Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

СССР қайта тикланадими?

4323

Жорий йил 11 май куни Олий Мажлис Сенати 4-ялпи мажлисида аксар сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг ЕОИИда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этишини ёқлаб овоз берди. Кўпчилик овоз билан дейишимизнинг сабаби бор. 16 сенатор ушбу масалага қарши овоз берган бўлса, 4 нафари бетараф қолган. Бу борадаги интеграциянинг ижобий томонлари ҳақида гапираётганлар масалага асосан иқтисодий нуқтаи назардан ёндашишмоқда. Бу қайсидир нуқтаи назардан тўғридир, ўзини оқлар. Аммо бошқа жиҳатдан эса...

Келинг, гапни чувалаштирмайлик-да, пўсткалласини айтиб қўя қолайлик.

Россия оммавий ахборот воситаларини кузатиб бораётганлар яхши билади,  сўнгги йилларда РФ раҳбари Владимир Путин собиқ иттифоқ республикаларини Москва назорати остида қайта бирлаштириш режалари ҳақида бот-бот таъкидлаб келяпти (бу, айниқса, охирги ойларда фаоллашган). Хўш, бунга Марказий Осиё халқи қандай муносабат билдиряпти, дерсиз?

Табиийки, мустақиллик шарбатини тотиб кўрган ҳақиқий ватанпарварлар бундай “гегемон”лик даъволарини мутлақо рад этиб, “Ҳеч қанақасига эски тузумга қайтмаймиз” дея қатъий таъкидлашмоқда.(Айрим советпараст, шўропараст ва маргинал фирқаларни инобатга олмаганда албатта)

Кўпчилик томонидан билдирилаётган бундай қатъий қарши фикрлар бежиз эмас. Бундай бўлиши табиийдир ҳам.
Гап шундаки, масалан, яқинда, тўғрироғи, 19 апрель куни “Россия 1” телеканалининг “Москва. Кремль. Путин” эфирида Россия давлат раҳбари “СССР қайта тикланиши”нинг “афзал” томонларини эътироф этди.

“Совет Иттифоқи ва совет империясининг туғилиши билан боғлиқ ўтмиш қўрқинчлари, даҳшатларини енгиб ўтган ҳолда барчанинг фойдаси йўлида бирлашиш керак деган тушунча тобора ўзгармас маъно касб этиб боряпти”, — деб таъкидлади у.

“Ушбу устунликни ҳис қилган ҳолда, биз олға интиламиз, ушбу устунликни  эса мазкур жараённинг барча аъзолари ҳис этмоқда”, — дея барча учун ўзи қўшимча қилган Путин.

Унинг сўзларига кўра, “биз шу пайтгача ушбу йўлдан юрмаганимиз” ажабланарлидир. Унинг айтишича, “аслида бу қўлимиздан келар” экан.

Путиннинг таъкидлашича, собиқ СССР республикалари учун бирлашиш ҳисобига ўзларининг рақобатдошлик даражасини ошириш “мутлақо табиий” ҳолдир.

Агар адашмасак, Кремль Собиқ Иттифоқни қайта тиклаш бўйича лойиҳа билан 2000 йилдан буён шуғулланиб келмоқда. Буни бутун ижтимоий тармоқларда, айниқса, Россиянинг “Одноклассники”, “ВКонтакте”да “СССР соғинчи”ни уйғотиш ва авж олдиришга қаратилган гуруҳлар фаолиятида яққол кўриш мумкин. Улар одамларда “бу ностальгия” ҳиссини қайта жонлантириш ва янги тарафдорларни оғдириш, мияларни ювиш каби вазифаларни бажариб келяпти...

Шубҳасиз, аҳолининг ялпи қатлами учун бу борадаги энг асосий ҳалокатли қурол — телевизор, Россия каналлари, Соловьёв ва Киселев қиёфасидаги тарғиботчилар (Кремль томонидан назорат қилинадиган ТВ-каналлар бошловчилари) бўлиб қоляпти. "Архаик ғоялар"нинг замонавий "карнайлари" ёлғонлар ва пропагандаларни шунақанги ёғдиришмоқдаки, чеки-чегараси, меъёри йўқ. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз ахборот майдонини уларнинг таъсиридан холи этиш зарур деб ҳисоблаймиз. Балки яқин келажакда бу амалга ошар, балки акси бўлар...

Путин Россия етакчилигидаги ЕОИИнинг Ереванда бўлиб ўтган саммитида ҳам юқоридаги каби фикрларни илгари сурган эди.

