Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Соҳибқироннинг улуғ хизматлари

739

Амир Темур ва унинг ворислари бўлмиш темурийлар ҳижрий 771–907 (милодий 1370–1506) йиллар орасида ҳукмронлик қилган йирик ва қудратли сулола эди. Темур давлатининг пойтахти Самарқанд ва Ҳирот бўлган. Амир Темур ибн Тарағай Баҳодир асос солган бу салтанат Чиғатой улусида кучайиб кетган ўзаро урушлар даврида ҳокимият тепасига келган эди. Темурнинг ўзи ҳижрий 771–807 (милодий 1336–1405) йиллар мобайнида тахт тепасида турди. Дастлаб Мовароуннаҳр ва Хо- размда вужудга келган темурийлар давлати 1380–1507 йиллардаги урушлар натижасида Эрон, Ироқ, Озарбайжон, Ҳиндистоннинг шимолий қисмигача ёйилди. Кейинчалик бу давлат Мовароуннаҳрдаги ўлкалар, Ҳиндистон, Хуросон, Эрон, Ироқ, Шом ва Румга қарашли Онадўли каби мамлакатларни ўз ичига олган.

Саккизинчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярмига келиб мўғуллар ҳамма ёққа тарқалиб кетишди. Уларнинг раҳбарлари ўзларига қарашли минтақага мустақил ҳукмрон бўлиб олдилар. Бунинг оқибатида тож-тахт талашиш, ўзаро урушлар кучайиб кетди. Амир Темур айнан мана шу даврда пайдо бўлди ва содир бўлаётган ўзаро келишмовчиликлар унга жуда қўл келди. Бу даврга келиб бутун Ўрта Шарқ майда подшоҳликларга айланиб кетган эди. Ер юзида бирорта йирик мусулмон давлати қолмаганди. Улуғ бир миллат бўлиб шаклланиб келаётган Усмонийлар ўз салтанатини ташкил этишга ҳозирлик кўришарди. Улар куч-қудратда тобора зўрайиб бораётганига қарамай, уларнинг зафарли кунлари ҳали олдинда эди. Мусулмон Африқосида бўлгани каби Ҳиндистон минтақасини ҳам кичик подшоҳликлар ўзаро бўлишиб олган эдилар. Ислом олами буюк бир шахсга эҳтиёж сезаётганди. Бундай қудратли ҳукмдор ва саркарда Самарқандда пайдо бўлди. Бу буюк шахс барлос уруғидан чиққан Темурбек эди. Мўғулларнинг улкан салтанати инқирозга учраганидан кейин ҳам, Чиғатойхоннинг ўзи Чингизхоннинг мусулмонлашган авлодидан мерос қолган Ўрта Осиё хонлигига бош бўлиб турарди.

Темур ёш бўла туриб, Мовароуннаҳрга ҳоким этиб тайинланди. Ажойиб истеъдод эгаси бўлган бу инсон тез орада вазир даражасигача кўтарилди. Милодий 1369 йили сарой аъёнлари билан тил бириктириб, Амир Ҳусайнни тахтдан ағдараркан, ўзи Самарқандга ҳоким бўлди. Шундан кейин у Мовароуннаҳрнинг қолган қисмини эгаллади... У Чингизхонникига ўхшаш буюк империяни вужудга келтириш орзуси билан ёнарди.

Амир Темур иқтидорли саркарда, моҳир ва узоқни кўра олган давлат арбоби, хуллас, буюк бир шахс эди... Унинг истеъдодли лашкарбоши, тадбирли ҳукмдор бўлганини ҳеч ким инкор эта олмайди. У ҳеч қачон жангда мағлуб бўлмаган, фавқулодда жасорати ва қўрқмаслиги билан донг таратган эди. Бу талабчан раҳбар ўрни келганида ҳаддан ортиқ шафқатсизлик ҳам кўрсатар, аммо айни пайтда ўз жонини аяшни ҳам билмасди. Буюк давлат арбоби бўлган Темур Ислом шарафини ҳамма нарсадан кўпроқ қадрларди.

