Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Судья пора олса, ошкор қилинмайди(ми)?..

1333

Хоразм вилояти Боғот тумани судига мурожаат қилган фуқарога бошқа тумандаги судья ўз «хизмат»ини таклиф қилган. У ҳамкасбига пора бериш орқали ишни ҳал қилиб беришини айтган. Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси А.С. 10 минг доллар пора сўраб, шундан 1200 долларини олган вақтда ҳибсга олинган. Бу ҳақда kun.uz сайти хабар берди.

Ушбу суд иши Х.Р.нинг даъво аризаси асосида очилган бўлиб, у суддан Хива шаҳри, Лолазор маҳалласи, Зуҳра кўчасида жойлашган, 800 кв метр ер майдонидан иборат, қурилиши тугалланмаган уй-жойнинг олди-сотди шартномасини бекор қилишни сўраган.

4 октябр соат 14:30ларда прокуратура ва ички ишлар ходимлари ўтказган тезкор тадбирда, фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси А.С. фуқаро Х.Р.нинг Урганч шаҳридаги уйида, талаб қилинган 10 минг доллардан кимёвий ишлов берилган 1200 долларни олган вақтида, ашёвий далиллар билан ушланган.

Эртасига, 5 октябр куни Судьялар олий кенгаши А.С.ни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари ва 28, 211-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисида хулоса берган. Шу куни Олий суд Пленумининг А.С.ни жиноий жавобгарликка тортиш ва қамоққа олишга розилик бериш тўғрисидаги қарори чиққан.

Шунингдек, Судьялар олий кенгашининг 5 октябрдаги қарори билан, А. С. лавозимидан озод этилиб, ваколати муддатидан илгари тугатилган.

Қайд этиш жоиз, юқорида тафсилотлари келтирилган жиноят ҳақида жамоатчиликка Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева маълум қилган эди. 

Бундан ташқари, Тўхташеванинг чиқиши ортидан аҳоли Тошкент шаҳар маъмурий судидаги жиноятдан ҳам хабар топди. Пойтахт маъмурий суди судьялари ва ёрдамчилари ҳайдовчилар жаримаси ортидан 5 мингга яқин сохта қарорлар чиқариб, 8 млрд сўмни талон-торож қилгани айтилмоқда.

Яна бир ҳолатда, Тошкент вилоятида уй қамоғидаги шахснинг зиёфатида қатнашган судья кўп ўтмай уни озодликка чиқарган.

Шу ва бошқа ҳолатлар Антикоррупция агентлиги томонидан ошкор этилиши ортидан, Олий суд изоҳ берди ва фақат коррупцион ҳолатлар гапирилиб, кўрилган чоралар ҳақида гапирилмаганига эътибор қаратди.

Олий суд маълумот ўрнида келтирдики, 2020 йилнинг 11 ойи мобайнида ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 27 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, 8 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилган.

«Жамоатчилик коррупционер судьялар ҳақидаги хабарларни суд тизимидан эмас, бошқалардан эшитар экан – бу тизимга ишонилмайди»

«davletovuz» телеграм канали муаллифининг фикрича, ҳуқуқ идоралари ўз тизимларида содир бўлаётган жиноятлар ҳақида нохолис равишда сукут сақламоқда.

«Оддий ўқитувчи ёки шифокор пора олса, банкир қўлга тушса, ҳуқуқ-тартибот идоралари бутун элга жар солади; бирор журналист қонунни бузса, биринчи бўлиб қораланади, изза қилинади. Лекин охирги пайтларда кўраяпмизки, суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари сафларидаги порахўр, фирибгар ва қонунбузарлар тиқилиб ётибди. Шунчаки, улар ўз сафидаги «айрим адашиб қолган» ишларини «ёпди-ёпди қилади», оғиз бирлик қилиб, бу ҳақда батафсил ахборот бермайди. Узоғи билан йил охирида тизимдаги 5 ёки 6 нафар нопок ходимдан воз кечилди, дейилади холос.

Масалан, «Арк булоқ» божхона пости бошлиғининг уйида ўтказилган тинтувда, пора сифатида олинган 311 минг доллар нақд пуллар олинган. Жиноий йўл билан топилган пуллар эвазига Бўстонлиқ туманида 8 сотихли дала ҳовли қургани, «Тошкент сити» мажмуасидан 2 та хонадон ва битта нотурар жой ҳамда «Каптива» автомашинасини сотиб олгани аниқланган. Президент ва Бош прокурор айтмаса, биз бундан бехабар қолар эдик.

Ёки кеча Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташеванинг шарофати билан коррупционер судьялар ҳақида билиб олдик. Судьялар карантин пайти суд ҳукми билан озодлиги чекланган шахснинг туғилган кунида қатнашади. Мазкур судья маҳкумга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиб, уни озодликка чиқарган.

…Суд тизими ўзининг мустақиллигига, қонунчилик кўп ҳолатларда улар тарафда эканлигига урғу бериб, жамоатчилик назоратидан қочишга ҳаракат қилади, суд ишларига журналистларни киритмасликка интилади, айбсизлик презумпциясини пана қилиб, ўзининг ҳуқуқ билимдони сифатида кўрсатади. Суднинг обрўси, ишчанлик нуфузини рўкач қилади. Ваҳоланки, уларнинг орасида адолатга, манфаатлар тўқнашувига тупуриб қўйган, миллиардлаб маблағларни ўзлаштиришда бевосита иштирок этаётган судьялар ҳам тиқилиб ётибди.

Суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўз тизимларидаги коррупционерларга нисбатан муросасиз, тоқатсиз бўлиши керак. Бунинг учун тизимдаги ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат ҳақида у аниқланиши биланоқ жамоатчиликка қуруқ эмас, батафсил ахборот берилиши лозим. Айбсизлик презумпцияси ва тергов сири ҳамда бошқа қонун нормалари рўкач қилинмаслиги керак. Жамоатчилик коррупционер судьялар ҳақидаги хабарларни суд тизимидан эмас, бошқалардан эшитар экан – бу тизимга ишонилмайди, ҳамкасбларининг қилмишларини «мундир шаъни» тарзида хаспўшлаш бўлаяпти, деган шубҳага борилади», – деб ёзади блогер.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

"Шайтон ҳеч қачон пора олмайди"

1333 07:00 04.03.2021

Собиқ прокурор порахўрлик ҳақида...

1168 14:42 27.10.2020
« Орқага