Тарих

Соҳибқирон муборак Мусҳафни қаердан келтирган? (иккинчи мақола)

1319

Инобатга олинмаган илтимос

Россия Самарқандни босиб олгандан кейин, яъни 1869 йилда Зарафшон округи бошлиғи генерал-майор Абрамов Хўжа Аҳрор масжидида Қуръоннинг ноёб нусхаси сақланаётганини эшитиб, полковник Серовга катта илмий аҳамиятга молик Қуръоннинг қўлдан чиқиб кетмаслиги чорасини кўришни буюрди.

Маълум бўлишича, мазкур ноёб нусха уруш вақтида беркитилиб, сўнгра яна Хўжа Аҳрор масжидига қўйилган экан. Рус ҳарбий маъмуриятининг унга бўлган қизиқишидан хабар топган бир гуруҳ руҳонийлар Қуръонни Бухорога олиб кетишни мўлжаллайдилар.

Бироқ, бу Қуръон генерал Абрамов томонидан Хўжа Аҳрор масжиди имомларидан 125 сўмга сотиб олинади. Шундан сўнг Қуръони карим Самарқанддан Тошкентга келтирилади. Бир гал генерал-губернатор уни Бухородан келган Яҳё исмли элчига кўрсатганда, шундай деган: “Қуръоннинг бу асл нусхаси халифа Усмоннинг ўз қўли билан ёзилган ва унинг қони билан доғланган. Бу Қуръон асл нусха ҳисобланиб, кейинги даврларда ундан олинган нусхалар бутун мусулмон оламига тарқатилган. У Амир Темур кутубхонасида сақланган қадимий асардир. У Соҳибқирон томонидан олиб келинган ва кутубхонанинг энг қимматбаҳо зийнати ҳисобланган”. Демак, бу маълумот ҳам Қуръон Амир Темур томонидан келтирилганини тасдиқлайди.

1869 йилдаёқ Қуръони карим Тошкентдан Петербургга олиб кетилиб, аввал халқ маорифи вазирлигига, сўнгра ҳозирги Санкт-Петербургдаги Салтиков-Шчедрин номидаги кутубхонага берилади.

1873 йилда Қашқардан Петербургга элчи сифатида келган Тарғахўжа уни кўриб, бундай деган: “Мен бу Қуръонни Самарқандда кўрганман. У халифа Усмон томонидан битилган асл нусхадир. У ниҳоятда қимматлидир. Унинг саҳифасидаги доғлар Усмоннинг қонидир”.

Бу доғлар халифа Усмон ваҳшиёна равишда ўлдирилаётганда қўлида ушлаб турган Қуръонга тўкилган қондан юзага келган. Гувоҳларнинг кўрсатишича, Қашқар элчиси катта мамнуният ва эътиқод билан Қуръони каримни кўзига ва лабига суртган (“Московские ведомости”, 1873, 195-сон).

1910 йилда “Туркистон курьери” газетасида босилган хабарга кўра, Петербургдаги мусулмонлар “Машҳур Усмон Қуръонининг шу ерда қурилаётган масжид ихтиёрига берилишини ҳукуматдан илтимос қилишган. Бироқ бу илтимос инобатга олинмаган”.

Туркистондаги ноёб нусхалар

Совет давлатининг дастлабки йилларида Қуръони карим Тошкентга олиб келинди. Шуни айтиш лозимки, Туркистон замини фақат Қуръоннинг асл нусхаси билан эмас, балки бошқа ноёб нусхалари билан ҳам фахрланишга ҳақлидир.

Чунончи, XX аср бошларида Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий мақбарасида жуда қадимий Қуръон нусхаси сақлангани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Манбаларнинг бирида сақланаётган жойи номаълум Қуръон нусхаси XVIII бобига тегишли қисмининг расми келтирилган. Ёзув услубига қараганда, у жуда қадимий нусхага ўхшайди. Ушбу Қуръон нусхаси ҳазрат Алининг ўғли Ҳусайн томонидан кўчирилгани ҳақида фикр тарқалган.

Асримиз бошларида Самарқанддаги Шоҳизиндада катталиги ва ҳашамати жиҳатидан тенги йўқ Қуръони карим нусхаси кўз қорачиғидай сақланган.

