Сув тақсимотидаги муаммоларнинг ечими ("Замонавий масалаларнинг шаръий ҳукмлари")

14:48 25.06.2019 400

Савол:

– Кейинги пайтларда айрим қўшни мамлакатларда ўзаннинг юқорисида жойлашганликдан фойдаланиб дарё сувларини ўзбошимчалик билан бошқариш, катта сув иншоотлари қуриш ва улардан қуйи оқим давлатларига босим ўтказиш воситаси ўлароқ фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ислом шариати трансчегаравий сувлар муаммосига ечим таклиф қиладими?

Жавоб:

– Ислом шариати фиқҳий масалаларни ибодат ва муомалотдан иборат икки қисмга ажратади. Ибодат масалаларида Аллоҳ билан банда ўртасидаги муносабатлар тартибга солинса, муомалот қисмида банда билан банда, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатлар мавзуси муолажа этилади. Шу сабаб ислом фиқҳининг муомалот қисмида байъ, сарф, кафолат, ҳаволат, ваколат, иқрор, сулҳ, музораба, вадиъа, ория, ҳиба, ижорат, шуфъа, музораъа, забоиҳ, кароҳият, ашриба, жиноятлар, васиятлар каби бандаларнинг муносабатларини тартибга соладиган жуда кўп мавзулар ҳақида баҳс қилинади. Саволда тилга олинган муаммо—сув ва ундан фойдаланиш масалаларига ҳам ислом қонунлари мажмуаси — фиқҳда албатта етарли ҳукмлар ва ечимлар бор. Бу муаммолар ислом фиқҳининг муомалот қисмида “Иҳяул мават”, яъни  “Эгасиз ерларни жонлантириш” боби остида шундай баён этилади:

Сувда икки ҳил ҳуқуқ бор: ширб ва шафаҳ ҳуқуқлари. Ширб – экин ва дарахтларни суғориш учун сувдан насибадор бўлиш, шафаҳ эса инсон ва ҳайвоннинг сувдан ичиши. Бу икки ҳақ эътибори билан сувлар тўрт қисмга бўлинади:

1. Махсус идишларда йиғилган сув. Яъни инсон истемол қилиш учун уйида турли йўллар билан олиб қўйган сувлар. Эгасининг рухсатисиз бу сувлардан ҳеч ким фойдаланолмайди.

2. Булоқ, қудуқ ва ҳовуз сувлари. Бу сувлар бировнинг мулкида бўлса шафаҳ ҳаққи бор, аммо ширб ҳуқуқи фақат эгасиникидир.

3. Хусусий анҳор ва кўллар. Хусусий мулк доирасида киши анҳор ёки кўлга эга бўлса, бу ҳолда ҳам бошқаларга шафаҳ ҳаққи мавжуд. Аммо ширб ҳуқуқи фақат эгасининг розилиги билан бўлади.

4. Умумий дарё сувлари.

Аввалги уч хилдаги сувлар хусусида тўхталиб ўтирмаймиз. Чунки улар хусусий мулкчиликка дахлдор сувлар бўлиб, улар сабабли низолар келиб чиқиши кўп учрамайди. Аммо умуммулк бўлган дарё сувлари эса доимий низо ва келишмовчиликлар манбаи, кўп уруш ва жанжаллар боиси бўлган. Бугунги кунимизда ҳам дарё сувларидан оқилона фойдаланиш жуда муҳим ва долзарб масалалардан бўлиб, савол ҳам айнан шу қисмга тегишли. Шу сабаб сувларнинг мана шу қисмига хос ҳукмларга бироз тўхталсак;

Умумий дарё сувлари деганда биз, бировга мулк бўлмаган, оммага тегишли, умумий оқимларда оқадиган Нил, Дажла, Сайҳун ва Жайҳун каби улкан дарёларни назарда тутамиз. Уларнинг ҳукми, бу каби дарёларнинг суви ҳам, ўзани ҳам бировнинг мулки эмас. Балки улар омманинг мулки бўлиб, ширб ва шафаҳ йўли билан фойдаланиш ҳамманинг ҳаққидир. Бу хусусда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: “Одамлар уч нарсада шерикдирлар: Сув, яйлов ва оловда”. Чунки сув инсоннинг кучи билан эмас, балки Аллоҳ азза ва жалланинг қудрати билан чиқади. Чуқур қудуқ қазилганда чиққан сув ҳам инсон ҳаракати ва феъли билан чиқмайди. Балки у сабаб холос. Шундай бўлгач инсон сувга эга бўлолмайди, уни сотолмайди.

Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” китобларида шундай дейилади: “Агар дарё қавмлар ўртасида бўлса ва ширб хусусида тортишиб қолишса, сувдан фойдаланиш ҳуқуқи улар ўртасида ерларининг миқдорига қараб тақсимланади. Чунки мақсад сувдан фойдаланишдир, фойдаланиш ҳиссаси эса ернинг миқдорига қараб белгиланади. Агар қавмнинг бири дарё ўзанининг юқори қисмида бўлса ва сувни бир ерга қамаб тўпламагунча ундан фойдалана олмаса, сув омборларига сувни қамашга уларнинг ҳаққи йўқдир. Чунки бу ҳолда бошқаларнинг ҳаққини ботил қилиш мавжуд. Аммо тўсмасдан ўзининг ҳиссасидан фойдаланиши мумкин”.

“Фатовои Қозийхон”да айтилади: “Агар тўсмаса дарё суви суғориладиган ерларга етиб бормайдиган бўлса, биринчи бўлиб уни қуйи ўзандагилар тўсади, кейин ўзаннинг юқорисида бўлганларга навбат берилади”. “Мабсут”да эса Ибн Масъуд (р.а.)дан қуйи ўзан аҳли юқори ўзан эгаларига амир эканлигини айтганлари ривоят қилинади. Бу ривоят юқори ўзандагилар паст ўзандагилардан сувни тўсиб, ўзига тўплаб олишга ҳаққи йўқлигига далолат қилади.

Ушбу қавмларнинг бирортаси қўшнисининг розилигисиз дарёдан анҳор қазиши ёки сув тегирмон қуриши мумкин эмас. Аммо тегирмон дарё ва сувга зарар бермаса жоиз. Дарёга зарар унинг қирғоғини бузиш билан бўлади, сувга эса оқадиган ўзанини ўзгартириб юбориш билан бўлади.

Булардан ташқари сувни кўпроқ олишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат ва амалиётлар ҳам қатъий таъқиқланади. Бунга дарёдан сув ичадиган каналлар оғзини кенгайтириш, сунъий йўллар билан ҳовузлар пайдо қилиш мисол бўлади.

Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкин; юқори ўзан давлатлари дарё атрофига қурадиган ҳар қандай иншоот ва сувдан кўпроқ фойдаланиш масалаларида қуйи ўзан мамлакатлари билан маслаҳатлашмоғи, уларни ҳал қилишда изнларини олмоғи лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!