Собий ўзи ким ёхуд заиф ҳадис қандай талқин қилиняпти?

09:00 14.03.2018 2191

Собий луғатда янги туғулган болага айтилади. Аллоҳ таоло "Марям" сурасида Ийсо алайҳиссаломнинг бешикдаги ҳолини зикр қилганда:

"Яҳудийлар: “Бешикдаги собий-гўдак ила қандай гаплашамиз?!” дедилар", деган.

Агар бола таом ейдиган даражага етса, уни ғулом дейилади.

Боланинг ақли-ҳуши шаклланиб, оқ-қорани танийдиган бўлса уни "собий" калимасининг ўзи билан кифояланмай, ёнига "мумаййиз", яъни тамйиз сифати қўшиб зикр қилинади. 

Энди бугунги кунда айримлар масжидларимиздан "ёшларни" четлатишимиз керак, деганда қуйидаги "ҳадис"ни зикр қилишмоқда:

"Восила ибн Асқаъдан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Масжидинглардан собийларингни, жинниларингни, савдо-сотиқларингни, хусуматларингни, овозингларни кўтаришни, ҳаддларингни ижро қилишни, қиличларингни яланғочлашни четлатинглар!..." Ибн Можа, Табароний ривояти.

Аввало ҳадиснинг туруқлари ва санадлари ҳақида яхшилаб текширилса, охирги хулосага кўра, бу маънода келган ҳадисларнинг барчаси ё заиф ва ёки ўта заиф бўлиб чиқади.

Иккинчидан, агар ҳадисни заиф бўлсада тарғиб бобида ишлатсак бўлади-ку, дейилса, масжиддан қайтариш тарғиб бобига кирмайди.

Учинчидан, ҳадиснинг матнидаги "собий" луғатига ва истилоҳига қарасак, бу ҳадисда айтилган "собий" юқорида ишора қилганимиздек янги туғилган ва ҳали емак ейиш ёшига етмаган гўдакдир. Яъни бу ҳадисдаги "собий" калимаси билан етти ёшдан то 15 ёшгача бўлган болаларни Ислом номи билан, ҳадис далолати билан масжиддан қайтаришга ҳеч кимнинг ҳаққи ҳам, суянарли асоси ҳам йўқ!

Тўртинчидан, агар келажак авлодларимизнинг тарбиясида масжидларимиз, Ислом таълимотларида имомларимиз, ахлоқ мезонларида маҳалладаги ибодатли фаолларимиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракатлар қилишмаса, заиф ҳадис билан, нотўғри талқин билан фарзандларимизни соф тушунчалардан узоқлаштирсак, ўз оёғимизга ўзимиз болта урган бўламиз. Асосий фикрларнинг шаклланиши даврида болаларимизни масжидларимиздан тўссак, улар соф тушунчалар ўрнига ижтимоий тармоқлардан бузуқ қарашларни эшитади, уларни қабул қилади ва унга қарши ўзида иммунитет йўқлиги сабабли аста секин ўша бузғунчи ғояларнинг даъватчисига айланади. 

Бунинг аччиқ тажрибасини кўрдик, ахир! 
Бўлди энди, ўзимизни ўзимиз алдамайлик!

Қачонгача жиноятчиларни жазолаш билан шуғулланамиз, ахир жиноятни олдини олиш уни жазолашдан кўра маъқул ва фойдали эмасми!?

Биз ёшларимизни масжиддан ҳайдаб, мухолифларимиз учун уларни "ем" қилаётганимизни қачон тушуниб етамиз?!

Борини ўзимиз ўргатайлик, келажагимизнинг буюклигини авлодларимиз тарбиясида эканини тан олайлик! 

Тарихдан ибрат олиш нақадар зарур бўлганидек, келажакка хизмат қилиш ҳам барчамизнинг зиммамиздаги масъулиятдир.

Аллоҳим! Келажак наслларимизни соф ақидада, соғлом тушунчада улғайишларида Ўзинг кўмакчи бўл!

Омин!

Аброр Мухтор АЛИЙ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!