Судан мухолифати иш ташлашни тўхтатди

11:30 12.06.2019 134

Суданда фуқароларнинг мухолифат ҳаракатига бошчилик қилаётган Судан профессионаллар уюшмаси иш ташлашни тўхтатади ва ҳарбий кенгаш билан музокараларни қайтадан бошлайди. Бу ҳақда уюшманинг Твиттердаги саҳифасида маълум қилинди. 

Музокаралар тўғридан-тўғри эмас, балки эфиопиялик воситачи ёрдамида олиб борилади. Томонлар муваққат ҳукуматнинг энг асосий органига айланиши мумкин бўлган суверен кенгаш тузилишини муҳокама этиши кутилмоқда. Аввалига мухолифат ҳарбийларнинг ҳукуматдан кетишини истаётган эди. 

Маълумки, жорий йилнинг апрелида Суданни 30 йил бошқарган президент Умар Башир узоқ давом этган норозилик намойишларидан кейин ағдарилгач, ҳукумат ҳарбийларнинг қўлига ўтди. Май ойи ўрталарида мамлакатни уч йил давомида ҳарбийлар ва мухолифат вакилларидан иборат кенгаш бошқаришига келишиб олинди. 

Бироқ томонлар бу кенгашни айнан ким бошқариши масаласида муроса қилолмади. Ҳарбийларнинг норозилик акцияси иштирокчиларини тарқатишга уриниши оқибатида эса ўнлаб киши ҳалок бўлди. 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!