Сўфи Оллоёрнинг фарзандига насиҳати

23:00 03.06.2019 1016

Сўфи Аллоҳёр Марказий Осиё нақшбандия-мужаддидия тариқатининг йирик намоёндаси, туркий тасаввуф адабиётининг машҳур вакилларидан бири, мутасаввиф шоир, адиб, йирик диншунос аллома ва давлат арбоби сифатида Туркистон халқлари ўртасида юксак ҳурмат-эътибор қозонган сиймодир.

Сўфи Аллоҳёр 1663 йилда Самарқанддаги Каттақўрғон мавзеъида, солиҳ-тақводор Оллоқули хонадонида дунёга келади. Сўфи Аллоҳёр ўзбек халқи этник қатламининг минглар қавмининг хитой-қипчоқ қабиласи, ўтарчи уруғига мансубдир.

Қадимда шарқ адабиётида адибларнинг ўз фарзандига асар бағишлагани ёки бирор асарида фарзандига насиҳатлар қилиши анъана бўлган. “Маслакул-муттақин”да ҳам ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, меҳрибон, диёнатли, фақиҳ отанинг ўғлига қилган насиҳатлари ўрин олган. Ота ўз ўғлига икки дунёнинг бахтиёрлиги учун нима қилса, у дунёю бу дунё саодатга эришиши мумкинлигини таъкидлаб бундай насиҳат қилган:

“Эй кўзимни чироғи ва дилимни хўшаси (меваси)!

Икки дунёда Худойи таоло ёринг бўлсин, бир неча пандни сенга айтармен. Ани ёд қил. Отанг нокаслар бирла юриб умрини зое қилди. Сен умри азизни зое қилма. Отанг умрини жоҳилликда ўтказди. Сен бу дунёни иззатига мағрур бўлмай, шаръи Мустафога ёр бўл. Агар Худодан қўрқсанг, илми қол ва ҳолни дарбар қил (эгалла). Яхши амални қўлға олиб йўлға киргил. Дилингга Худойи таоло хавфи охиратни солур ва яна содиқлар бирла суҳбат қилмоқ Худони амридир. Ҳар киши Худони амридан бўйун товласа, унга жазо бўлур. Фосиқларни суҳбатидан узоқлашиш вожибдур. Ўтган пайғамбарлар Худони топиб ҳаргиз кишидан тамаъ қилмадилар, улар кифоя қилувчи бирор касб билан шуғулланганлар. Ақрабонг (қариндош-уруғинг) ҳар қайсиси бир подшони хизматидадур. Аларнинг олдида отанг бир оқсоқ мўрча (чумоли)дур. Мени юришимга алар ор қилурлар ва мени либосимдан номус қилурлар. Агар сени чақириб, мансаб берсалар, сен ҳам аларни амалларидин ор қилғайсен. Агар қадрини билсанг, бечоралик сенга подшоҳликдан зиёдадур. Ямоқлик жоманг атлас жомадин зиёдадур.

Қайноқ қалб билан қаттиқ ерда ётиш юз минг юмшоқ кўрпага ётгандан кўра яхшироқдир. Огоҳлик, ҳушёрлик билан бошоқ териш (деҳқончилик қилиш) юз амирлик ва шоҳликдан яхшироқдир. Юз ямоқлик эски тўн минглаб зарли либослардан яхши, ҳар ҳафта бир ҳовуч қовирилган арпа (насибанг бўлса), миннатлик шакардан яхшироқдир.

Худони қисматиға қаноат қилғил. Агар аларни амалини ихтиёр қилсанг, мен (сендан) безордурман. Ва яна дардманларға улфат бўлғилки, баҳравар бўлурсен. Худони ризолиғига жустужў қилғил (ризолигини истагил). Сени ёмонлиғингга ризолиғим йўқдур. Мени бу пандларим сенга гавҳардур, ани қулоғингга олғил, тақвони либосини кийгил. Ва ҳимматни асосини қўлға олғил. Шариатдин тажовуз қилма (шариатдан чиқсанг), роҳи шайтонға кетгайсан.

Йигитликка мағрур бўлма. Ҳар ким шариатдин йироқдир. Худодин йироқдур. Ўзингни фосиқларга қўшиб ширин жонингни ўтға солма.

Тавозени пеша қилғилки, манфаатлар кўрарсен. Динни йўлиға ғайрат қилғил, бу ғайрат сени улуғ мақомга еткурур.

Ғайратликни Худо дўст тутар. Эй кўзумни тўтиёси! Дуойим будурки, қиёматғача гуноҳдан пок бўлғайсен!”

Равшан МИРЗАЕВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!