Сув ёки бирон суюқлик ичишдаги одоблар

09:00 15.03.2019 788

Аллоҳ таоло инсониятни таом ва сувга эҳтиёжли қилиб яратган. Бу неъматларсиз  инсон ҳаётини тасаввур қилолмайди ҳам. Бир оз муддат сув ва таом истеъмол қилмаса, инсон очликдан ва ташналикдан  вафот этади. Ичимлик ичишда қуйидагиларга амал қилиш лозим:

Биринчи одоб – эзгу ният қилиш.

 Иккинчи одоб – ичишдан олдин “Бисмиллаҳ” ни айтиш.

Учинчи одоб – ўнг қўли билан ичиш.

Тўртинчи одоб – ўтирган ҳолда ичиш.

Бешинчи одоб – уч марта бўлиб, нафас олиб ичиш.

Олтинчи одоб – ичимликни симириб ичиш.

Мазкур одоблар ҳақда келган ҳадиси шарифлар:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимлик ичганида, уч марта нафас олар эдилар ва: «Мана шу қондирувчироқ, безарарроқ ва сингувчироқ», дер эдилар».

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз (суюқлик) ичса, идиш ичига нафас олмасин», дедилар».

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичимлик ичишдан қайтарганлар. Фақат замзам сувини қиблага юзланган ҳолда тик туриб ичиш мустаҳаб бўлади.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мешларнинг оғзидан ичишдан қайтардилар».

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туянинг ичишига ўхшаб, бир мартада ичманглар. Икки марта, уч мартада ичинглар. Қачон ичсангиз, тасмия (Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм) айтинг. Қачон ичиб бўлсангиз, ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтинг», дедилар» (Имом Термизий ривояти).

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга сув аралаштирилган сут келтирилди. У зотнинг ўнг томонларида бир аъробий, чап томонларида Абу Бакр бор эди. Шунда У Зот ўзлари ичиб, сўнгра аъробийга бердилар ва: «Ўнг тарафдан, ўнг тарафдан», дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Тилла ва кумуш идишларда таом еб, ичимлик ичиб бўлмайди.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тилла ва кумуш идишларда ичманглар. Ипак ва дебожни кийманглар. Чунки ўшалар бу дунёда улар учун, охиратда сизлар учун», дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаий ривояти).

Саида тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!