Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги Asia.uz супермаркети ходимларига соқол ўстириш тақиқлангани билдирилган расм тарқалди. Унга кўра, ходимлар соқоли ўсган ҳолатда супермаркетга келса, ўттиз минг сўм жаримага тортилиши қайд этилган.
Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Azon.uz мухбири супермаркет менежери билан боғланди. Маълум бўлишича, раҳбарият бу борада ҳеч қандай топшириқ бермаган.
«Бу расмнинг илиб қўйилганига 3-4 кун бўлган экан. Бир ходимимиз ўзбошимчалик билан шундай қилибди. Бу ҳолатдан бехабар эканмиз. Ҳолатни билишимиз билан унга нисбатан чора кўрдик. Ҳозирда соқолли ходимларга жарима қўлланилиши ҳақидаги ёзув олиб ташланган», – дейди масъул ходим.
Шуни таъкидлаш лозимки, хусусий муассасалар диний бағрикенглик бобида давлат ташкилотларига ўрнак бўлиши керак. Юқоридаги ҳолатнинг юзага келишига бир ходимнинг ўз фикрлари асосида ўрнатган тартиби сабаб бўлган. Бироқ шуни унутмаслик керакки, демократик жамиятда инсонларнинг эътиқоди ёки ташқи кўринишига эмас, амалларига қаралса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Шерали Солиев