Солиҳ фарзанд ўстирмоқчимисиз, ўзингизни тарбияланг

09:00 02.03.2019 957

Бир кишининг беш ёшли фарзанди устидан шикоят қилиб келишди:

– Ўғлингиз бозордаги мешкобчининг мешига бигиз тиқиб тешиб қуйди. Олдин ҳам бошқа бир мешкобчининг мешини тешиб, зарар етказган экан.

Эр-хотин ўйланиб қолишди: «Икковимиз ҳам ўзганинг ҳақидан қўрқадиган, бировга ёмонлик қилмайдиган, ҳалол яшаб юрган яхши одамлар бўлсак, фарзандимиз нега бунақа ноқобил чиқиб қолди? Унинг тарбиясида қандай хато қилган эканмиз?». Эр хотинни, у эса эрини маломат қилди. Иккови ҳам бола тарбиясининг бузилишига сабаб бўлган бирор арзигулик нарсани эслай олмади. Эртасига хотинининг хотирига бир воқеа келди-ю, надоматдан «оҳ» тортиб юборди. У бўлган ҳодисани бундай ҳикоя қилиб берди:

– Ўғлимизга ҳомиладорлик пайтимда қариндошлардан бири зиёфатга чорлади. Едик-ичдик, суҳбатлашдик.

Дастурхонга қуйилган анордан роса егим келиб, оғзимнинг суви қочди. Аммо буни айтгани мезбонлардан уялдим. Улар юмуш билан ташқарига чиққанларида, тўғноғичим нинасини анорга санчиб, чиққан бир-икки томчи сувини ялаб олдим. Энди ўйлаб қарасам, ўша тўғноғич нинаси ўғлимиз қўлида бигизга айланган экан...

Саида тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!