Табассум қилинг

23:00 15.05.2019 447

Ўртача кулги ғам-қайғуларга шифо ва малҳамдир. Руҳ хурсандчилиги ва қалб қувончида унинг ажойиб таъсири бор. Ҳатто Абу Дардо (розияллоҳу анҳу): “Мен қалбим дам олиши учун куламан”, деганлар. Инсонларнинг шарафлиси ва ҳурматлиси Муҳаммад (алайҳиссалом) аҳён-аҳёнда кулиб, озиқ тишлари кўринар эди. Бу нафс дардини англовчи оқил кишилар кулгиси ва нафснинг давосидир.

Кулги шодлик чўққиси, роҳатнинг энг юқори қисми ва мамнуниятнинг ниҳоясидир. Лекин бунда чегарадан ошмаслик шартдир. Ҳадисда: “Кулгини кўпайтирманг! Чунки кўп кулги қалбни ўлдиради”, дейилган. Кулгида меъёридан ўтмаслик яхши. Ҳадисда: “Биродарингизни юзига кулиб боқишингиз ҳам садақадир”, дейилган. Аллоҳ таоло айтади: “(Сулаймон) унинг сўзидан кулиб табассум қилди” ("Намл" сураси 19-оят).

Масхаралаб кулиш бундай кулги сирасига кирмайди. Аллоҳ  таоло бундай марҳамат қилади: “Бас,  мўъжизаларимизни уларга келтирганида,  улар бирданига улардан (мўъжизалардан) кула бошладилар ("Зухруф" сураси 47-оят). Кулги жаннат аҳлининг неъматларидандир: “Энди бугун (аксинча) имон келтирганлар кофирлар (усти)дан кулурлар” ("Мутоффифун" сураси 34-оят). Араблар тишлари кўрингудек кулган одамни мақташади, бу хислатни кенг феъллик, қўли очиқлик, табиатан сахийлик, мулойимлик ва хотиржамлик аломати деб билишади.

Шеър:

Хушчақчақлар неъматлардан олишади завқ,
Кенг дунёга пок нигоҳ-ла боқа олурлар.
Ҳимматидан тўла бошлар ўнг зарварақ,
Хуш сухан-ла дилингизни ёқа олурлар.

Шеър:

Келса биров очиқ юз-ла шоду хуррам,
Унутилар бори ҳасрат, ташвишу ғам.
Назокат-ла қалбингизни ром қилган он
Не сўраса, муҳайёдир ўша замон.

Ҳақиқатан ҳам Ислом ақида, ибодатлар, ахлоқ ва сулукда ўртачалик асосига қурилган. Исломда қўрқинчли зулмат каби қовоқ солиб юришга ҳам, доим ҳазил-мутойиба билан қаҳқаҳа отиб юришга ҳам буюрилмаган. Лекин жиддийлик, виқор ҳамда хушчақчақликнинг ўртачасига  буюрилган.

Шеър:

Хушнудликни севмаганга ақлим ҳайрон,
Ҳазил севмай ўтганларнинг умри тўзир.
Абу Али тонг юзига фидодир жон,
Юлдуз кўзнинг йўлин қараб дил мунтазир.

Юзни тириштириб, қовоқ солиб юриш киши табиатининг норози кайфиятидан, фикрининг остин-устунлигидан, мизожи бузилганидан далолатдир. Аллоҳ таоло кофирлардан бири Валид ибн Муғира ҳақида бундай деган: “Сўнгра (Қуръондан айб топа олмагач) юзини тириштирди ва буриштирди” ("Муддассир" сураси 22-оят).

Шеър:

Алангадан ичи туйнук, юзи заҳил,
Кибр оти ҳаётини қамчилайди.
Давраларда дўсту душман бўлмас аҳил,
Сўзларидан кибру ҳаво томчилайди.

Писанд этмас на дўстини на ёрини,
Тунда юлдуз эмасдирлар сайри хушҳол
Очиқликда кўрмас бахту иқболини
Бу не синов, бу не азоб, бу не завол?!

 

"Ўкинма" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!