Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Сўконғич имомнинг орқасида ким турибди?

17092

Таҳририятимизга Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Заркент қишлоғида яшовчи бир гуруҳ юртдошларимиз мурожаат қилди. Унда билдирилишича, мазкур қишлоқдаги намозхонлар “Абу Ҳанифа” номли масжид имоми Н. Аҳмадалиевнинг фаолиятидан тамоман норози. Вазиятни яқиндан ўрганиш мақсадида Azon.uz ахборот таҳлилий портали мухбири Фарғона вилоятига хизмат сафари билан бориб келди.

Аввало, Тошлоқ тумани ҳақида қисқача. Ушбу туман қадим ва мунаввар Марғилон шаҳрининг шундоққина қаватида жойлашган бўлиб, аҳолининг турмуш тарзи, маданияти, маънавияти ҳам марғилонликларникига жудаям ўхшаб кетади. Дину диёнатда бу икки маскан халқи деярли бир хил, десак хато бўлмайди. Буни ташқаридан борган киши дарҳол сезади. Шунинг учун бўлса керак, тошлоқликлар орасида диний билимга эга олимлар, соф ислом ақидаси ила яшашни шиор этган диндорлар кўп. Заркентликлар билан суҳбатлашиш асносида бу хулосага такрор ва такрор келдик, уларга бўлган ҳурматимиз янада ошди. Шикоятчиларнинг арзини тингладик, иккинчи тарафнинг ҳам фикрларига қулоқ тутдик. Чунки журналистик суриштирув холис бўлиши учун бу албатта зарур иш.

“Абу Ҳанифа” номли масжиди қавми бир ярим йил аввал имом этиб сайланган (халқ орасида Ортиқали номи ила таниқли) Нишонбой Аҳмадалиевнинг фаолиятидан асло рози эмас. Уларнинг билдиришича, Н.Аҳмадалиев нафақат илми саёзлиги, балки одоб-ахлоқ жиҳатидан ҳам имом деган мўътабар рутбага, муборак меҳробга лойиқ эмас. Ҳар бир мусулмонда бўлиши лозим бўлган омонатдорлик фазилати йўқ. Жаҳли чиқса, “любойингни устингдан ваҳҳобий деб ёзиб тиқтириб (қаматиб) юбораман”, деб дағдаға қилади. Ўзининг орқасида “акалари” борлигини, ҳеч ким унга бас келолмаслигини иддао қилишдан чарчамайди. Ўзи Андижондаги мадрасада ўқиганини қайта ва қайта таъкидласа ҳам, аслида у ерда ўқимаган. Бундан ташқари узоқ жойда яшаши важидан жанозалар намозлари вақтида адо этилмайди, никоҳ ўқиш ҳам таъхир қилинади...

Бу каби оғир даъволарни исботи сифатида бир қатор аудио ва видео материаллар тақдим этишди. Тўғриси, бу аудиолардаги гапларни ҳар қандай инсон эшитиши малол, оғир, дилхираликдан бошқа нарса эмас. Н.Аҳмадалиевнинг оғзидан чиққан ҳақорат ва уят сўзларни эшитиш бани одам фарзандига жудаям оғирлик қилади. Шу жаҳатдан уларни охиригача тинглай олмадик, маъзур кўринг. Аммо эшитган жойимиздаги учта жиҳатни алоҳида таъкидлаб қўймасак, ўқувчиларимизга манзара тўлиқ намоён бўлмайди (бу иддаоларни Н.Аҳмадалиев мардларча тан олди, тонмади).

1.  Н. Аҳмадалиев маърузаларининг бирида шундай дейди: “Рибо ҳаром қилинган, аммо... Пошшонинг амри вожиб, дейилган. Тўғрими? Шундай экан, раҳбарлар кредит ол, дедими, демак кредит олиш вожиб бўлади...”

2.  Н. Аҳмадалиев масжид қурилиши билан шуғулланиб юрган йигитлардан бирини фаҳш гаплар билан ҳақорат қилади. Агар жиғига тегадиган бўлишса, тегишли органларга мурожаат қилиб “тиқтириб” юборишини, масжидни ёптириб, бирор тадбиркорга ишлаб чиқариш цехи қилиш учун бердириб юбориш билан таҳдид қилади (қизиқ, юридик жиҳатдан нодавлат ташкилоти бўлган, диний тушунчаларимизга кўра Аллоҳнинг байти бўлган муқаддас саждагоҳ бир имомнинг бир оғиз гапига ёпилиб кетаверса-я?!) Ё алҳазар!