Амир Темурнинг ҳарбий юришлари, жангу жадаллари келтирган самараларга баҳо беришда унинг фаолиятини мақсад ва режалари жиҳатидан шартли икки босқичга бўлиш мумкин. Биринчи босқичда (1360–1386 йиллар) Амир Темур Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузиш йўлида кураш олиб борди. Амир Темурнинг бу даврдаги фаолияти Ўрта Осиё халқларининг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёти тараққиёти йўлида катта ижобий аҳамият касб этди. Амир Темур фаолиятининг иккинчи босқичида (1386–1405 йиллар) “уч йиллик”, “беш йиллик” ва “етти йиллик” ҳарбий юришларни амалга ошириб, Олтин Ўрда, Эрон, Ироқ, Кавказ, Кичик Осиё, Миср ва Ҳиндистонни забт этди. Амир Темурнинг ҳар бир юришига туртки бўлувчи маълум сабаблар бўлган. Булар: ўз давлати сарҳадларини мустаҳкамлаш, ташқи душманлардан ҳимояланиш, карвон йўлларини турли қароқчи-йўлтўсарлардан тозалаш, хиёнатчи, сотқин, фитначиларни жазолаш, бўйсунмаган қавмларни ўзига бўйсундириш, ўз сиёсий таъсирини кенгайтириш кабилардан иборатдир. Масалан, Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қарши юришини олайлик: Темур 1379 йилда Урусхонни енгиб, Тўхтамишхонга илтифот кўрсатиб, Оқ Ўрда тахтига уни ўтқазган эди. Аммо Тўхтамишхон Амир Темурнинг умидларини пучга чиқарди. У бир неча бор талончилик ниятида Мовароуннаҳрга бостириб кирганидан сўнг, Темурда ҳам унга қарши уруш очиш нияти пайдо бўлди ва 1395 йилнинг 15 апрелида Амир Темур билан Тўхтамишхон ўртасида ҳал қилувчи ҳаёт-мамот жанги бошланди. Жанг фақат Тўхтамишхоннинг тақдирини ҳал қилиб қўяқолмади, балки бутун Олтин Ўрда тақдирини ҳам ҳал этди. Тарих Темур зиммасига Олтин Ўрдадек қудратли мўғул империясининг асосини емиришдек улкан вазифани қўйган экан, Соҳибқирон бу вазифани ҳам буюк жасорат билан адо этиб, Рус князликлари ва Шарқий Оврупа халқларини мўғуллар асоратидан халос бўлишларига йўл очиб берди.

Амир Темурнинг хизматлари фақат душманларига қарши ҳарбий юришлар қилиш ва уруш олиб бориш билан чеклангани йўқ. У замонасининг доно ва раъиятпарвар ҳукмдори, катта ободончилик ишлари олиб борган, халқига фаровон ва осуда ҳаётни таъминлаб берган раҳбар сифатида ҳам ном қозонган. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Мовароуннаҳрда мўғулларнинг қарийб бир ярим асрлик ҳукмронлик даврида биронта ҳам кўзга кўринарли қурилиш ёки сув иншоотлари вужудга келмаганди. Амир Темурнинг ташаббуси билан 1365 йилда Қарши, 1370 йилда Самарқанд, 1380 йилда эса Кешнинг атрофи қайтадан мудофаа деворлари билан ўраб чиқилган. Шунингдек, халқ фаровонлиги, мамлакат ободлиги йўлида катта ишлар амалга оширилди, сув омборлари, тўғонлар қуришга, ариқлар қазишга, янги ерларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор берилган. Мамлакатнинг иқтисодий аҳволини яхшилашда тижоратнинг аҳамияти беқиёс эканини тушунган Темур савдо қилинадиган бозорлар, расталар ва тимлар қурдирган. Турли-туман устахоналар барпо этиб, халқ ҳунармандчилик санъатини тараққий эттирган.

