Суданнинг Африка Иттифоқидаги аъзолиги вақтинча тўхтатилди

12:30 07.06.2019 347

Африка Иттифоқи Суданни мазкур ташкилот аъзолигидан вақтинча четлатди. Бу ҳақда иттифоқнинг Тинчлик ва хавфсизлик кенгаши Твиттердаги саҳифасида маълум қилди.

Суданнинг Африка Иттифоқидаги аъзолиги мазкур мамлакатда муваққат ҳукумат тузилганидан кейингина тикланиши мумкин.

Судан шифокорлар бирлашмасининг маълум қилишича, 3-5 июнь кунлардаги норозилик намойишларида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 40 кишининг жасади Нил дарёсида топилган. Бундан ташқари, 500 га яқин киши яраланган. Судан Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса ҳалок бўлганлар сони 61 нафар эканини билдирди.

Ҳарбийлар мамлакатни 30 йил бошқарган Умар Баширни ҳокимиятдан четлатгандан кейин ҳам Суданда барқарорлик ўрнатилмади. Мухолифат ҳарбийларнинг ҳокимиятдан кетишини талаб қилмоқда.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!