Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Соқол билан паспорт олиш мумкинми? – ID-карта борасида тўлиқ маълумот

9941

2020 йил 22 сентябрда “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президентнинг Фармони қабул қилинган эди. Жорий йил 4 январдан Тошкент шаҳрида ID-карталарни расмийлаштиришни бошлангани ҳақида хабар берган эдик.

Куни кеча таҳририятимизга Наманган вилояти Косонсой тумани Шайхон маҳалласи 209-уйда яшовчи ҳамюртимиз Иномхонов Эшондадахон Юнусхон ўғли мурожаат қилди. Унинг билдиришича, паспорт олгани Косонсой тумани ИИБ паспорт бўлимига мурожаат қилган. Аммо навбати келганда бошлиқ ўринбосари Абдуҳаким Абдуллаев “Соқол билан паспортга расмга тушиш мумкин эмас, соқолингизни олдириб келинг”, деб қайтариб юборади. “Ҳозир мумкин-ку?” деб эътироз билдирса, уни туман ИИБ терроризмга қарши курашиш бўлими ходими Мамажоновга учраши лозимлигини айтади. Туман ИИБ бўлим ходими Мамажонов телефон орқали “Соқол билан мумкин эмас”лигини айтади. 

Мазкур шикоят юзасидан Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовга мурожаат қилдик. Унинг жавоби қисқа, аммо лўнда бўлди:

“Кўзойнак (очки) ва шапкада мумкин эмас, соқолга ҳеч қандай чеклов йўқ!”

Умид қиламизки, юқоридаги жавобдан “паспорт стол”даги мутасаддилар тўғри хулоса чиқарадилар ва фуқароларни арзимас баҳоналар билан овора қилмайдилар.
 

Шу ўринда паспорт олиш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида кенгроқ маълумот бериб ўтамиз.

ID-картани қандай ва қаердан олиш мумкин?

ID-картани олиш ва алмаштириш юзасидан қуйидагиларга мурожаат қилиш мумкин:

–  Ўзбекистон фуқаролари - ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган ИИОнинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига (олиш ва алмаштириш учун) ёки давлат хизматлари марказларига (алмаштириш учун);

– мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар - доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзилдаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига – олиш учун ва ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган бундай бўлинмаларга - алмаштириш учун.

Карта ҳужжатлар қабул қилиб олингандан сўнг 1 иш куни мобайнида расмийлаштириб берилади, ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга - 15 кун муддатда уларнинг яшаш манзилига борган ҳолда карта расмийлаштирилади ва кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди. 

–  ID-картасининг бланкасида эгасининг миллати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилмасдан ID-картанинг чипига киритилади;

–  ўз ID-картасини олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаган, яроқсиз ҳолга келтирган ва йўқотиб қўйган тақдирда, жаримага тортилмайди.

Бундан ташқари, ID-карталари боланинг туғилиши ФҲДЁ органи томонидан қайд этилиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим қилинганидан сўнг ота-онаси, васийлари (ҳомийлари) ихтиёрига кўра расмийлаштирилиши мумкин. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома эса ID-картасини олиш учун мурожаат этилганда ФҲДЁнинг ягона электрон архиви орқали олиниши мумкин.

Биометрик паспортлари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини ID-карталарига алмаштириш икки босқичда амалга оширилади:

–  2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабрга қадар - ихтиёрийлик асосида 16 ёшга тўлганда ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабабларга кўра;

–  2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабрга қадар - мажбурий тартибда.

2011 йилги намунадаги биометрик паспорт 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Белгилаб қўйилишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб янги туғилган болага, Ўзбекистон фуқаросига, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсга ва хорижий фуқарога белгиланган намунадаги идентификация ID-картаси берилади.

ID-карта расмийлаштирилганлиги ва берилганлиги учун давлат божи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизини ташкил этади. (Бугунги кунда 198 470 сўм).

Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти, фуқаролиги бўлмаган шахс ва хорижий фуқаронинг яшаш гувоҳномаси уларнинг амал қилиш муддати тамом бўлгунга қадар ҳақиқийдир. Ушбу ҳужжатларнинг эгалари уларни белгиланган тартибда ID-картага алмаштириш ҳуқуқига эга.

