Стрессга тушганнинг иймони шубҳали...ми?

12:00 16.02.2019 1303

Оз аммо хос гапирадиганлар бор. Отам ҳам улардан биттаси. Алоҳида яшаганимиз учун бу хос суҳбатлар мен учун янада қисқа бўлади. Бироз аввал бир ғалати гап айтиб қолдилар, жим бўлиб қолдим. Анча пайт хаёлимдан нари кетмади бу гап.  “Стрессга тушганнинг иймонидан шубҳа қиламан” дедилар.

Стрессга доир китоблар ўқиган, вақт-вақт билан ўқувчиларимга “Стресс” хусусида семинар-дарслар ташкил қилганим учун бу ифодани қабул қилиб, мулоҳаза қилишим қийин бўлди. Кўп вақт миямда айланиб юрди. Асримизнинг энг муҳим муаммоларидан бири бўлган руҳий зиқлик ҳақида бунчалик аниқ ва кескин иборани эшитмагандим.

Бир куни бир дўстим билан ҳаётдаги муаммолар ва машаққатлар ҳақида гап бошланганди, мен руҳий зиқлик ва депрессия ҳақида билганларимни гапиришга тушдим. Дўстим ҳам ўзи гувоҳ бўлган ҳолатларни мисол қилиб, фикрларнимни тасдиқларди. Гап орасида отамнинг “Стрессга тушганнинг иймонидан шубҳа қиламан” деганларини айтгандим, Дўстим “Жуда тўғри гап! - деди. - Ҳатто киши руҳий зиқлик туфайли хасталаниб қолса, Аллоҳ бандасини бу учун ҳам сўрайди!” деди...

Руҳий зиқлик ишлатилишига кўра муаммолар учун ҳаддан ортиқ қайғуриш, асабийлашиш маъносини билдиради. Муаммоларни ўйлаб ташвишланиш тушкунлик келтиради, тушкунлик эса одамни касал қилади.

Биров беморликдан азият чекаётганидан ташвишланади. Тушкунликка тушиб дард устига дард орттиради. 

Биров оиласи билан зиддиятларга учраётганидан эзилади. 

Биров болаларининг тарбиясида оқсаётганидан ташвишланади. 

Биров моддий муаммолардан бўғилади.

Биров атрофидагилар ўзини тушунмаётганидан сиқилади.

Биров яқинларидан бирини тупроққа қўйса, ҳаётдан хафа бўлади. 

Ҳаётда муаммо қиладиган, ташвишланадиган жуда кўп нарса бор.  Ҳамманинг муаммоси, дарди ўзига етгулик.

Стресс билан имон қандай боғлиқ бўлади, дейсизми?

Ҳаёт ташвишлари ҳақида гап кетганда хаёлимга Пайғамбарлар келади. Аллоҳ Пайғамбарлар қиссасини бизга қайта-қайта нега эслатади, биласизми? Ўқиб, ибрат олишимиз учун! Пайғамбарларнинг ҳаётидан айрим мисолларни келтириб сизга савол бермоқчиман. 

Айюб алайҳиссаломни беморлик билан синаган Аллоҳ бизни ҳам худди шундай имтиҳон қилиш ҳақига эга эмасми? Беморлигини ўйлаб ташвишланаётган одам “Аллоҳим, нега менинг дард билан имтиҳон қиляпсан?!” дея маломат қилаётган бўлмайдими?

Нуҳ алайҳиссаломни ўғли билан имтиҳон қилган Аллоҳ сизни фарзандларингиз билан синамасинми?

Иброҳим алайҳиссаломни отаси билан синаган Аллоҳ, сизни отангиз билан синамасинми?

Лут алайҳиссаломни хотини билан синаган Аллоҳга “Мени нега жуфтим билан имтиҳон қиласан?” дейиш учун маънавий ҳуқуқим бор, деб ўйлайсизми?

Юсуф алайҳиссаломни туғишганлари билан имтиҳон қилган Аллоҳ, балки сизни ҳам қондошларингиз билан синаётгандир?

Барча пайғамбарларнинг ҳаёти муаммо ва ташвиш (имтиҳон)лардан иборат бўлганини ҳисобга олсак, бизнинг ҳаётимизда ҳам муаммо ва синовлар бўлиши оддий ҳол эмасми?

Отаси ёки онасидан айрилганида тушкунликка тушганлар Аллоҳга “Менинг онамни ёки отамни нега оласан?!” деб иддао қилишга маънавий ҳақлари борми?

“Фарзанд доғи катта дард” дейдилар. Бу дарддан азият кўрган ота-оналар “Аллоҳ фарзанд доғини ҳеч кимга кўрсатмасин!” дейдилар.

Оламларга раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни фарзанд доғидан ҳимоя қилмаган Аллоҳ бизни бу дарддан ҳимоя қилишини кутишга ҳақимиз йўқлигини мулоҳаза қилганмизми? Беш марта фарзанд доғи билан синалган Пайғамбарнинг уммати эканимизни билишимиз керак.

“Биродар, улар Пайғамбар, биз оддий одамлармиз!” дея эътирозга шошилманг. Пайғамбарлар ҳам биздай ўксиган, йиғлаган, Аллоҳга сиғинган инсонлар бўлган. Аллоҳ таоло томонидан хос сифатлар билан сийлангани ва танлангани ул зотларнинг “инсонга хос” изтиробларга таъсирсиз бўлган, деган маънони билдирмайди.  Бизнинг вазифамиз —ҳаётни тўғри тушуниб қабул қилишдир. Пайғамбарларни дарду изтироблар, ғам-қайғудан йироқ тутмаган Аллоҳ, бизни ҳам ташвишлардан холи яшатмаслигини унутмаслигимиз керак. 

Стресс ва иймон орасидаги боғлиқликни ўйлаб юрган кезларимда қаердандир бир жумлани ўқидим. Саволларимга жавоб топгандай бўлдим. Кўнглим ёришди. Бу сўзлар мен излаган олтин калит эди. Уларни сизга  ҳам тавсия қиламан. Қачонки, бир дунёвий дард сизни изтиробга солса Роббингизга юзланиб “Менинг буюк дардим бор!” деманг, аксинча, дардингизга қараб: “Менинг буюк Роббим бор!” денг...

“Стресс ва иймон” китобидан 
Умида АЗИЗ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!