Стилист Каролина Павловская: шоу-бизнесдан исломий либосларгача

16:00 11.01.2019 1226

Каролина Павловская бир неча йиллик стилист тажрибасига эга, шоу-бизнес вакиллари учун образлар яратган. У икки йил аввал Исломни қабул қиланида, ўзининг айтишича, ишсиз қолиш ва пулсиз ўтиришга тайёрланаётган эди. Аммо шариатга мос Annurclothes либослар бренди яратилганидан кейин биринчи ойларданоқ яхшигина даромад ола бошлади.

“Ташқаридан қараганда, ҳаёти тўкис кечаётган муваффақиятли одамсан: базмлар, безаклар, шампан виноси, аммо буларнинг бари мутлақо бўшлиқ”, – дейди Каролина ВВСга берган интервьюсида  ўзининг Исломни қабул қилиш сабаблари ҳақида гапирар экан.

“Мусулмон бўлганимдан кейин бир муаммога дуч келдим: ижодкор шахс сифатида кийиш учун ҳеч нарсам йўқ эди”.

Унинг фикрича, Россиядаги муслималар учун либослар бозори стил таклифлари нуқтаи назаридан анчайин кичик.

Шу тариқа Аnnurclothes брендини яратиш фикри туғилди, Каролина Павловская бу ғояни дугонаси, дизайнер Асия Баеева билан ҳамкорликда амалга оширди. Асиянинг ўз исломий либослар маркаси бор эди, бироқ янги лойиҳа унинг учун ўзига хос тажриба бўлди. Икки жасур дизайнер анъанавий этник унсурларни замонавий стилистик ечимлар билан бирлаштирган ҳамда барча замонлар ва динларда аёлнинг гўзаллиги бегона кўзлардан яширилганини ҳаммага эслатган ҳолда, “энг яхши талқиндаги примитизм” услубида ғайриоддий коллекцияни яратди.  

Коллекцияда табиий матолар, камтар ранглар ва график принтлар устунлик қилади. Бу орнаментлар томошабиннинг диққатини турли маданиятларга мансуб халқ ижодиётининг маиший унсурларига қаратади. Коллекцияни аратишга анчагина куч сарфланди. Каролина ва Асия илҳомланиш учун денгиз сари равона бўлишди ва тамомила ижодий жараёнга шўнғишди.  

Каролина Павловскаянинг айтишича, шариатга мувофиқ либос яратар экан, уни катта шаҳарда ишлайдиган аёл кийиши мумкин бўлишини эътиборга олади.

“Мен ҳар куни, ҳар соатда, ҳар дақиқада ички қарама-қаршиликни бошимдан ўтказаман: мен стилист бўлиб ишламаслигим керак, интервью бермаслигим керак, қаерлардадир кўринмаслигим керак... Маънан ўсиб борганим сари катта нарсалардан воз кечиб боряпман, ҳолбуки, бир йил аввал ўша нарсалардан ажролмас эдим”, – дейди у.

Айни пайтда эса Каролина Павловская Annurclothes устида иш олиб бориш билан бир қаторда мода ҳақида маърузалар ўқияпти, соҳа нашрлари билан ҳамкорлик қиляпти ва бу билан исломий либослар чиқарадиган ҳижобли муслима муваффақиятли бўлиши мумкинлигини кўрсатяпти.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!