Амир Темур илм-фан ва маънавият аҳлига катта эътибор қаратган. Уларга ҳомийлик кўрсатиб, жамият маданий ҳаётида фаол бўлишларига ҳаракат қилган. Тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзганидек, “Темур олимларга хайрихоҳ эди, саййиду шарифларни ўзига яқин тутарди. Уламо ва фузалога тўла иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларни ҳар қандай одамдан устун кўрарди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб, иззату икромини унга изҳор қиларди”.

Амир Темур саройида кўплаб илм-маърифат алломалари мавлоно Абдужаббор Хоразмий, мавлоно Шамсиддин Мунший, Абдуллоҳ Лисон, Бадриддин Аҳмад, Нуъмониддин Хоразмий, Хожа Афзал, Алоуддин Кеший, Жалолиддин Ҳокийлар Соҳибқироннинг лутфу марҳаматидан баҳраманд бўлиб, унинг хизматида бўлдилар. Амир Темур илм-фаннинг риёзиёт, ҳандаса, меъморчилик, фалакиёт, адабиёт, тарих, мусиқа каби соҳалари равнақига катта эътибор бергани, соҳиби ҳунарлар билан қилган суҳбатлари ҳақида фаранг олимларидан Лянглэ шундай ёзади: “Темур олимларга серилтифот эди. Билимдонлиги билан бир қаторда софдиллигини кўрган кишиларига ишонч билдирарди. У тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда истеъдодли бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келарди. Чунки Темур бу соҳа вакилларга ғамхўрлик килишга алоҳида эътибор берарди”.Соҳибқирон ўзининг “Мен – фотиҳ Темур” асарида шундай ёзади: “Илгари ёзиб ўтганим туш воқеасидан кейин то ҳозиргача донишманд уламо, шуаро, аҳли санъат, яъни ҳунар одамларига мен тарафдан озор етмади. Ҳар вақт бир мустаҳкам шаҳарни ғалаба билан тасарруф этсам, аҳли илм, аҳли ҳунарни ўлумдан сақлашга амр берар эдим. Бирор ғалат билан бу одамларга азият етиб қолмаслиги учун шахсан ўзум муроқабада бўлур эдим. Баъзан бундай одамларни бир ерга тўплаб, уруш ҳаракатлари битгунча яхши сақлаб, кейин қўйуб юборар эдим. Ҳунармандлардан эса (ҳар маконда бўлсалар ҳам), яхши ҳаёт кечирмаклари учун ҳожатлари ижросида керакли бўлган моддий, маънавий ёрдамимни аямас эдим. Уларга таъкидлаб, ҳар жойда бўлсалар ҳам бемалол рафоҳият билан (бахтли) ҳаёт кечирмоқларининг орзуинда эканлигимни билдирар эдим. Ҳунармандларнигина эмас, кофир бўлсун, мусулмон бўлсун – уламоларни ўзимга яқин тутар, ҳурматларини бажо келтурур эдим. Масалан, Султониядаги масиҳийларнинг усқуфи менга кўп носазо гапларни ҳам қилди. Бу одам илгари Нахчивондаги арманилар пешвоси бўлуб турар эди. Кейинроқ, Султонияга келиб қолган экан. Шу жойда ҳузуримга келди, кўрушдим. Муҳаббат билан кутуб, ўз ёнимга ўлтурғиздум. Уруш оқибатида Султонияда емак ашъёлари камёблиги менга маълум эди. Бинобарин, унга ғазо (овқат) қўйдурдум. Емакни еб, қорнини тўйғузуб бўлганидан кейин миннатдорликнинг ўрнига носазо этиб бошлади: “Эй Амир Темур, сен: мусулмонман, Худога ақийдам бор, деб иддао қиласан. Нима учун мунчалар қон тўкасан, Худонинг бандаларини ўлдурасан?” деди. “Ҳар ким мусулмон бўлуб туруб диндан қайтган бўлса, Ислом динида буларни вожибул қатл (қатл этилиши шарт), деб биладурлар. Шунинг учун ўлдурдум ва ўлдураман”, деб жавоб бердим. Усқуф яна сўради: “Сен Арманистонда бир мунча кишиларни ўлдуруб юбординг. Улар ҳам диндан қайтган ҳисобланадими?” Унинг саволига шундай жавоб бердим: “Улар мусулмон эмас, ҳарбий кофир эдилар. Улар мусулмонларга ҳийла-найранг қилиб, уруш очгани учун ҳарбий кофир, деб аталадур. Қайси бир нарсаларни баҳона қилиб, мусулмонларга уруш очган кофирларни ўлдурмоқ лозимдур”. Сўнг илова қилиб айтдимки: “Сен масиҳий бўлсанг ҳам, уламолар табақа- сидан бўлганинг учун сени эҳтиром қиламан. Агар уламо бўлмасанг эди, амрим билан кўзумнинг олдида терингни сўйиб олар эдилар. Мендан бошқа жойда бир подшоҳни иҳонат қилган кишилар нима жазога учраганини ўзинг яхши биласан. Уламоликни ҳурмат қилганим учун сени кечирдим”. Усқуф ўзининг номуносиб равияси учун менга узр баён қилди. Мувофақатим (ижозатим) билан Са- марқандга борди. Бир неча замон Самарқандда турганидан кейин қўлига нома бериб, Мағриб (Ғарбий Оврупа) ўлкаларидаги фаранг подшоҳларидан бирининг қошига элчи унвонида йўлладим”.

