Сув остида намоз ўқишнинг ҳукми

16:10 14.08.2019 1656

Интернетда ғаввосларнинг сув остида намоз ўқиганлари тасвирланган видеолар тарқалиб кетди. Яна жамоат бўлиб ўқилган. Бири имомликка ўтган.

Балки бу ишни қилганларнинг ниятлари яхши бўлгандир. Балки оламшумул бир иш қилиб, уни кўз-кўз қилишни ният қилгандирлар. Шу билан гўёки Исломга маънавий фойда етказишни кўзлагандирлар. Лекин бу ишдан кўпроқ пиар иси келяпти. Акс ҳолда сув остида намоз ўқиганларини тасвирга тушириб тарқатишдан нима фойда?!

Ҳалиги ғаввослар намоз фиқҳи борасида бирор илмга эга бўлганларида бу тариқа намоз ўқимаган бўлардилар. Чунки сув остидаги одамга ғаввослик либоси намоз рукнларини тўлиқ бажаришга тўсқинлик қилади. Бурнини ва пешонасини ерга теккизолмайди. Оғзига маҳкамланган кислород шланги туфайли ҳарфларни талаффуз қилолмайди. Боз устига, сув остидаги босим инсонни барқарор ва собит туришига ҳам йўл бермайди. Чайқалиб кетаверади. Ярим хаёли жойидан силжиб кетмасликда бўлади.

Бир неча соатлаб сув остида бўлишга мажбур бўлган ҳолат бўлса, замонамизнинг баъзи аҳли илмлари қироатни хаёлдан ўтказиб намоз ўқиса жоизлигига фатво берган. Лекин бу ҳам тортишувли масала. Валлоҳу аълам, бу бемалол суянса бўладиган кучли фатво эмас. Ва бунда ҳам жамоат бўлиб, бири имомликка ўтиб намоз ўқиб бериши ҳақида гап-сўз йўқ. Чунки сув остидаги бундай шароитда имомликка ўтиш ўз маъносини йўқотади.

Қолаверса, кўнгил очиш учун амалга ошириладиган дайвинглар, спорт дайвингларида сув остида узоқ вақт қолиб кетилмайди. Сув остидаги шароит сув устидаги шароит каби эмас. Намозининг дуруст бўлиши шубҳа остида бўлган ҳолатда намоз ўқигандан сув устига чиққандан сўнг ўқиб олгани афзалдир. Яна ҳам тўғриси, бундай машғулот билан намоз вақтларини риоя қилган ҳолда шуғулланиш лозим.

Эҳтимол баъзилар бу иш жоизлигига Юнус алайҳиссаломни мисол қилишар. Айтиш лозимки, Юнус алайҳиссалом билан бўлган воқеа қиёсласа бўладиган одатий ҳолатда юз бермаган. У бир мўъжиза бўлган. Сир-синоати биздан тамоман яширилган асрорангиз бир иш бўлган. Йўқса, бир инсонни катта балиқ ютиб юбориб, унинг ичида бир неча кун қолиб кетиб, яна тирик қолиши одатда асло мумкин эмас. Бу фақат истаса одатий ҳолатларни ортда қолдирувчи, сабабларни бекор қилувчи Зотнинг иродаси билангина содир бўлган. Шундай экан, уни бунга қиёслаб бўлмайди, валлоҳу аълам.

Алишер Султонхўжаев

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!