Собиқ иттифоқ республикалари бўлишга хушиям, вақтиям бўлмаётган Марказий Осиё давлатлари эса Россия билан янгитдан бирлашишнинг “афзаллик”лари бўйича путинча аргументларга энди чиппа-чин ишонмаётгандек. Бунинг сабаби расмий Москва ЕОИИнинг бошқа аъзолари билан қўл учида ва ёмон муносабатда бўлаётганидир, деб ҳисоблашмоқда экспертлар.

Россия ЕОИИ бўйича ўз ҳамкорларига қарши протекционизм сиёсатини қўллаётгани ортидан Евроосиё иқтисодий иттифоқидан уларнинг ихлослари қайтаётгандек. Бу уларда ушбу иттифоқ фақат Москвагагина фойдали деган тасаввур мустаҳкамланиб бораётгани мисолида кўзга ташланяпти. Сабаби ушбу сиёсат Москванинг бошқа иштирокчилар, жумладан, Беларусь ва Қозоғистон билан боши берк кўчага кириб қолган зиддиятларга олиб келди.

Беларусь президенти Александр Лукашенко 21 январь куни Москванинг ҳаракатларидан жаҳли чиққанини очиқ айтганди. Чунки Россия экспортга чиқарадиган нефтининг нархини Минск учун ошириб қўйди. Лукашенконинг норозилик позицияси “Белта” белорусь давлат ахборот агентлиги "пештоқи"дан узоқ вақт тушмай турди.

Боз устига, Россия Қозоғистон ва Беларусь ўртасидаги нефть транзити ўтадиган ҳудудини ёпиб қўйди. Яъни Қозоғистондан углеводородлар импортини Минск учун блоклаб қўйди.

Қозоғистон ҳам бундай ғавғолардан холи эмас. У Россия ҳукумати томонида қозоғистонлик экспортёрлар учун сунъий тўсиқлар яратилиши билан боғлиқ муаммоларни мунтазам кўтариб келади. Қозоқ маҳсулотларини мусодара қилиш бу борада энг кўп учрайдиган ҳолатдир.

Шунинг учун ЕОИИга ўхшаган иттифоқларга етти ўлчаб эмас, минг марта ўлчаб кейин кириш керак. Чунки унга кириб олиш қийин эмас, чиқишнинг эса имкони йўқ. Борса — келмас, дейишади-ку эртакларда. Ҳозирги ҳолат эса эртак эмас, балки миллионлаб одамларнинг тақдири турган реал ҳаёт билан боғлиқ.

Бундан олдинги шарҳларимизда ҳам ЕОИИ иқтисодий мазмунга эга бўлса-да, аслида кўп жиҳатдан сиёсий тузилма эканлиги ҳақида ёзган эдик.

Чунки Россия ушбу иттифоқ ёрдамида темир халқалар билан собиқ сателлитлари, яъни йўлдошларини ўзига боғлаб оляпти. Оқибатда ЕОИИда аста-секинлик билан божхона ва солиқ кодекслари ҳам бир хил шаклга кириб боради, унификацияланади. Кейин миллий тузилмаларнинг навбати келади. Сўнг умумий валюта даври бошланади. Сўм ҳам, сом ҳам, тенге ҳам бўлмайди. Фақат Москвадаги станокда чоп этиладиган юз пудли рубль бўлади.

Биз иттифоққа қарши эмасмиз. Боиси глобаллашув жараёнида турли даражалардаги интеграциялар жуда табиий жараёндир. Лекин биз фақат тенг ҳуқуқли иттифоқлар тарафдоримиз. 

Ҳеч ким бир-бирига босим ўтказмайдиган, дўқ қилмайдиган тузилмаларга киришни жуда-жуда истаймиз, ҳатто шунга интиламиз ҳам. Масалан, Жаҳон савдо ташкилотига.

Манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тарихда бугун: ўзбек зиёлилари қатағонга учради

1130 13:15 04.10.2020

Қизиқ тадқиқот: семиз сиёсатчилар бор давлатда коррупция юқори бўладими?

1405 10:20 06.08.2020

Болтиқбўйи давлатларининг Совет Иттифоқига “қўшилгани” қонуний бўлганми?

1314 14:00 19.06.2020

Қуролга айланган тарих

1209 13:30 09.05.2020

АҚШ Собиқ Иттифоқ давлатларидан қурол сотиб олиш ниятида

1621 21:30 05.05.2020
« Орқага