Амир Темурнинг жаҳон тарихидаги хизматлари ва тутган ўрни ҳақида шуни айтиш мумкинки, у Мовароуннаҳрни мўғуллар исканжасидан озод этишда барча юртпарвар кучларни уюштириб, уларни мустақиллик учун курашга йўналтирган етакчи раҳбар, ерли халқнинг бу соҳадаги орзу-умидларини рўёбга чиқишига улкан ҳисса қўшган саркарда эди. Амир Темур кўп йиллар давоми- да мустамлака бўлиб, чет эллик ҳукмдорларга бўйсуниб келган Мовароуннаҳр ва Хуросонда ўз юрти, халқининг куч-қудратига таянган мустақил ва ягона давлат барпо эта олди. Унинг ўзи ҳам турли сабабларга кўра бошқа мамлакатларга юришлар қилди ва Оврупа мамлакатлари ривож- ланишининг тезлашишига ўз ҳиссасини қўшди. Русияни Олтин Ўрда зулмидан, Оврупани Усмонлилар тажовузидан сақлаб қолди. Ўз сиёсатида маданият, ободончилик, ҳунармандчилик ҳомийси бўлиб танилди. Амир Темур сиёсат майдонига кириб келган пайтда Мовароуннаҳр мўғуллар истибдоди остида бўлиб, Чингизхон ва Ботухон босиб ўтган шаҳар-қишлоқлар вайронага айланган, сув иншоотлари бузиб ташланган ёки ишга яроқсиз ҳолга келтирилган эди. Чингизхон Мовароуннаҳрни ўзининг иккинчи ўғли Чиғатойхонга суюрғол (қадимда подшоҳ томонидан бир кишига совға тариқасида бўлиб берилган ер “суюрғол” дейилган, бу арабчада “қатийъа” дейилади) сифатида инъом қилган эди. Милодий 1360 йиллардан бошлаб Амир Темур Мовароуннаҳрдаги ички низо, урушларда иштирок эта бошлади ва Мўғулистон ҳукмдори Туғлуқ Темурхон, унинг ўғли Илёсхўжага қарши курашлардан сўнг Амир Ҳусайн устидан ғалаба қозонгач, 1370 йилда Мовароун- наҳр тахтининг ҳақиқий соҳиби бўлди ва Самарқандни ҳокимият пойтахти этиб белгилади.

