Суриянинг Халқаро жиноят қидирув полицияси – Интерполга аъзолиги тикланди, бу эса суриялик қочқинлар учун муаммо келтириб чиқариши мумкин, дея ёзади The New Arab нашри.
Эндиликда Сурия ҳукумати Интерполнинг глобал маълумотлар тармоғидан фойдаланиши, ташкилот канали орқали унинг бошқа аъзолари билан боғлана олиши мумкин. “Бу эса Дамашққа, агар у хоҳласа, бутун дунёда сиёсий диссидентларни таъқиб қилиши учун янги кучли воситаларни ҳам беради”, – дейилади мақолада.
Сурия Интерпол ташкилотининг аъзоси сифатида ҳибсга олиш учун халқаро ордерлар эълон қила олади. Бу ордер шахсларнинг қаердалигини аниқлаш ва уларнинг ҳибсга олиниши учун Интерпол аъзоларига юборилган илтимосномадир. Айрим ҳолатларда ҳибсга олишнинг оқибати экстрадиция бўлиши мумкин.
Халқаро ордер туфайли қочқинларни қочқинлик мақомидан маҳрум қилиш ҳолатлари ҳам кузатилган.
Эслатиб ўтамиз, Интерпол халқаро жиноятчиликка қарши кураш олиб боради ва унга 194 давлат аъзо. Ташкилот аъзолари унинг алоқа канали ва маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятига эга.