«Султон Абдулҳамид» сериали намойишини тўхтатиш учун Исроил ва Европадан босимлар бўлган

10:00 25.02.2019 19862

Туркия ижодкорлари томонидан намойиш этилаётган "Пойтаxт Абдулҳамид" сериали cценарий муаллифи сериал ишини тўхтатиш учун Исроил ва Европа давлатларидан босимлар бўлганини очиқлади.

Бу ҳақда шанба куни Истанбулда “Араб журналистлар уйи” жамияти томонидан ташкил қилинган сериалнинг араб томошабинларга таъсири ҳақидаги санъат форумида айтилди.

Тадбирда сериал ижодкорларидан ташқари ўнлаб журналистлар ва ёзувчилар иштирок этишди.

Форумда "Пойтахт Абдулҳамид" сериали эфирини тўхтатиш учун босимга дуч келгани ҳам айтиб ўтилган. Чунки сериал Туркия ва араб минтақаси орасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди ва бу баъзиларга ёқмаслиги тайин.

Шу нуқтаи назардан сериал сценарий муаллифи Салмон Каябаш: “Европа парламенти аъзоларидан бири сериални “фашистик” деб сифатлаган ва унинг намойишини тўхтатиш кераклигини айтган”, - деган.

У сўзи давомида Туркияда энг кўп сотиладиган газеталардан бири сериалга қарши мақола ёзганини, шунингдек, Исроилнинг "Ҳеартз" газетаси ҳам шу каби ҳамлани амалга оширганини ва бир қанча халқаро газеталар ҳам бунга эргашганини айтди.

“Бизга қарши ўтказилган ушбу кампаниядан кейин биз сериални яна-да профессионал тарзда кўрсатишга қарор қилдик”, - деб айтди Каябаш.

“Тарихга назар соладиган бўлсак, Европа кучлари бизни бир-биримиздан айиришга ҳаракат қилган. Сурия шимолидаги биродарларимиз ва шу ердаги курд биродарларимизнинг орамизни бузиш учун ҳозирда катта ҳамла қилинмоқда. Уларга турк қуролли кучлари ерларингизни ишғол қилиш учун келган деган фикр уқтирилмоқда. Бу араб биродарларимиз билан қилинган сценарийнинг худди ўзи", - деди Каябаш.

Каябаш: “Биз Султон Абдулҳамид сериалида ҳақиқий тарихни кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз”, - деб очиқлади.

Сериалда Маҳмуд пошшо ролини ижро этаётган Ҳокан Бояв сериални тўхтатиш учун бўлаётган босимнинг сабабини тушунтириб: “Минтақамиз аҳолиси орасида умумий менталитет мавжуд. Душманларимиз бизни парчалаб ташлашга ҳаракат қилмоқдалар”, - деди.

Бояв орадаги кичкина ихтилофларни тарк этиш зарурлигини айтиб: “Биз биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур. Чунки тарихимиз битта. Барчамиз бир йўлда юрган яхши кишилармиз”, - деди.

Эслатиб ўтамиз, “Zo’r TV” телеканали орқали кўрсатилаётган “Пойтахт Абдулҳамид” сериали намойиши ўтган ҳафтада техник сабабларга кўра тўхтаб қолган эди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!