Тафаккур билан Аллоҳга яқинлашамиз

18:00 03.02.2019 1065

Инсон Аллоҳга тақво қилиб, Унинг мўъжизаларини ўрганиб, борлиқдаги мавжудодлар хусусида теран тафаккур қилгани сари, Ҳақ таолонинг жалоли ва азамати ҳақида маърифати, яъни Роббисига яқинлиги ортиб бораверади.

Мавлоно Ҳазратлари чексиз-адоқсиз сиру ҳикматлар майдони бўлган борлиқда ғафлат билан кезиб, бутун мавжудодлар устидаги илоҳий ишораларни сўқир ва ғариб нигоҳ билан шунчаки кузатиб ўтган ғофилларнинг ҳолини қуйидаги ташбеҳ билан ифодалайдилар:

“Бир куни ўз замонасининг маданият маркази бўлган Бағдод шаҳрига бир ҳўкиз келди ва шаҳарнинг у бошидан, бу бошигача кезиб чиқди. Аммо шундай муҳташам гўзалликлар, лаззатлар ва  ажойиботлар орасида  фақат ва фақат йўл четидаги қовун-тарвуз пўчоқлари эътиборини тортди. Зотан, ҳўкиз билан эшакнинг сайрдан мақсади — ё йўлга тўкилиб-сочилган сомон, ёки йўл четида униб ўсган  чайир майсалар.”

Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссаллом замонида бир йигит ўттиз йил ибодат қилади. Бир парча булут ҳар доим уни қуёшдан асраб, соя қиларди. Бир куни булут келмади, обид офтобда қолди. Онасидан бу ҳолнинг боисини сўраган эди:

  • Балки бирор гуноҳ қилгандирсан,- деди .
  • Йўқ, гуноҳ қилмадим,- деди обид.
  • Осмонга, ерга, гулу гиёҳларга қарамадингми? Уларни кузатиб, Ҳақ таолонинг азаматини тафаккур қилишдан ғол қолмадингми?- дея сўради она.
  • Ҳа,- деди йигит.- Атрофимдаги мўъжизалар, гўзалликларни кўра-била туриб, тафаккурда нуқсонга учрадим,- дея ўкинди йигит.
  • Бундан ҳам катта гуноҳ борми?! Тезроқ тавбага шошил!- дея ўғлига танбеҳ берди она.

Мўмин киши тафаккур мажбуриятларини  ҳеч қачон унутмаслиги керак.

Банда Аллоҳга тақво қилгани ва Унинг мўъжизаларини ўрганиб, улар хусусида теран тафаккур қилгани сари, Ҳақ таолонинг жалоли ва азамати ҳақидаги маърифати, яъни Роббисига яқинлиги ортиб бораверади.

Умида АЗИЗ тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!