Сотувга қўйилган масжидми ёки «савдо-маиший бино»?

16:02 17.05.2019 2614

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Андижон шаҳри Дўстлик кўчаси 7-уйда жойлашган масжид биноси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлими томонидан хатланиб, сотувга қўйилгани ҳақидаги хабар кенг муҳокама қилинмоқда.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун «Xabar.uz» Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати билан боғланди.

МИБ матбуот хизматининг «Xabar.uz»га айтишича, Андижон туманлараро иқтисодий судининг тегишли қарорига кўра «ELDAZ DESIGN» масъулияти чекланган жамияти ва Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш марказидан АТ «Алоқабанк» фойдасига 876 млн. 845 минг 369 сўм қарзни ундириш белгиланган.

Ундирув  қарздор «ELDAZ DESIGN» масъулияти чекланган жамиятига тегишли «Шиша кошин» ишлаб чиқариш ускуналарига (бошланғич сотув баҳоси 670.000.000 сўм) ҳамда Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш марказига тегишли Дўстлик кўчаси 7-манзилдаги умумий фойдаланиш майдони 1.716,24 кв.метр, қурилиш майдони 1.931,86 кв.метр бўлган 18 та хонадан иборат бўлган савдо ва маиший биноси (бошланғич сотув баҳоси 767.500.000 сўм)га қаратиш лозимлиги белгиланган.

Ушбу суд ҳужжати МИБнинг Андижон шаҳар бўлимига 04.03.2019 йилда келиб тушган ва ижро иши юритуви қўзғатилган.

Ижро ҳужжатида кўрсатилган мулклар давлат ижрочиси томонидан 20.03.2019 йилда хатланган ва бу ҳақда холислар иштирокида далолатнома тузилган.

Мазкур ижро ҳужжат асосида Дўстлик кўчаси 7-манзилдаги умумий фойдаланиш майдони 1.716,24 кв.метр, қурилиш майдони 1.931,86 кв.метр бўлган 18 та хонадан иборат бўлган савдо ва маиший биноси (бошланғич сотув баҳоси 767.500.000 сўм) электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган.

Кўчмас мулкнинг электрон онлайн-аукцион савдоси 03.06.2019 йил этиб белгиланган.

Айтиш жоизки, суд қарорига кўра, ушбу кўчмас мулк масжид ёки бошқа диний ташкилот эмас, балки савдо ва маиший бино сифатида эътироф этилган.

Муқаддам таъкидланганидек, Мажбурий ижро бюроси суд қарорини муҳокама қилмайди, балки уни ижросини таъминлайди.

...Демак, ҳаммаси тушунарли. Юқоридаги жавобдан қанчонлардир халқ пулига қурилиб, расман масжид тариқасида фаолият юритган, кейинчалик, замонлар ўзгариб, кўркам бино «савдо ва маиший бино» тариқасида маҳаллий ҳокимиятга ўтиб кетган экан-да. Маҳаллий ҳокимият мутасаддилари эса бу бинони гаровга қўйиб, «Алоқабанк»дан катта миқдорда кредит олган. Олинган кредит қайтарилмагач, мана, бино сотувга қўйилмоқда. Бу жараёнда МИБ ходимларига ортиқча эътироз йўқ, албатта. Чунки, улар ўз вазифаси — қонуний кучга кирган суд қарори ижросини амалга оширмоқда. Эътирознинг каттаси маҳаллий ҳокимияга бўладики, бу энди алоҳида мақола мавзуси.

Манба: Xabar.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!