Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Табибни даволаган бемор

2205

Ҳовида юрган Холида хола жияни Назиранинг кўча эшиги томон йўналганини кўриб, деди:

- Назира, ишга кетяпсанми? – Тасдиқ жавобини олгач қўшимча қилди. - Қизим отанг қаттиқ касал экан. Бир кўриб келсанг-чи, нима бўлсаям отанг-ку.

Назира эшикдан чиқиб бир нуқтага тикилганчи пича турди-да, сўнгра:

- Э, менга нима! Ўлиб кетмайдими! Мен кечганман унақа отадан, - деди ва кўз олдидан бундан ўн саккиз йил олдин бўлган воқеа ўта бошлади. Ўшанда жажжи Назира ва унинг касалманд ойисини Эсон ака уриб-сўкиб кўчага ҳайдаган эди. Улар қанча ёлвормасинлар, қанча йиғламасинлар, отанинг раҳми келмаган эди. Бунинг устига аллақандай аёлни уйига келтириб олган отаси ўша аёл билан уларнинг ортидан масхара қилиб кулиб қолишган эди. Бечоралар неча кунлаб эски иморатлар, вокзалларда ётиб юришган. Оқибатда шундоғам касал бўлган ойиси кўп ўтмай ҳаётдан кўз юмган эди. Шу сабабдан ҳам, Назиранинг отасини кўришга кўзи йўқ эди. Назирани холаси боқиб, катта қилди. Тиббиёт институтини тугатиб, мана бир йилдан бери касалхонада ишлаяпти.

Ишга келганида оғир бемор келгани ва уни тезда операция қилишмоқчи эканлигини айтишди. Бемор етмишдан ошган кекса киши эди. Ёнида йиғлаб турган кекса кампирдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Беморнинг ёнига кирган Назира унинг калима қайтариб турганини кўриб, сўради:

- Қўрқяпсизми, амаки?

Бемор кулимсираб қўйди-да:

- Аллоҳ бу жонни менга бераётганда мендан рухсат сўрамаган. Албатта, олаётганда ҳам рухсат сўрамайди.

- Амаки исмингиз нима?

- Эсон.

Назиранинг чеҳраси ўзгарди.

- Сендан озгина катта ёлғизгина қизим бор. Қўшни давлатда яшайди.

- Қизингиз бу аҳволдалигингиздан хабардорми?

- Йўқ. У ҳозир оғироёқ. Безовта қилиб нима қиламиз. Сенинг ўзинг менга иккинчи қиз бўлиб қўяқол.

Назира “майли”, дегандек бошини қимирлатиб, гапни бошқа ёққа бурди:

- Амаки кўзларингизга линза қўйганмисиз? Ранги ажойиб экан.

Эсон аканинг кўзлари ҳақиқатан бошқача эди. 

- Бу кўзлар меники эмас.

Назира алланарсаларни ёзаётган жойида тўхтаб, яна саволга тутди:

- Кимники?

- Аллоҳники. Менга омонатга берган. Хоҳлаган пайтида олиб қўяди.

Назира кулиб қўя қолди. Кечга яқин операцияни бошлашди. 

Бир соат давом этган операция муваффақиятли тугаб,  беморнинг аҳволи яхши эди.

Ўзига келгач унинг ёнига кирган Назира Эсон акани текшираркан, амаки саволга тутди:

- Ота-онанг борми?

- Онам отамнинг дастидан ўлиб кетган, бизни ҳайдаб юборган отам бор-у борди-келдимиз йўқ. Ҳа, майли мен сизни толиқтириб қўймай.

Назира ўрнидан турган ҳам эдики, Эсон ака:

- Отанг қилган ишларидан пушаймон бўлса-чи? Нега уни кечирмайсан? – деб қолди.

- Унинг пушаймонлигига ишонмайман. 

- Онангни қайта тирилтира олмайсан. Аммо отанг тирик бўлса, унинг узрини қабул қилиш лозим. Ахир ҳамма бир-бирига омонат. Мен отангнинг пушаймонлигига ишончим комил.

Назира кўзида ёш билан хонадан чиқиб кетди. Кечқурун уйига қайтар экан, беихтиёр болалиги ўтган маҳаллага, отасининг уйига бурилди. Секингина деразадан уйга мўралади. Отаси диванда йўталиб ётар. Икки нафар болакай ва хотин телевизорни баланд қўйиб, аллақандай сериални кўриб ўтиришган эди. 

