Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Сўнгги давр мутафаккирларининг далиллари

917

“Илм ёдланган нарса эмас, ёдланган нарсадан олинган фойдадир”

(Имом Молик)

Бешинчи боб

Сўнгги давр мутафаккирларининг далиллари

Элмалилик Муҳаммад Ҳамди Язирнинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1877-1942)

Муфассир, файласуф ва мутафаккир Муҳаммад Ҳамди Язир 1877 йилда Анталиянинг Элмали туманида (Туркия) таваллуд топди. Бошланғич ва ўрта таҳсилни шу ерда тугатди, ҳофизи Қуръон бўлди. Истанбулга бориб, диний илмларни ўрганди. “Боязид” масжидида қайсарилик Маҳмуд Афадидан ижозат олди. Мактаби Нувваб[1]ни биринчилик билан тамомлаб, қозилик ҳуқуқини қўлга киритди. Фиқҳ, мантиқ, мазҳаблар тарихи, калом, ислом фалсафасини чуқур ўрганди. 1919 йилда “Сулаймония” мадрасасига мударрис этиб тайинланди. Шу йилларда “Сироти мустақим” ва “Сабилур Рашод” журналлари учун мунтазам равишда мақолалар ёзди.

Туркияда Муҳаммад Ҳамди Язир томонидан қарийб юз йил аввал ёзилган “Ҳақ дини Қуръон тили” тафсиридан кучлироқ тафсирнинг шу пайтгача йўқлиги муаллифнинг қанчалар илмли эканлигини кўрсатади. Баъзи инсонлар “кофирнинг кашфиёти” деб велосипеддан фойдаланмаган, чет элларда ишлаб чиқарилган техникалардан ўзини олиб қочган ёки чет тиллардаги китобларнинг таржима қилинишидан хавфсираган даврда Муҳаммад Ҳамди Язир шундай деган эди: “Ғарбнинг қадриятларидан эмас, илм-фанидан фойдаланишимиз зарур. Улар бизнинг мумтоз асарларимизни таржима қилиб, улардан фойдаланганидек, биз ҳам уларнинг асарларини таржима қилиб, фойдаланишимиз зарур. Динимизни яхши ўрганишимиз керак. Билишимиз керакки, инсонлар фақатгина исломий асосларга боғланган бўлсаларгина бахтиёр бўладилар. Инсон ўз зотини давом эттириш учун кун келиб албатта исломиятни танлашга мажбур бўлади ҳамда келажакда ислом дини яхшироқ тушунилади ва татбиқ этилади”.

У фалсафа ва аниқ фанларга ҳам бефарқ эмасди. Диний хавотирлар билан аниқ фанларга тўсиқ қўйилмаслиги кераклигини уқдирганди.

Уч-тўрт йили тинимсиз фалсафа билан шуғулланган Муҳаммад Ҳамди Язир ғарблик баъзи олимларнинг мантиқ ва фалсафа бўйича китобларини таржима қилди ҳамда позитивизм, материализм, такомул назарияси ва бошқа бир қатор фалсафий тизимларни танқид қилиб, фалсафада ҳам етук олим эканлигини кўрсатди.  

Франциялик файласуфлар Пол Жане ва Габриэл Сеай томонидан ёзилган “Фалсафа тарихи” асарини “Матолиб ва мазоҳиб” (“Метафизика ва илоҳиёт”) номи билан таржима қилди. Асар учун ёзган “Муқаддима”сидаги танқидий ва таҳлилий фикрлари фалсафа нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга. Даврнинг машҳур фалсафа мударриси Меҳмат Эмин Эриширгил “Муқаддима” асардан-да қийматлироқ!” дея эътироф этган эди.

Йигирма йиллик меҳнатнинг маҳсули бўлмиш “Ҳақ дини Қуръон тили” тафсири Муҳаммад Ҳамди Язирга катта довруқ келтирди. Олим 1942 йилда Истанбулда вафот этди.

Низом далили

Муҳаммад Ҳамди Язир низом далилини қуйидагича изоҳлаган эди:

“Коинотда барчани ҳайратга соладиган юксак санъат билан бирга турли хусусиятларга эга жонли ва жонсиз мавжудотларнинг борлиги ҳам илм ва ирода соҳиби бўлмиш бир яратувчининг борлигини кўрсатади. Оламда тажрижий равишда амалга ошган мукаммал тартиботни кўриб, буни таъминловчи улуғ Мураббийнинг борлигини сезмаслик мумкин эмас. Низом далили фақатгина илм далилини эмас, балки табиатчилик[2]ни илдизи билан қўпорувчи илоҳий иродани ҳам исботлайди. Чунки табиат назариясида ҳукмрон бўлган унсур изчилликдир, яъни ягона тартибда бўлиш ва ҳеч қандай ўзгаришга учрамаслик. Бу эса оламда ҳеч қандай турфа хиллилик ва фарқлиликнинг бўлмаслигини тақозо этади. Ҳолбуки, оламда хоҳ оний, хоҳ тадрижий мукаммалик натижасида бўлсин, турфа хиллилик ва фарқлилик юзага келган. Буларни табиатга нисбат бериш унинг ўзини ўзгартириши демакдир, бу эса табиат деб фараз қилинган нарса аслида табиат эмаслигини эътироф этиш бўлади”.

  

Амин Ариқ

(давоми бор)  

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли


[1] Усмонийларда қозилар етиштирувчи ўқув даргоҳи

[2] Натурализм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (26-қисм)

1285 21:55 05.06.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (25-қисм)

1568 21:05 23.05.2021

Тасаввуфнинг тарихий тадрижи

1507 22:00 09.05.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (22-қисм)

0 22:00 24.04.2021

Ибн Рушднинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1126-1198)

1173 22:05 10.04.2021
« Орқага