Ҳар бир варағининг ўлчови бўйига 2 газ ва 4 қарич, энига 1 газ ва 6 қарич бўлган (1 газ – 71,12 см; 1 қарич – 17,78 см). Шунга яраша ҳарфларнинг катта бўлгани ҳам табиий. У 1827 йили Бухоро амири Насрулло топшириғига биноан Ҳусайн деган киши томонидан тайёрланган экан. Айрим маълумотларга кўра, у қандайдир қадимий Қуръон нусхасидан кўчирилган.

Катта ўлчовдаги Қуръон нусхасига мўлжалланган курси Улуғбек давридан то асримиз бошларигача Бибихоним масжиди ҳовлисида турган. Курси оқ мармардан ишланиб, баландлиги 2 газ ва 6 қарич, эни 2 газ ва ўн уч қарич, узунлиги 3 газ ва 3 қарич (тахминан 266 см)га тенг бўлган.

Унинг уч қатордан иборат тўққиз оёғи бор эди. Суянчиғи қаноти ва баландлиги бир газдан ошган.

Баъзи маълумотларга кўра, мазкур мармар курси Амир Темур замонида тайёрланиб, унга Қуръоннинг асл нусхаси қўйилган. Ҳатто уни Бибихоним ўз масжиди деразасидан қараб ўқир экан. Ҳунармандчилик ва санъатнинг асл ва ажойиб намунаси бўлмиш мазкур курси халқимизнинг Қуръон китобига бўлган юксак эътиқодининг исботидир, албатта.

Амир Темурнинг улуғ хизмати

Таниқли шарқшунос олим В. В. Бартольд: “Ислом дини жаҳон миқёсида асрлар давомида ўзининг ҳаётийлигини исботлади ва насроний динига нисбатан ўзида тенглик ва биродарликни кўпроқ акс эттирди. Исломни ҳеч қандай дин жаҳон доирасидан сиқиб чиқара олмайди”, деб таъкидлайди.
Қуръони карим қадимдан насроний динидаги халқлар диққатини ўзига жалб этиб келган. Чунки у 1422 ва 1698 йили лотин тилига, 1770–1828 йиллар орасида саккиз маротаба француз тилига, 1946 йили немис тилига, рус тилига эса 1716 йил, 1790, 1792, 1864, 1907 ва 1963 йилларда таржима қилинган.

Шуниси диққатга сазоворки, Қуръони карим буюк рус шоири Александр Сергеевич Пушкин эътиборини ҳам ўзига тортади. Шоир “Қуръондан иқтибос” деган шеърий асар яратган. Бунда у сура ва оятларни мутолаа қилиб, унинг мазмунини шеърий йўлда ифода этишни ўзига асосий мақсад қилиб қўйган.

Буюк немис адиби Вольфганг Фон Гёте эса “инсоният ҳар жиҳатдан Ҳазрати Муҳаммад олдида қарздор”, деб тарғибот қилган эди. У Қуръони каримга тан берган ва “Ҳазрати Муҳаммад тараннуми” асарини ёзган. Кўриниб турибдики, Қуръон асрлар мобайнида турли тилларга ўгирилган ва кўп мамлакатларда қизиқиш уйғотган.

Сўнгги сўз ўрнида шуни уқтириб ўтиш лозимки, Қуръони каримнинг асл нусхасининг соҳиби бўлиш ва уни ўз кўзи билан кўриб ҳаёт кечириш катта бахт ва саодатдир.

У бизнинг диёримизда сақланиши Худои таолонинг хоҳиш-иродаси ва марҳаматидир. Буюк бобомиз Амир Темур уни юртимизга келтириб, ўзбек халқининг шон-шуҳратини оламга таратишга ва унинг маънавий ҳаётини безашга улкан ҳиссасини қўшди. Бу борада у ўз ватани ва халқига беқиёс катта хизмат қилган эди.

Ҳамид ЗИЁЕВнинг “Буюк Амир Темур
салтанати ва унинг тақдири” китобидан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Соҳибқирон муборак Мусҳафни қаердан келтирган? (биринчи мақола)

1777 17:00 29.11.2019
« Орқага