Стрессдан қутулиш учун суннатдан 5 тавсия

23:00 14.02.2019 2930

Замонавий ҳаёт ва унинг шиддатли зайлидан деярли ҳамма стресснинг оғир зарбасига учрамоқда.

Биз кўпинча стрессдан халос бўлиш учун самарасиз усуллардан фойдаланамиз: болаларимиз айтганимизни вақтида қилмасалар уларга бақириб-чақирамиз, бирор нарсани уддалай олмасак столга жаҳл билан урамиз ёки миямиздаги оғир ўйлардан халос бўлиш учун комедия кино томоша қилишга тушамиз.

Бироқ мусулмон инсон учун Пайғамбар алайҳиссалом суннатларида стрессдан халос этувчи бир қанча усуллар бор-ки, улардан фойдаланиб ҳам стрессдан қутулиш, ҳам ажр-мукофотга сазовор бўлиш мумкин.

1. Ароматерапия

Бугунги кунда косметика индустриясида кенг қўлланилаётган, стрессни ечишда оммавийлашиб бораётган ароматерапиядан (хушбўйлик билан даволаш) фойдаланиш яхши натижа бермоқда. Супермаркет пештахталарига назар солсангиз сизнинг ҳам бу терминга албатта кўзингиз тушади. Шунчаки ширин ҳидли атирни ҳидлаб ҳам сиз ўзингиздаги руҳий зарба босимини бирмунча пасайтиришингиз мумкин. Иш жойида ёки уйда меъёрдан оширмаган ҳолда парфюмдан фойдаланиб сиз нафақат ўзингизнинг балки, атрофингиздагиларнинг ҳам кайфиятини кўтарасиз. Ухлаш олдидан ёстиқ остига хушбўй совун қўйиш ҳам анча ёрдам беради. Ишонмасангиз синаб кўринг.

2. Табассум қилиш

Стресс ва тушкунлик билан курашда табассум қилишнинг фойдалари ҳақида жуда кўп айтилмоқда. Шунинг учун бугун биз фақатгина психологларнинг сўнгги тадқиқотларини келтириб ўтиш билан кифояланамиз. Уларнинг фикрича қаламни лаблар орасига ётқизиб, тишлар билан тишлаш орқали сунъий “тиржайиш” ҳам руҳий ҳолатни анчагина яхшилай олади. Чунки бундай оддий машғулотни бажарганда табассум чоғида иштирок этадиган юз мушаклари ҳаракатга келади ва рефлекс тариқасида миядан эндорфин ажралиб чиқишни бошлайди.

3. Таҳорат қилиш

Таҳорат жисмни поклаш билан бир қаторда энг асосий икки релаксация – сув билан даволаш ва диққатни бир жойга жамлашни ҳам ўз ичига олади. Таҳорат қилиш мобайнида совуқ сувнинг тана аъзоларингиздан қандай оқиб ўтаётганига эътибор беринг. Баданингиздан оқиб тушаётган ҳар бир томчи сув билан бирга гуноҳларингизнинг тўкилаётганини, қалбингизни жавобгарлик юкидан халос бўлаётганини ўйланг. Ўзингизни жисмонан, ақлан ва руҳан покланаётганингизни тасаввур қилинг.

4. Кечириш

Ўзига озор етказганларга нисбатан хафалик туйғусини олиб юриш – стресс ва тушкунликка олиб борувчи ва унда узоқ вақт қолдирувчи энг асосий йўлдир.

Кечиримли бандаларига Аллоҳ таолонинг берадиган мукофотларини эслаш учун бир неча дақиқангизни ажратинг. “Аллоҳ розилиги учун бошқаларни ( ўзига озор етказганларни) кечирадиган кишини Аллоҳ таоло улуғлайди” (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида жуда кўп жоҳил кишиларнинг ҳақоратларига, ситамларига сабр қилганлар. Тоиф шаҳри аҳолисини Исломга чақириш учун сафар қилганларида шаҳар аҳли Ул Зотни ҳайдаб чиқариб, қўлига тушган нарса билан у кишига озорлар етказди. Ул зот улардан зўрға қочиб қутулдилар. Ҳамма ёқлари қонга беланган ҳолда турганларида Жаброил алайҳиссалом шаҳарнинг ва унинг аҳолисини яксон қилиш учун У кишидан изн сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан ўч олишга имкониятлари бўла туриб ҳам уларни кечирдилар, қайтага Роббиларига дуо қилиб тоифликларни афв этишини, балога дучор этмаслигини сўрадилар.

5. Қуръон тиловат қилиш

Аллоҳ каломининг мўъжизавий оҳанги қалбимиз давоси, оятларнинг маъносини тушуниш эса салбий фикрлардан халос бўлишнинг энг самарали йўли демакдир. Қуръон ўқиб сиз нафақат солиҳ амалларингизни кўпайтириб оласиз балки, руҳан тинчланасиз ва стрессдан фориғ бўласиз.

Кўпчилик стресс ҳолатида кундалик юритади ва ўз ҳис-ҳаяжонини унга тушириб боради. Бу фойдали албатта. Бироқ, бунданда яхшироғи ғам-аламларини, дардларини Аллоҳга айтиб, дуо қилишдир. Роббингизга сизни қийнаётган, хавотирга солаётган муаммоларни тўкиб солинг ва Ўзидан ёрдам сўраб дуо қилинг. Ва албатта буюк Яратувчингиз сизни ёрдамсиз қўймаслигига ишонинг. Меҳрибон ва Раҳимли бўлган Роббингиз ўзига юзланган бандасини ёрдамсиз ташлаб қўймаслигини асло унутманг.

Интернет сарҳадларидан...

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!