3.  Масжид саҳнига “брусчатка”ни 50 млн сўмга гаплашади, аслида бу иш (“брусчатка”ларнинг сифати ва сони фарқ қилмаган ҳолда) бор йўғи 20 млн сўмга тушади. Н. Аҳмадалиевга қиммат нарх айтганларга эмас, арзонига қилдириб, ортган пулни бошқа харажатларга ишлатишни таклиф этишади. Аммо имом бунга кўнмайди, “брусчатка”га пул берган бераётган ҳомий фақатгина шунга ишлатилсин, деди”, деган кулгили, таъбир жоиз бўлса, куракда турмайдиган баҳона ишлатади...

Юқоридагилар масжид қавми айтган ва аудио орқали тасдиқланган иддаоларнинг бир қисми, холос. Бошқаларига тўхталишга вақт ҳам, тоқат ҳам йўқ.

Бу гаплар қанчалик ҳақ эканини билиш учун Н. Аҳмадалиев билан учрашдик. Унинг жавоблари қуйидагича бўлди:

1.  Кредит масаласи бўйича ростдан ҳам шунақа деган ва бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллигига тушунтириш хати берган.

2.  Ҳақиқатдан ҳам ҳақорат қилган, аммо масжидда эмас, телефон орқали суҳбатда. Буни тан олади. Масжидни ёптириб юборишини айтгани ҳам тўғри (буни бизга ҳам алоҳида таъкидлади: юқорига битта билдирги ёзса, кифоя эмиш. Қанча қишлоқ ва маҳалла аҳли масжид очиш дардида, Н.Аҳмадалиевга ўхшаганлар эса...). Қаматиб юбориш тўғрисидаги таҳдидларидан тонди(гарчи аудиоёзуви бўлса ҳам).  

3.  “Брусчатка” масаласи бўйича гаплашган устаси аввал ўзи ишлаган Қўштепа туманидаги “Султони орифийн” масжидига бепул иш бажариб берган ва эндиги ишлаётган жойига шу нархни айтган. Қолаверса, ҳомий фақат шу ерга ишлатилсин деган.

Бу Н. Аҳмадалиевнинг саволларимизга жавоблари эди (демак, қавмнинг шикоятлари тўғри, деярли ҳаммаси имом томонидан тасдиқланди). Бундан ташқари Н. Аҳмадалиев 2018 йили Андижон вилоятидаги мадрасани тамомлаганини айтди. Унинг қўлида буни тасдиқловчи маълумотномаси бор, лекин ҳозирча дипломи йўқ, чунки бунинг учун икки йил ишлаб бериши керак эмиш. Тошлоқ туманида икки масжидда имом йўқлигини, шунинг учун ҳам ўзи қарийб 20 км дан қатнаб ишлашини, бу фитналар ортида собиқ имомлар турганини ҳам ўзини оқлаш мақсадида важ қилиб келтирди. “Абу Ҳанифа” номли масжидда тушган хайрия пулларини ўзлаштирувчи расмий-норасмий кишилар бор, уларни бўшатиб юборган, шу кишилар ўзига қарши фитна қиляпти, қолаверса, ўзи жудаям таъсирли маъруза қилгани учун намозхонлар сафи кенгайган... эмиш...

Ушбу фикрлар қанчалик ҳақ эканини билиш мақсадида Фарғона шаҳрига, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигига бордик. Вилоят бош имом хатиби Убайдуллоҳ қори Абдуллаевни ҳам ва у кишининг ўринбосарини ҳам тополмадик, Қўқон шаҳрига кетишган экан (ортларидан излаб Қўқон томонларга ҳам бордик, аммо муҳтарам қори акаларимиз билан ҳали-ҳануз алоқа боғлай олмадик). Шундай бўлса ҳам бош муҳтасиб Иқболжон Аҳмадалиев билан ўзимизни қизиқтирган саволларга етарлича жавоб олабилдик.

Бош муҳтасибнинг айтишича, чиндан ҳам масжидда қурилиш учун эҳсон пуллари йиғилган ва бу маблағ тегишли тартибда кирим қилинмаган. Аммо бу дегани Н. Аҳмадалиев иддао қилгани каби “еб юборилган” эмас, аксинча, масжид қурилишига ишлатилган (ахир масжид ўз-ўзидан бунёд бўлиб қолмайди-ку?!). Қолаверса, Н. Аҳмадалиев айтганидек, Тошлоқ туманида иккита эмас, балки битта масжидда имом йўқ, холос.

“Туманлар бўйича кадрлар рўйхати шакллантириладими, яъни мадраса ва бошқа диний билим юртларини тамомлаганлар рўйхати?” деган саволимизга Иқболжон Аҳмадалиев “Йўқ” деб жавоб берди. Мустақил ўрганишимизга кўра, биргина Тошлоқ туманида ўн нафарга яқин диний билим юртларини тамомлаган йигитлар бор. Лекин улар қолиб, 20 км нарида яшайдиган киши қарийб 15 минг нафар фуқаро яшайдиган ҳудудга имом бўлиши қанчалик мантиққа тўғри келади?! 

