Суфён Саврийни йиғлатган аёл...

00:00 22.02.2019 1308

Абдуллоҳ ибн Муборак айтади: Суфён Саврий кўфалик Умму Ҳисон исмли жуда ҳам тақводор ва обида аёл ҳақида сўзлади.

Иккаламиз у аёл уйига зиёратга бордик. Уйда бир парча намат бўлагидан бошқа нарса йўқ, ўта ғариб ҳолда эди.

Суфён Саврий унга:
- Агар қариндошларингизга бу ҳолатингиз ҳақида билдирсангиз, сизга ёрдам беришиб, аҳволингизни ўнглашар эди, - деди.

Шунда аёл унга деди:
- Эй Суфён! Шу пайтгача сиз қалбимга улуғ, кўзимга виқорли кўринар эдингиз.

Мен дунёни уни беришга Қодир, унинг Молики бўлган, унда ҳукм қиладиган Зотдан сўрамайман. Энди уни беришга қодир бўлмаган, молики бўлмаган, унда ҳукм қилмайдиган кимсадан қандай қилиб сўрайман?!

Эй Суфён! Бирон бир вақт йўқки, у вақтда Аллоҳдан бошқа нарса ила машғул бўлиб, Аллоҳ зикридан қолишни асло истамайман.

Суфён Саврий унинг бу сўзларидан йиғлаб юборди.

Абдуллоҳ ибн Муборак айтади: Менга етишича, Суфён у аёлга уйланди.

Тақводор бўлса аёл, эрлардан-да яхшидир! 
Холиқдан қўрқиши-ла, яхшиларнинг нақшидир!

Ибнул Жавзийнинг "Софватун нисо" китобидан
Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!