосида Кўкалдош мадрасасида ўқиган. 2010-2014 йилларда эса Тошкент Ислом институтини (Олий маъҳад) тамомлаб, 2014-2018 йилларда Бўстонлиқ туманидаги «Олимжон ота» масжидида имом-хатиблик қилган.

Бир қанча вақт Мусулмонлар идораси тизимидаги «Вақф» хайрия жамоат фондида ишлаган. 2021 йилдан ҳозирга қадар эса Чирчиқ шаҳридаги марказий масжидда имом-хатибнинг медиа ишлари бўйича ёрдамчиси бўлиб хизмат қилади.

Ушбу воқеа бўйича интервью олиш учун боғланган мухбиримизга Шавкат Ҳасан жумладан бундай деди:

“Менинг назаримда бу борада қандайдир мезон ишлаб чиқилиши керак. Ҳамма соҳада бўлгани каби диний масалаларда ҳам шу соҳа мутахассислари, диний таълим олган кишилар сўз юритишга ҳақли. Бундай кишиларни эса, зиммасидаги масъулият ҳисобланган тўғри йўлни кўрсатгани ва яхшиликка чақиргани учун бу даражада жазолаш – ҳақсизлик бўлади.. Ўзи аслида сўз эркинлигини бўғиш, бундай сунъий тўсиқларни қўйишнинг ўзи хато. Биз оилада ажрашишлар сонини камайтириш, аёлларнинг ҳуқуқлари ҳақида гапирардик. Диний соҳада шунча йил таълим олдик, тажриба оширдик... Ҳеч бўлмаганда огоҳлантириш билан чекланилса ҳам бўларди. 

Бу ерда мантиқ йўқлиги ҳам одамни хафа қилади. Қўмитанинг экспертиза хулосасини олиш учун 10-15 кунлаб кутилади, бу соҳадаги ҳаммага маълум.  Хайрли ишлар, ўз соҳамизда гапириш учун шунча вақт кутиш – абсурд ҳолат. Агар хато қилганимизда ҳам, жавобгарликка тортилсак, тушунса бўларди. Энди фақат экспертлик хулосасини олмаганлик учунгина огоҳлантиришсиз шунча миқдорда жаримага тортиш...билмадим... Биз хоҳлаймизми, йўқми, жамиятимизнинг аксар қисми ўзини мусулмон ҳисоблайди, оила қурганда никоҳ ўқитади, фарзанд кўрса, қулоғига азон айттиради, ўлигига жаноза ўқитади. Оиласида талоқ тушиб қолгудек бўлса, дарров домланинг олдига югуриб боради-да. Айнан шу мавзуда, хатони тўғирлагандан кўра олдини олган афзал деган маънода биз ҳакарат қилиб тургандик. Бўлаётган бу ишлар эса, боя айтганимиздек, сунъий равишда тўсиқ қўйишдир.

Масаланинг бошқа томони, эксперт – мутахассис дегани. Диний соҳани мутахассиси демак шу соҳанинг эксперти демак. Шу маънода, биз ҳам эксперт бўлмасак, киммиз?” деган савол билан якунлайди ўз фикрларини Шавкат Ҳасан.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳожар онамиз чўри бўлганми ёки малика?

1638 17:35 01.06.2023

Белгород ўққа тутилди: ўн киши яраланган

1023 15:50 01.06.2023

Саудия Арабистони аҳолиси 32 миллиондан ошди

845 14:19 01.06.2023

Аср намозига 30 дақиқа қолган бўлса пешин ўқилмайдими?

2607 10:45 01.06.2023

Қозоғистон: Россия-Украина чегарасига тинчликпарвар кучларни юбориш ҳақида мудофаа вазирлиги муносабати

2474 09:25 01.06.2023

Ўшда халқаро муаззинлар танлови бўлиб ўтди

1453 08:48 01.06.2023
« Орқага