Суданда ҳарбийлар ва мухолифат ўртасидаги музокаралар муваффақиятсизликка учради

09:30 06.06.2019 209

Суданда ҳокимиятни бошқариб турган ҳарбийлар ва мухолифат ўртасидаги музокаралар муваффақиятсизликка учради, дея хабар бермоқда DW.

Кеча, 4 июнь куни мухолифлар ҳарбийларнинг янги сайлов ўтказиш ва бошқа масалалар бўйича таклифларини рад этди. Ўз навбатида Ҳарбий кенгаш аввал эришилган икки томонлама битимлардан чиқишини маълум қилди.

Кенгаш раиси, генерал Абдулфаттоҳ Абдулраҳмон мамлакат аҳлига видеомурожаат йўллаб, яқин тўққиз ой ичида сайлов ўтказилишини айтди. Мухолифлар эса норозилик намойишларини давом эттириш ниятида, улар сайловдан олдин ўтиш даври ҳукумати тузилишини ва унинг таркибида ноҳарбийлар ҳам киритилишини истамоқда.

Куни кеча ҳарбийлар пойтахт Хартумда норозилик намойишчиларини тарқатиш учун куч қўллади, бунинг оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Суданни ўттиз йил бошқарган Умар Башир апрель ойида ҳокимиятдан четлатилди ва ҳокимиятни Ҳарбий кенгаш ўз қўлига олди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!