Амир Темур тахтга ўтиргач, Чиғатой улусининг барча ерларига ўзини ворис деб билди ва Сирдарёнинг қуйи ҳавзасидаги ерларни, Тошкент вилоятини, Фарғона водийсини, Хоразмни ўз ҳукмронлиги остига киритди. Натижада, Мовароуннаҳр ва Хуросонда йирик марказлашган давлат вужудга келди. Соҳибқирон сўнгги йилларда Эрон, Ироқ, Кавказ орти мамлакатлари, Ҳиндистон, Олтин Ўрда ва Туркия билан бўлган жангларда ғолиб чиқиб, салтанат ҳудудини шарқда Хитой деворига қадар, ғарбда Ўрта Ер денгизига, жанубда эса Ҳиндистон чегараларига қадар кенгайтирди.

Амир Темурнинг ҳарбий жабҳадаги ютуқлари уни нуфузли хонадонларга яқинлаштирди. Муаррих Маҳмуд Шокирнинг ёзишича, “Амир Темурнинг ақл-заковати, шижоати ва жасорати тўғрисидаги шуҳрати, уни Мовароуннаҳрнинг нуфузли амирларидан аввал Жоку Барлос, сўнгра Амир Қазоғон (1346–1358) билан яқинлаштирган. Отаси Амир Темурни аввал (1352) Амир Жоку Барлоснинг қизи Турмиш Оғога уйлантиради. 1362 йилда Амир Темур Қазоғоннинг набираси, Амир Ҳусайннинг синглиси Улжой Туркон Оғони ўз никоҳига олади. Кейинги никоҳ туфайли Балх амири билан боғланган қариндошлик алоқалари, шубҳасиз, Амир Темур билан Амир Ҳусайн ўртасидаги иттифоқни юзага келтирди ва мўғулларга қарши жиддий кураш бошланди”.

Амир Темурнинг зафарли юришлари, у олиб борган урушлар, албатта, катта қурбонлар ва вайронгарчиликларга сабаб бўлди. Иккинчи томондан эса, унинг ҳарбий ҳаракатлари катта тарихий эврилишларга ҳам олиб келдики, Аллоҳ таолонинг иродаси билан Темур ўз юришлари билан жаҳон тарихида катта ўзгаришларга сабабчи бўлиб қолди. Масалан, Соҳибқироннинг Хитойга юришлари, бу ерда Мин сулоласининг давлат бошига келиши мўғулларнинг Хитойга солаётган хавфини бартараф этди... Олтин Ўрда ҳоқони Тўхтамишхон билан олиб борилган шиддатли жанглар Русияни мўғуллар зулмидан халос қилди, рус халқига марказлашган давлат тузиш имкониятини яратди. Амир Темурнинг Усмонлилар империяси устидан қозонган ғалабаси эса Оврупани Усмонлилар томонидан эгалланишини ортга суриб юборди ва Темур ўзи билмаган ҳолда Оврупа халоскорига айланди, Византия империясининг умрига ярим аср умр қўшди. Фаранг тарихчиси Рене Груссе йигирманчи аср бошларида: “Амир Темурнинг Боязид устидан ғалабаси насроний оламини асраб қолди”, деб бежизга ёзмаган эди.

(давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг "Дунёни тебратган етти буюк" китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қозоғистонлик депутатлар: "Россиянинг ўзи «сирпанчиқ» йўлда" 

117 15:55 01.10.2022

Мубашшир Аҳмад: «Ҳаж — фарзи айндир»

121 15:15 01.10.2022

«У кишининг хулқлари Қуръон эди...»

216 11:25 01.10.2022

Украинага 12 миллиард долларлик ёрдам берилади

272 10:40 01.10.2022

Қозоғистон: тунги клубда муштлашган маст россияликларни полиция қўлга олди

451 10:20 01.10.2022

Украина ҳудудларининг аннексияси: сабаблар ва оқибатлар

515 09:55 01.10.2022
« Орқага