Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Совуқ ва очлик: Ливандаги лагерда суриялик қочқинлар мушкул аҳволда қолди

714

Маълумотларга қараганда бир ярим миллионга яқин суриялик ўз мамлакатидаги ички урушдан қочиб Ливандан бошпана топган. Улар Ливандаги иқтисодий инқироз, ишсизлик ва қашшоқлик соясида жонни сақлаб қолиш илинжида кун кечиряпти.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги маълумотларига кўра, мамлакатдаги 10 суриялик оиладан 9 нафари ўта қашшоқликда яшайди. 

Бека водийси атрофидаги лагерларда яшовчи сурияликлар қишнинг совуқ кунлари яқинлашар экан, ёмғирдан ва совуқдан вайрон бўлган чодирларда бошпана топиш йўлларини изламоқда. 

Пойтахт Байрутдан 90 километр узоқликдаги Баалбек қишлоғида ташкил этилган чодир лагерида 2012 йилда Суриянинг турли ҳудудларидан, айниқса Ҳалаб шимолидан келган қочқинлар бошпана топган. 

Лагерларда оғир ҳаёт учун курашаётган қочқинлар қишки синовларга қарши инсоний ёрдамга жудаям муҳтож. 

Ҳаддан ташқари ошган нархлар туфайли ёнилғи ололмаган сурияликлар чодир лагери атрофида тўплаган қоғоз, пластмасса ва тезак кабиларни ёқиб, совуқдан паноҳ топишга ҳаракат қилмоқда. 

Ливандаги сўнгги маълумотларга кўра, 20 литрлик дизел ёқилғиси 852 минг лира атрофида. Бу қора бозордаги курс бўйича тахминан 22 АҚШ долларига тўғри келади.

Фуқаролар урушидан қочиб Ливандан бошпана топган суриялик 45 ёшли Марям Малик қиш ойларининг келиши билан оғир синов бошланганини, дизел нархи ошиши сабабли чодирларини иситишга имкон топа олмаётганларини айтади.

"Электр йўқ, ёнилғи йўқ. Бу йил инсонпарварлик ёрдамлари камайиб кетди. Буталар, новдалар ва пластмасса буюмлар билан чодирларни иситишга ҳаракат қилмоқдамиз", деди Марям. 

Аёл овқатларини зўрға ёнаётган ўчоқда пиширишларини айтди. 

Марям қўнган чодирлари йиллар давомида жуда эскириб, яшашга яроқсиз ҳолга келганини, бу эски чодирлар қишда ёмғирдан, қордан, шамолдан ҳимоя қила олмаслигини таъкидлайди. 

Лагер аҳолисидан бири 12 ёшли Муҳаммад Жасим ҳудуддаги контейнерлар, ахлат уюмлари орасидан ёқиш учун нимадир излаб юрибди. 

"Ёқилғи ололмаяпмиз. Ўтин ололмаймиз. Бу совуқда ёқишга нарса тополмаяпмиз. Чиқиндилардан эски кийим, поябзал ва пластмассаларни йиғиб оламан. Укаларим шундай исинади", - дейди Муҳаммад.     

Лагерда яшовчи 60 ёшлардаги Муҳаммад Мусо эски чодирлар туфайли муаммоларга дуч келганини ва янги чодир сотиб олишга маблағи йўқлигини айтади. 

“Халқаро ташкилотларининг инсонпарварлик ёрдами камайиб кетди, чодирлар жуда эски, уларни янгилаш керак. Нархлар ошгани учун ёнилғи ололмаяпмиз. Совуқдан ўламиз. Гуманитар ёрдам кутяпмиз", дейди у.  

 

Суриялик Умар Муҳаммад ҳам ўзлари учун қийин бўлган қаттиқ совуқ яна "эшик қоққанини" ва улар чиқинди контейнерларидан ёқилғи қидираётганликларини билдирди. 

"Бу йил қишда қочқинларга ҳеч ким ғамхўрлик қилмади. Ишлаймиз, аммо иқтисодий инқироз туфайли топган пулимиз тамом бўлди. Ёқилғи харид қила олмаганимиз учун эски поябзал, нейлон ва пластмасса йиғамиз. Тезак ёқиб исинишга ҳаракат қиляпмиз”, деди Муҳаммад.   

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги матбуот котиби Олга Саррадо ўтган ой эълон қилган баёнотида, Украина, Афғонистон ва Яқин Шарқдаги можаролар туфайли уй-жойини ташлаб кетган миллионлаб одамлар оғир қишни бошдан кечираётгани ва қочқин оилалар овқатланиш ёки исинишдан бирини танлашга мажбур бўлишини айтганди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Эрон-Саудия Арабистони келишувининг геосиёсий аҳамияти: АҚШ ўйиндан чиқарилдими?

254 20:30 22.03.2023

Таровеҳ муносабати билан Тошкентдаги айрим кўчалар вақтинча ёпилади

359 19:42 22.03.2023

Энг яхши табиб

440 19:15 22.03.2023

«Пекин Ашхобод билан муносабатларга катта эътибор беради» — Си Цзинпин

375 18:40 22.03.2023

РЎЗАГА ОИД ФАТВОЛАР

75 18:05 22.03.2023

Асад режими Ҳалаб аэропортига ҳаво ҳужуми юзасидан Исроилни айбламоқда

266 17:10 22.03.2023
« Орқага