Наср

Султон ва жория (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

948

Қадим замонда бир султон бор эди. Унинг мол-дунёси кўп, қалби ҳам тўқ одам эди. Шоҳ дўстлари билан овга чиқди. Йўлда бир жорияни кўриб қолди. Қиз беҳад гўзал эдики, султоннинг ўша заҳотиёқ унга ишқи тушди. Тутқин қуш қафасда қандай чирпиниб-талпинса, султоннинг юраги ҳам кўкрак қафасида шундай урар эди. Жорияни хўжайинидан сотиб олди. Бундан султон жуда ҳам бахтиёр эди. Ой юзли севгилисига етишган эди. Лекин унинг бахти узоққа бормади. Жория қаттиқ хаста бўлиб қолди. Ўлканинг тўрт томонидан табиблар чақирилди. Султон уларга ёлвориб: “Иккимизнинг ҳам ҳаётимиз сизнинг қўлингизда, менинг ҳаётим уникидир. Ким уни даволай олса бор-будумни бераман!”, деди.

Табиблар: “Биз бор билим ва тажрибамизни сарфлаб, уни даволаймиз”, дейишди. Ҳеч бири: “Биз қўлимиздан келганини қиламиз, албатта, шифо Аллоҳдандир, хаста тузалса, Унинг изни билан тузалади”, демади. Орадан кунлар ўтди, табиблар жорияга қайси дорини бермасин фойда бўлмади. Жория кундан кун озиб-тўзиб борарди. Султон эса йиғлар, кўзларидан ирмоқдан оққан сувдек ёш оқарди. У ҳакимларнинг ҳаракатлари билан жорияси тузалмаслигини билгач, масжидга ошиқди. Меҳроб олдига тиз чўкди ва сажда қилиб қалбидаги бутун самимиятлари билан, ихлос ила Роббига ёлвориб: “Аллоҳим, Сенинг менга берган жаҳон ҳукумдорлиги менга берган энг кичик неъматингдир. Мен нима ҳам дейман, қалбим тўридаги истакларимни мендан кўра Ўзинг яхшироқ билгувчисан!”, деди.

Султон ёлвориб дуо қилди. Ногаҳон уни уйқу олди. Туш кўрди, тушига бир нурли қария кирди ва: “Эй Султон, сенга хушхабарим бор. Тилакларинг қабул бўлди. Эртага эшигингга бир ғариб кимса келади. Уни асло ҳайдаб юборма. Ҳакимда бўлиши керак сифатлар унда тўкисдир. У ишониладиган ва асраб-авайланадиган инсондир”, деди.

Султон уйғониб, эртани кутишга тушди. Тонг отиб, юлдузлар кетма-кет сўна бошлаганида, тушида ишорат қилинган ҳакимни дераза олдида кутиб турарди. Узоқдан бир мўйсафид саройга келаётганини кўргач, у томон ошиқди. Барчадан олдин бориб, уни кутиб олди. Қучоқлаб, қўлларидан ўпди. Саройга киришди, узоқ суҳбатлашдилар, дастурхонга таом тортилди. Сўнгра биргаликда хастанинг бошига келишди. Табиб хастанинг юрак уришини, тан ҳароратини текширди. Олдинги табиблар қилган муолажалар бечоранинг дардини зиёда қилган, шифо бериш ўрнига, куч-қувватидан айирган эди. Ҳаким унинг дарди нима эканини дарҳол фаҳмлади. Жориянинг вужуди соғ-саломат, фақатгина қалби яраланган эди. Унинг касаллиги қалб касали. Табиб султонга қараб: “Барча бу ерни тарк этсин, ҳатто сиз ҳам, атрофда кимса қолмасин. Мен беморга баъзи саволларни бераман, лекин гапларимизни ҳеч ким эшитмаслиги керак”, деди.