ID-карта қанча муддатда берилади?

ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан фуқароларга қуйидаги муддатларга берилади:

–  янги туғилган болага бир ёшгача – икки йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра);

–  бир ёшдан 16 ёшгача – 5 йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра);

–  16 ёшдан – 10 йил муддатга.

Қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланувчи ID-карта белгиланган намуна бўйича лотин алифбосидаги ўзбек тилида, Қорақалпоғистон Республикаси учун эса — ID-карта олиш учун мурожаат қилган фуқаронинг хоҳишига кўра, лотин алифбосидаги қорақалпоқ ёки ўзбек тилларида персоналлаштирилади.

ID-карта бланкасига қандай маълумотлар киритилади?

а) ҳужжатнинг номи;

б) ID-картанинг рақами;

в) ID-карта эгасининг:

фамилияси, исми, отасининг исми;

–  туғилган санаси;

–  фуқаролиги;

–  туғилган жойи;

  жинси;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

г) ID-картанинг:

–  берилган санаси;

–  ким томонидан берилгани;

–  амал қилиш муддати тугайдиган сана;

д) ID-карта эгасининг рақамли сурати.

ID-картада унинг эгасининг имзоси бўлиши шарт (16 ёшга етганидан кейин).

Вазирлик ва идораларнинг автоматлаштирилган тизимлари орқали ID-карта эгасининг розилиги билан давлат хизматларини кўрсатишда ID-картага киритилган маълумотлардан фойдаланишга рухсат этилади. 

Чипга ID-карта эгасининг қуйидаги маълумотлари киритилади:

–  биографик маълумотлари;

–  миллати;

–  рақамли сурати;

–  қўл бармоқларининг излари – 16 ёшга етганидан кейин;

–  электрон рақамли имзо калитининг сертификати – 16 ёшга етганидан кейин.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ чипга бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин. Электрон рақамли имзо калитининг сертификати ID-картанинг амал қилиш муддати давомида ҳақиқий ҳисобланади.

ID-картани қачон олиш мумкин?

ID-картани расмийлаштириш ва бериш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

–  ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра – бола туғилгандан бошлаб 16 ёшга тўлгунига қадар;

–  фуқаро 16 ёшга тўлганда;

–  Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганда ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида тан олинганда;

–  ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганда;

–  Фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси, жинси ўзгарганда;

–  ID-картага ёки чипга киритилган маълумотларда ноаниқликлар, хатолар ва техник нуқсонлар мавжудлиги аниқланганда;

–  ID-карта ёки чип яроқсиз ҳолга келганда;

–  ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида;

–  ID-карта йўқотиб қўйилганда.

ID-карта эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, жинси ўзгарганлиги ёки ID-картага киритилган маълумотларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан алмаштирилаётганда, фуқаро томонидан маълумотларни йиғиш пунктига ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади ва ариза келиб тушган кундан бошлаб беш иш кунида кўриб чиқилади.

ID-карта йўқолса-чи?

Фуқаро ID-картани йўқотган тақдирда, янги ID-карта белгиланган тартибда ID-карта йўқолганлиги ҳақида ариза келиб тушган кундан бошлаб беш иш кунида берилади.

ID-картаси бўлмаган фуқаро 16 ёшга тўлганда бир ойдан кечикмасдан маълумотларни йиғиш пунктига ID-картани олиш учун мурожаат этиши шарт. Фуқаро ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига қуйидагиларни тақдим этади:

–  Белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

–  Илгари берилган паспорт ёки ID-карта;

–  Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда);

–  Ваколатли органнинг қарори (ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);

–  Давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (электрон тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас).

ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар тўлиқ қабул қилиб олингандан сўнг бир иш куни мобайнида берилади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

ID-карта ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси ёрдамида банк хизматидан фойдаланиш мумкин

310 11:56 31.01.2021

Бир шикоят изидан: "Соқол муаммоси" ҳал бўлди

4958 18:19 26.01.2021

Бугундан Тошкентда ID-карталар берила бошланди

786 17:58 04.01.2021

Паспорт ўрнига ID-карталарни бериш бошланади

1262 13:35 25.12.2020
« Орқага