Судандаги ҳарбий тўнтаришдан ўн кун ўтиб, аввал ҳибсга олинган тўрт нафар вазир озод этилди. Давлат телевидениесининг 4 ноябрь, пайшанба куни хабар беришича, Қуролли кучлар олий қўмондони, генерал Абдулфаттоҳ Бурҳон Алоқа вазири Ҳошим Ҳасаб Расул, Савдо вазири Али Жаддо, Маданият ва ахборот вазири Ҳамза Балул ҳамда Спорт вазири Юсуф Одамни озод қилишга буйруқ берган.
Вазирларни озод қилиш ҳақидаги буйруқ эълон қилинишидан олдинроқ БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Бурҳон билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни Суданга демократик ислоҳотларга қайтишга имкон беришга ҳамда мамлакатдаги сиёсий инқирозни бартараф қилиш, конституциявий тузум ва ўтиш жараёнини тиклаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чақирди. Гутерриш, шунингдек, уй қамоғида сақланаётган ҳукумат аъзолари, жумладан, бош вазир Абдулла Ҳамдукни озод қилишга чақирди.
Аввалроқ Судан армияси яқин орада янги ҳукумат таркиби эълон қилинишини айтган эди.
Эслатиб ўтамиз, Суданда ҳарбийлар 25 октябрь куни ҳокимиятни қўлга олди ва мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Уларнинг етакчиси, генерал Абдулфаттоҳ Бурҳон ҳукуматни ҳамда мамлакатни демократлаштириш жараёнини назорат қилувчи Суверен кенгашни тарқатиб юборди.