Сурияда АҚШ ракеталарига қарши “Панцирь” мажмуаси қўллангани маълум қилинди

15:30 17.04.2018 926

Сурияда АҚШ, Буюк Британия ва Франциянинг 14 апрелдаги ҳужуми вақтида Россияда ишлаб чиқарилган “Панцирь” зенит ракета-замбарак мажмуаси қўлланган. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлиги вакили, генерал-майор Игорь Конашенковга таяниб Kun.uz хабар тарқатди.

Конашенковнинг айтишича, Сурияда ҳужумни қайтариш учун 112 та зенит ракетаси қўлланган. Ҳаво ҳужумига қарши жангда “деярли 100 фоизлик самарадорликни намойиш қилган” “Панцирь-С1” мажмуаси қўлланган.

Конашенковнинг таъкидлашича, ғарб ракеталарининг юқори тезлиги ва жуда кичик акслантирувчи сиртига қарамасдан, 40 йилдан аввалроқ ишлаб чиқарилган мажмуалар ўзини яхши кўрсатган. “Ракета зарбаларини қайтаришда Сурия ҳукумат армияси томонидан С-200, С-125, “Оса”, “Квадрат”, “Бук” ва “Стрела” мажмуалари қўлланган», деб маълум қилди Россия вакили.

Маълум қилинишича, ушбу мажмуалар билан ҳимояланган объектлар деярли шикастланмаган. Жумладан, бирорта аэродромга жиддий талофат етмаган: ўққа тутилган 7 та аэродромдан иккитасига арзимас талофат етган. Барза ва Жараманийдаги илмий-тадқиқот объектлари томон 30 та снаряд отилган, улардан 5 тасигина йўқ қилинган.

“Панцирь-С1” мажмуаси Тула асбобсозлик конструкторлик бюросида лойиҳаланган. Мажмуа 30 миллиметрли тезотар автоматик замбараклар ва бошқарилувчи ракеталар билан жиҳозланган ҳамда паст учувчи, кам сезилувчи ҳужум воситаларидан ҳимояланиш учун мўлжалланган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!