Судхўрлик

00:00 15.12.2018 1041

Аллоҳ таоло ўз китобида судхўрлардан бошқа ҳеч кимга уруш эълон қилгани ҳақида хабар бермаган. Аллоҳ таоло айтади: "Эй мўъминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўъмин бўлсангиз судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз. Энди агар бу буйруққа итоат қилмасангиз у ҳолда Аллоҳ ва Пайғамбари томонидан бўладиган урушга ишонаверинг". ("Бақара" сураси, 278-279 оят)

Бу жиноят Аллоҳнинг ҳузурида нақадар оғир эканлигига мазкур оят кифоядир. Судхўрликда иштирок этган икки томон, воситачилик қилганлар, ёрдам берганларнинг ҳаммаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан лаънатланганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рибо еювчини ҳам, едирувчини ҳам, уни қайд қилувчини ва унга гувоҳ бўлганларнинг барини лаънатладилар ва улар гуноҳда тенгдир”, дедилар.

Шунга биноан судхўрликни қайд этишда, олишда, беришда, сақлашда, умуман қандай тарзда бўлса ҳам кўмаклашиш ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оғир гуноҳнинг нечоғли қабиҳлигини баён қилиб шундай деганлар: “Рибо етмиш уч даражадир, шунинг энг енгили киши ўз онаси билан зино қилгани кабидир, рибонинг энг каттаси мўъминнинг обрўсидир”, яъни унга тил теккизишдир.

Яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг судхўрликдан билиб туриб бир дирҳам емоғи, ўттиз олти марта зинодан оғирроқдир”, деганлар.

Судхўрлик ҳаммага баробар ҳаром қилинган. Бунда бой билан камбағал ўртаси ажратилмаган, балки унинг ҳукми барча ҳолат ва барча шахсларга тенгдир. Қанча-қанча бой-бадавлат кишилар, катта савдогарлар, судхўрлик сабабидан касодга учраганларига тарих гувоҳдир. Касодга учрамаган тақдирда, мол-дунё беҳисоб бўлсада, баракаси бўлмайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рибода мол кўпайса ҳам оқибати кам бўлади”, деганлар. Шунингдек рибо фоизнинг кўп ёки оз бўлиши билан белгиланмайди. Унинг ози ҳам кўпи ҳам ҳаромдир. Судхўр қиёмат куни жин урган кишидек қабридан шайтонлаб туради.

Судхўрлик оғир жиноят бўлсада, лекин ундан тавба қилиш мумкинлигини ва бунинг қандай бўлишини Аллоҳ таоло кўрсатиб қўйган: “Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга, зулм ҳам қилмассиз, зулм ҳам кўрмайсиз”. ("Бақара" сураси, 279-оят)

Олимжон КАРИМОВ
Пешку туман "Хўжа Пешку" 
жомеъ масжиди имом хатиби

Манба: ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!