- Телевизорнинг овозини ўчир. Битта аччиқ чой олиб кел, - дея отаси зорланган эди, нарироқдаги курсида ўтирган хотини жеркиб ташлади:

- Жонимга тегди, бунинг гаплари. Тинчгина кино кўргани қўясизми, йўқми? Ёқмаса, ана катта кўча. Бориб, айланиб келинг. Неча ойдан бери касалсиз. Беш-олти сўм пул топиб ҳам келмайсиз.

Аммо отасининг юрадиган ҳоли йўқлиги кўриниб турарди. Назира озгина турди-ю, ортига қайтиб кетди. 

Эртасига қон босимини текшираётганда Назира Эсон бобога:

- Кеча отамникига бордим. Қаттиқ касалга ўхшайди, - деди.

- Ичкарига кирмадингми, қизим.

- Йўқ. Биласизми, отамнинг исми ҳам Эсон. Исмингизни биринчи марта эшитганимда ғалати бўлиб кетган эдим. Лекин сизларнинг орангизда тоғдек фарқ бор.

Унинг сўзларини эшитиб турган бобо:

- Йўқ, бизнинг орамизда фарқ йўқ. Биз иккаламиз ҳам отамиз. Барча инсонлар баъзида пушаймонлик келтирадиган хатолар қилади. Сен отангни кечирганинг билан, у ўзини асло афв этмайди. Сен уни ҳозир кечирмаснг, ундаги пушаймонлик юки сенинг бўйнингга тушади, - деди.

Унинг сўзларини кўзида ёши билан тинглаётган Назира индамай ташқарига чиқиб кетди.

Бу орада отасини хотини кўчага ҳайдаб юборди. Қайтар дунё экан, бечора отанинг бошига неча йиллар олдин Назира ва унинг онаси бошидан кечирган кўргилик тушди. Ишдан эртароқ чиққан Назира отасиникига борди. Эшикни тақиллатган эди, дадасининг хотини чиқди.

- Хўш, ким керак эди сизга?

- Мен... Мен дадамни излаб келувдим.

- Ҳа, қизимисан? – аёл унга бошдан-оёқ тикилиб, чимирилди-да, - даданг йўқ. Бу ерда энди яшамайди, - деб эшикни тарақлатиб ёпди.

Уйига томон ўйланиб кетаётган Назира қурилиши тугалланмай қолган бино тарафдан кимнингдир инграгани, йўталганини эшитиб қолди. Не кўз билан кўрсинки, отаси бир ғишт устида букланиб ўтириб, уч-тўртта тахта парчасидан гулхан ёқишга уринарди. Назира ўша томонга юрди. Уни кўрган дадаси аввалига танимади. Яқинроқ боргач эса:

- Қизим, қизим сенмисан, - дея олди, холос.

Назира уни уйига олиб бориб, иссиқ ўринга ётқизди. Керакли дори-дармонларни олиб келиб, даволашга киришди. Отаси унинг кўзига қарай олмас, дув-дув кўзёш тўкар, ҳадеб “шукр, шукр”, дер эди. 

Эрталаб ишга кетаётиб, дадасига телефон номерини берди-да:

- Дада, нимага эҳтиёжингиз бўлса мана бу телефонга қўнғироқ қилинг, - деди.

- Қизим, мени кечир. Кечир мени, - деб дадаси яна йиғлаб юборди.

- Йиғламанг, - деб Назиранинг ўзи ҳам кўзини рўмолчасига артиб эшик томонга йўналар экан.

Шифохонага борса, Эсон бобонинг хонаси бўш. Ҳамшира унга қараб, секингина:

- Бобонинг аҳволи тунда оғирлашиб, қазо қилди, - деди. Назиранинг томоғига нимадир тиқилиб, коридорда туриб қолди. “Қандай ҳам яхши одам эди. Худо раҳматига олган бўлсин. Хаста бўлса-да, менинг қалбимни тузатиб кетди”, деган фикрлар уни чулғаб олган эди.

Ёқуб Умар таржимаси.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Коммунист табиб машҳур уламони заҳарлаган...

3970 08:00 02.03.2020
« Орқага