Н. Аҳмадалиевнинг ҳужжатлари билан танишиш, ростдан ҳам юқоридаги билим юртини тамомлагани ҳақидаги гапига ойдинлик киритиш ниятида эдик. Афсуски, вилоят вакиллигида имомларнинг ҳужжати сақланмас, ҳаммаси Ўзбекистон мусулмонлари идорасига юборилар экан (Тошкентга қайтганимизда диний идорадагилар ҳам Н. Аҳмадалиевнинг ҳужжатларини кўрсата олишмади). Қизиқ!..

“Имом сайлаш ёки тайинлаш тартиби қандай? Ахир масжид қавми билан имом бир бирини кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ бўлса ҳам, чора кўрилмайдими?” деган ҳақли саволлар туғилиши табиий.

Билишимизча, имом номзодини вилоят вакиллиги Диний идорага тавсия этади, Дин ишлари бўйича қўмита хулоса беради, кейин муфтий ҳазратларининг буйруғи чиқади. Бу жараённинг қанчалик тўғри ва қонунийлигига ортиқча тўхталиш ниятимиз йўқ, сабаби жавобини кутаётган саволлар шундоқ ҳам кўп...

Шулардан бири Н.Аҳмадалиевнинг “мадраса кўрган-кўрмагани” масаласи. Оғзаки суриштиришимизга кўра, Н.Аҳмадалиев Андижондаги билим даргоҳига ўқимаган. Бунга ҳам қаноат қилмай, “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мудири в.б. Рустамжон Маҳмудов номига хат билан мурожаат қилдик. 29 март куни мудир имзоси билан юборилган 23-4/12 рақамли жавоб хатида “Фарғона вилояти Қўштепа туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган Аҳмадалиев Нишонбой Каримбердиевич “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртида ўқимаган”и расман билдирилган (хат нусхаси илова қилинади).

Ўрганиш ва изланишларимиз ортидан (халқ тилида Ортиқали дейиладиган) Нишонбой Аҳмадалиевнинг имом деган муборак номга, меҳроб деган мўътабар жойга нолойиқ эканига амин бўлдик.

Нега? 

Биринчидан, гарчи ўзи иддао қилса ҳам, аслида етарли диний билимга эга эмас. Буни кредит ҳақида билдирган фикрларидан ҳам англаш мушкул эмас.

Иккинчидан, ўзини оқлаш учун масжид аҳлига туҳмат қилиши, ёлғон гапириши, уятсиз сўзлар билан бу нафақат имомга, балки оддий мусулмонга ярашадиган иш эмас!

Учинчидан, рисоладагидек имом ўзига қарши фикр билдирган мусулмонларни қаматиб юбориш билан таҳдид этади?!

Тўртинчидан, унинг ишида фирибгарлик аломатлари бор. Назаримизда у қалбаки ҳужжат билан нафақат диний идорани, балки бутун бошли жамиятни лақиллатишга уринмоқда. Биз ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлардан бу масалага эътибор қаратишларини ва Ўзбекистон жиноят кодексининг 228-моддасига кўра) “Н. Аҳмадалиев иши”га ҳуқуқий баҳо беришларини сўраймиз.

Сабаби Н. Аҳмадалиев каби “адашиб” келиб қолганлар юртимизда холис хизмат қилаётган бошқа ҳурматли имомларимиз шаънига доғ тушуришига йўл қўймаслигимиз керак.

Азиз ўқувчи! Мазкур журналистик суриштирувимиз узоқ изланиш ва кўп мулоҳазалар ортидан ҳукмингизга ҳавола этилди. Мақсадимиз холис, иншааллоҳ, яъни меҳробларимизга нолойиқ кишилар динимиз обрўсини тўкмасин, халқ бундай кимсаларга қараб бошқа имомлардан ҳам ҳафсаласи пир бўлмасин. Кўнглингизни ранжитган, дилингизни хира қилган бўлсак, узр сўраймиз.

 

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири,
Тошкент-Фарғона-Тошкент

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шукруллоҳ домла Эгамбердиев янги вазифага ўтказилди

4959 21:55 28.05.2021

Абдулҳай Имонқулов Хабаровск марказий масжидининг имоми этиб тайинланди

1254 13:40 07.05.2021

Имомнинг қизи эшикни тақиллатар эди...

1991 22:00 20.04.2021

120 ёшида ҳам таровеҳ намозига имом бўлган зот

1719 13:30 14.04.2021

Диний идорадан расмий жавоб, заркентликлардан миннатдорчилик мактуби келди

1999 20:00 08.04.2021

“Сўконғич имом” ишдан ҳайдалди

8621 10:00 02.04.2021
« Орқага