Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Тадбиркорнинг закотга йўналтирган  маблағини солиқдан озод қилиш керак...

940

Маълумки, ҳозирги пайтда аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш ҳукумат олдидаги муҳим вазифаларидан биридир. 

2018 йилда хайрия ишларини марказлашган ва тизимли равишда амалга ошириш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш фонднинг асосий вазифаларидан бир сифатида белгиланди.

Бугунги кунда, бошқа вазифалар қатори, “Вақф” фонди аҳолидан хайрия маблағлари сифатида мажбурий молиявий ибодат бўлган закот тўловларини қабул қилиб олиш ва ҳақдорларга етказиш ишларини амалга ошириб келмоқда.

Вақф фондига келиб тушган маблағлар статистикаси ўрганилганда хайрия маблағлари асосан турли тўлов тизимлари орқали амалга оширилаётганлигини, банк тизими орқали амалга оширилаётган маблағлар хайрия маблағларининг оз қисмини ташкил этаётгани маълум бўлади. 

Хусусан, 2018-2020 йиллар давомида закот учун айнан банк тизими орқали тўловлар деярли амалга оширилмаган. Бундан қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

а) юридик шахслар томонидан закот бўйича тўловлар деярли ўтказилмаган (юридик шахслар фақат банк орқали маблағ ўтказиши мумкин);

б) фондга хайрия маблағлари, хусусан, закот тўловлари асосан жисмоний шахслар томонидан амалга оширилмоқда. Юридик шахс ташкил этган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар ҳам корхона томонидан фойда солиғи ва таъсисчи сифатида дивиденд солиғи тўлагандан сўнг жисмоний шахс сифатида олган даромадидан закот тўламоқда;

в) хайрия тўловлари асосан тарқоқ, марказлашмаган ҳолда амалга оширилмоқда.

Юридик шахслар томонидан закот тўловларининг амалга оширилмаганлиги уларда закот тўловини амалга оширишга рағбат йўқлигидан ва юридик шахс томонидан ҳам закот тўлаш мумкинлиги ҳақидаги тушунчалар шаклланмаганлигидан далолат беради. 

Ушбу холатни ўзгартириш учун, яъни айнан тадбиркорлик субъектларини хайрия тўловларини амалга оширишда фаоллигини, рағбатини ошириш учун солиқ қонунчилигида биргина ўзгартириш қилиш етарли бўлади деб ҳисоблаймиз.

Бунинг учун юридик шахс томонидан “Вақф” фондига хайрия сифатида ўтказиладиган маблағларни юридик шахснинг фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар рўйхатига қўшиш таклиф этилади.

Бу тартиб хозирги кунда амалда қисман жорий этилган бўлиб, пандемия, табиий ва техноген вазиятлар оқибатларини бартараф қилиш, бундай шароитда ижтимоий ҳимояга мухтож шахсларни қўллаб қувватлаш мақсадида жорий этилди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 апрелдаги ПФ-5986-сон “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон

«Маҳалла» хайрия жамоат фондига, «Саховат ва кўмак» фондига, «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига, шу жумладан уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги бўлинмаларига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз бериладиган пул маблағлари ва товарлар (хизматлар)га фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралиши белгиланди.

Лекин, ўрнатилган тартиб вақтинчалик, 2020 йил 1 октябргача жорий қилинганлиги, қолаверса, фақатгина «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Саховат ва кўмак» фонди, «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига ўтказилган маблағларга нисбатан қўлланилиши хайрия ишларининг давомий бўлмаслигига ва кўлами қисқаришига олиб келади.   

Хайрия ишларининг кўламини кенгайтириш, давомийлигини таъминлаш мақсадида Солиқ кодексига тегишли ўзгартириш киритиш ва “Вақф” хайрия жамоат фондига хайрия сифатида ўтказилган маблағларни фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар рўйхатига киритиш таклиф этилади.

Тадбиркорлик субъектларига бундай имконият берилиши камбағалликни камайтириш, ижтимоий мухофазага мухтож аҳолини моддий қўллаб қувватлаш соҳасида қуйидаги ижобий натижаларга олиб келиши мумкин:

1) тадбиркорлик субъектларига солиқ ва мажбурий тўловлар юкини камайтиради, адолатлилик принципини таъминлайди ва бу ўз навбатида тадбиркор томонидан солиқ тўловларини тўлашдан бўйин товлаш йўлларини қидириш эҳтиёжини камайтиради. 

Бу эса ўз навбатида тадбиркорларни хайрияни фаолиятини амалга оширишга рағбатлантиради.

Хозирги кунда амалдаги қонунчилик бўйича ҳам корхона хисобидан фойда солиғи тўланиши, ҳам таъсисчининг дивиденд солиғи тўлаши, ҳам мажбурий ибодат бўлган закотни тўлаши тадбиркор учун адолатсиз кўриниши мумкин.