Ҳарам бўшатилди. Табиб жориянинг томирини ушлаб, унга саволлар бера бошлади: “Сен қаерликсан? Ҳар мамлакатнинг давоси бошқа-бошқа бўлади. Менга айтчи, хожанг, дўстинг, қариндошларинг кимлар?”, деди.

Жория аввалги уйини, эски хўжайинларини, туғилиб ўсган жойини айта бошлади. Табиб диққат билан тинглаб, томир уришини кузатиб турарди. Агар бирор исмни айтганда томир уриши тезлашса, билардики, бемор қалбининг давоси ўша. Жория аввал яшаган уйлар ва шаҳарларни, эски хўжайинларини бирма-бир санади. Лекин на юзининг рангида ва на томир уришида ўзгариш бўлди. Токи у Самарқандни тилга олиши билан томир уриши тезлашди, ранги ҳам ўзгарди. Маълум бўлдики, жория Самарқандлик бир заргарга ошиқ экан. Қалби ўша заргар ҳасратидан дардга чалинган эди. Табиб хасталик сабабини билиб олди. Ундан заргарнинг манзилини сўради. Сўнгра султон ҳузурига бориб, бор гапни айтди: “Ҳозирча бунинг давоси ўша заргарни топиб, бу ерга олиб келишдир. Ҳадялар тайёрлаб икки ишончли одамни юборинг, уни саройинга таклиф қилинг”, деди.

Султон хизматчилари юра-юра заргарнинг уйига бориб, унга: “Хушхабар! Султон сенга қимматбаҳо совғалар юбориб, сени ўз саройига таклиф этди!”, дейишди.

Заргар ҳадя қилинган олтину жавоҳирларга маҳлиё бўлиб, йўлга отланди. Саройга етгач, табиб йигитни султон ҳузурига бошлади. Султон илтифотлар кўрсатиб,сарой  хазинасининг калитларини топширди ва унга жонидан ортиқ севган суюкли жориясини ҳам берди. Олти ой ўтиб, жориянинг хасталиги секин-аста тузала борди. Охир-оқибат дардидан асар ҳам қолмади ва батамом соғайиб кетди. Табиб заҳарли шарбат тайёрлаб уни заргарга ичирди. Заргар кундан-кун бадбашара бўла бошлади. Жориянинг кўз ўнгида йигитнинг чиройи йўқолиб, қизнинг муҳаббати ҳам сўниб борди. Бечора заргарнинг кўз ёшлари дарё-дарё бўлиб оқди. У “Бу дунё бир тоққа, феълимиз ва амалларимиз эса нидога ўхшайди. Овозимиз хоҳ чиройли бўлсин, хоҳ ёқимсиз, тоғда акс-садоси янграб яна ўзимизга қайтади”, деди-да, жон таслим қилди. Жория хасталикдан тамоман қутилди.

Ҳикоядаги султон – инсоннинг борлиғи бўлган муқаддас руҳидир. Гўзал жория – нафс тимсоли. Нафс – вужуднинг яхши-ёмон, фойда-зарарига қарамасдан орзу қиладиган истак-хоҳишларининг манбаи.

Табиб эса – инсонларга тўғри йўл кўрсатадиган Аллоҳнинг хос қулларидан.

Заргар – ўткинчи дунё ҳаёти. Нафс уни орзу қилади ва шу орзу ортидан хасталанади. Нафсга қул руҳ эса ундан келадиган бало-офатларга дучор бўлади. Нафс орзулари гўзалликни кетказадиган фоний матоҳлардир.

Ҳазрати Мавлоно ҳикоянинг бошига шундай изоҳ битган эканлар: “Аслида, бу ҳикоя бизнинг ҳолимиз баёнидир!”.

Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Рассомлар мусобақаси (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

1274 18:00 19.07.2019

Қандай ҳадя келтирдинг? (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

634 11:30 15.07.2019

Ким бу? (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

1213 16:05 12.07.2019

“Жонимни асрай!” (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

1015 19:10 05.07.2019

Мақсадга машаққатсиз етиш мумкинми? (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

1759 11:45 03.07.2019
« Орқага