Хайрия маблағларининг фойда солиғини хисоблашда чегириладиган харажатлар рўйхатига киритиши бу салбий қарашни бартараф қилишга кўмаклашади ва ўз навбатида, тадбиркорлик субъектини давлат томонидан қўллаб-кувватланишини билдиради. 

2) “Вақф” фондининг тўлақонли институт сифатида шаклланиши орқали:

а) тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириладиган хайрия маблағларини, хусусан, закот тўловларини марказлашган ва тизимли ҳолда йиғиш ва тақсимлаш имкони янада кенгаяди. 

Хозирги кунда мустақил равишда (тарқоқ ҳолда) хайрия амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларида хайрияни мустақил равишда эмас, “Вақф” фонди орқали амалга оширишга қизиқиш ва рағбат пайдо бўлади. Бу ўз навбатида фондга марказлашган тушумларни кўпайтиради ва уларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлайди.  

Маблағларни марказлашган холда тўплаш ва тақсимлаш тезкорликни таъминлайди, маблағларни мақсадли йўналтириш, коррупцияни камайтириш, қайта алоқа имконини беради, хайрия ишларини амалга оширишда қулайлик яратилади. (Масалан, ижтимоий химояга мухтож шахсларга махсулот етказиб беришдан кўра уларга пул маблағларини ўтказиб бериш қулай хисобланади) 

Қолаверса хайрия маблағларини йиғишнинг марказлаштирилиши йиғилган маблағларни бир маъмурий ҳудуд доирасида эмас, бутун республика бўйлаб тақсимлашга янада қулайлик яратади. 

Ушбу фикримизни асослаш мақсадида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги фикрларни келтириб ўтмоқчиман:

Закот кимларга берилади?

Тунис мустақилликка эришгандан кейин илк Закот жамғармаси очилди

“Ислом динининг низоми закотда мусулмонларнинг ишбошилари томонидан закотчилар тайин қилинишини тақозо қилади. Бундан ташқари, закот ишига мусулмонларнинг ишбошилари аралашишига қуйидаги бошқа бир қанча сабаблар ҳам бор:

1. Ҳамма ҳам бир хил бўлавермайди. Баъзи кишилар ўзлари билса ҳам закот бергиси келмаслиги ёки ўзича фикр юритиб, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларидаги баъзи кишиларга ўхшаб “бермаса ҳам бўлаверади” деб ўйлаб, бунга турли баҳоналарни рўкач қилиши мумкин;

2. Баъзи одамлар тушунмаслиги, закотни қандай қилиб адо этишни билмаслиги, ҳақдорларни топиб беришга имкони бўлмаслиги мумкин;

3. Мискин ва фақирларнинг ҳаққини мусулмонларнинг ишбошилари олиб берса уларнинг хижолатлиги йўқолади. Ортларида ҳукумат турганини сезадилар, “мискинсан” деб ҳақдорларни камситиш, дилларга озор бериш каби ҳоллардан узоқда бўладилар;

4. Агар закотни ҳар ким ўзи тарқатса, тартибсизлик юзага келиши, бир мискинга бир неча бой закот бериб, бошқа мискинлар умуман закотсиз қолиб кетиши мумкин;

5. Закотни фақат мискин ва фақирларгагина эмас, бошқа тоифаларга ҳам тарқатиш керак. Бу ишларни билимдонлар қилмаса, билимсиз кишилар қилиши қийин” (Ҳадис ва Ҳаёт. 8-жуз. Закот. 205-саҳифа) 

б) ижтимоий муҳофозага мухтож қатламлар базасини яратиш, камбағаллик даражасини аниқлаш, ижтимоий иқтисодий ривожланишни баҳолаш мезонларини шакллантириш имконини беради. Бу эса ўз-ўзидан камбағаллик сабабларини чуқурроқ ўрганиш ва у билан самарали курашишга имкон яратади.

Хулоса қилиб айтганда, юридик шахс томонидан хайрияга йўналтириладиган маблағларнинг фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар рўйхатига киритилиши тадбиркорлик субъектларига солиқлар билан бирга молиявий ибодат бўлган закотни ҳам тўлашда қулайлик яратади ҳамда ҳукумат томонидан амалга оширилаётган камбағалликни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигига ижобий таъсирини кўрсатади.

Жамшид Усмонов, 
ҳуқуқшунос
“Azon.uz” сайти учун махсус

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳалимлик – чин умматнинг бир сифати

60 18:30 30.10.2020

Ҳадис илми: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу мужтаҳид фақиҳдир

74 18:05 30.10.2020

Йўлчи юлдузларга эргашиб...(12-қисм)

113 17:05 30.10.2020

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Нафл намозлар

169 16:05 30.10.2020

Қорақалпоғистонда яна бир масжид қайта бунёд этилди

104 15:27 30.10.2020

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

626 10:05 30.10.2020
« Орқага