Таҳлил

Тафсир илмининг аҳамияти

847

Қуръони Карим оятларининг маъноларини фаҳмлаш ва уни тафсир қилиб, ўзгаларга очиқлаб бериш шундай буюк фазилатки, бу фазилат Аллоҳ хайр беришни ирода қилган бахтли кишиларгагина насиб бўлади.

“Бу умматнинг денгизи ва буюк дин олими” деган шарафли номга сазовор бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу Қуръони Каримни тафсир ва таъвил қилишда ўз даврининг ҳар қандай вакилидан олдинлаб кетиб, пешқадам бўлган ва “Қуръон таржимони” деган ном билан шуҳрат қозонган.

Мазкур улуғ саҳобий ўсмирлигидаёқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак назарларига тушиб, У зотнинг дуою таважжуҳларидан баҳраманд бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳаққига “эй Аллоҳ, уни динни тушунадиган қилиб қўй ва унга таъвилни ўргат!”, деб дуо қилган эдилар.

Мазкур дуонинг ижобати ўлароқ келажакда Аллоҳ таоло ёш саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббосни Ўз каломининг сир-асрорларини тушунадиган қилиб қўйди ва бу зот юқорида айтилганидек, “Қуръоннинг таржимони” деган улуғ унвонга ноил бўлди.

Агар дунёда тафсир илмидек шарафли бир илм йўқ, десак, сира ҳам муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, тафсир илми орқали оламлар Раббисининг каломи тушунилади. Шу илм орқали Парвардигор билан суҳбат қурилади. Бу илм Аллоҳнинг сўзларини тадаббур қилишга ёрдам беради. Тафсир илмида китоб ёзганларнинг энг буюги бўлмиш Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ шундай деган эдилар: “Қуръони Каримни ўқиб, қори бўлиб, лекин Унинг таъвилини билмайдиган инсондан ажабланаман. Бу аҳволда у қандай қилиб ўқиётган нарсасидан лаззат оларкин?!”. Ҳа, Қуръон ўқишни билиб, тафсиридан, унда яширинган хазинаю дафиналардан, ундаги макнун сир-асрорларидан бехабар бўлган инсон жуда кўп лаззатдан бебаҳра инсон бўлади.

Тафсир фани илм толиби ва қолаверса барча мусулмонларнинг энг биринчи ўринда аҳамият қаратиши лозим бўлган илмлардан биридир. Зеро, ҳар қандай илмнинг шарафи ўша илм орқали билинадиган ва ўрганиладиган нарсанинг шарафига боғлиқдир. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, тафсир илми ҳамма илмлардан муқаддам ва ҳаммасидан устун эканлигига амин бўламиз. Зеро, Ислом динидаги барча илмлар, барча фиқҳий ва шаръий билимлар, ботинию зоҳирий илмлар, латоифу фавоидлар, нафс тарбияси, одобу ахлоқ, ижтимоий хулқлар, муомалоту муносабатлар, ақоиду тавҳид билимлари, барча-барчаси аслида мана шу Қуръони Каримдан чиқиб келади, унга қайтади ва ундан таралади.

Кимки, тафсир билимини ўрганиш ва Қуръони Каримни тафсир қилишга бел боғлаган экан, бу илм уни диндаги барча илмларни эгаллашга етаклайди. У истасин, истамасин араб тилининг фасоҳату балоғатини чуқурроқ фаҳмлашга мажбур бўлади, араб тилисини мукаммаллаштиришга эҳтиёж сезади ва бу борада ўз устида ишлайди, фиқҳ ва унинг усуллари билан танишади, ояти карималардан муҳкаму муташобеҳ, носиху мансух, ому хос, мутлақу муқайяд ва ҳоказоларни ўрганади. Чунки, буларнинг бари Қуръони Карим ўз ичига олган нарсалардандир.

Шундай қилиб, муфассир то Қуръони Каримни тўлиқ тафсир қилгунча бошқа неча-неча китобларга мурожаат қилади. Натижада бу жараён сўнгида унинг ўзи ҳам илмда етуклик даражасига етади. Илмда қадами собит бўлган, Аллоҳ таоло “илмда собитқадам бўлганлар эса ...” (Оли Имрон сураси: 7-оят), дея сифатлаган зотлар қаторига қўшилади.

Ҳа, Тафсир илми инсонни том маънода олим қиладиган ва диндаги бошқа барча илмларни ҳам эгаллашига туртки бўладиган илмдир. Имом Ибн Абдул Барр раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзлари ҳам сўзимизнинг ёрқин далилидир. У киши шундай дейдилар: “Илмнинг аввали Аллоҳнинг каломини ҳифз қилиб, Унинг маъноларини тушунмоқдир. Аллоҳнинг китобини фаҳмлашга ёрдам берадиган бошқа барча нарсалар ҳам шу илм қаторида вожибдир”.

Шунинг учун ҳам тарих ва кунимизга назар солсак, Қуръони Каримни тафсир қилган олимлар бошқа илмларда ҳам пешқадам бўлганликларининг гувоҳи бўламиз. Мисол тариқасида, маъсур йўналишдаги тафсир соҳасида биринчилардан бўлиб мукаммал китоб тасниф этган зот, Муфассирлар пешвоси бўлмиш Имом Табарий раҳимаҳуллоҳни оладиган бўлсак, муаррихлар у кишини ўз асрининг бирор кишиси тенг кела олмайдиган илм соҳиби бўлганлигини қайд этадилар. У зот Тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва бир қанча илмларнинг билимдони эдилар. Ва ҳам ҳофизи Каломуллоҳ эдилар. Қуръон оятларининг маъноларини дақиқ жойларигача тушунган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билувчи, унинг соғлом ва заифи, носих ва мансухини ажратувчи олим эдилар. Бундан ташқари саҳобалар ва тобеинлардан ва улардан кейинги уламолардан эшитилган ривоятларни ва улар ўртасидаги ҳукмлардаги мухолифларни ҳам билувчи киши эдилар. Абул-Аббос ибн Сурайж раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Муҳаммад ибни Жарир фақиҳ олимдир». Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ тафсир илмида «Тафсир илмининг отаси» деган номга сазовор бўлганлар. Худди шунингдек тарих илмида ҳам ушбу буюк номнинг эгасидирлар.

Шунингдек, бошқа муфассир уламолар ҳам шундай етук олимлар бўлишган. Таъбир жоиз бўлса, уларни Ислом дининг қомусий олимлари деб атасак янглишмаган бўламиз. Масалан, Жассос номи билан машҳур бўлган Абу Бакр Розий бу киши катта фақиҳ олим бўлишлари билан бир қаторда “аҳкому-л-Қуръон” деган машҳур бир тафсир ёзганлар.

Ёки буюк ватандошимиз Имом Абул-Баракот Насафийни олайлик. Бу зот фиқҳ, ақоид ва бошқа бир қанча билимларда пешқадам бўлишлари билан бир қаторда ёзган асарларининг гултожиси ўлароқ “мадорику-т-танзил ва ҳақоиқу-т-таъвил” китобини ёздилар. Бу сирани анча давом эттириш мумкин. Имом Замахшарий, Ибн Касир, Байзовий, каби муфассирларнинг Исломий илмларнинг қарийб барчасида қалам тебратган пешқадам инсонлар эканлиги кўпчилигимизга яхши маълум.

Исломий билимларнинг деярли барчасида қалам тебратган, фиқҳ ва унинг усуллари, замонавий масалалар, улумул-Қуръон ва бошқа фанларда ҳам дасти баланд бўлган замондош алломалардан Ваҳба Зуҳайлийнинг “ат-тафсийру-л-мунийр”, Али Собунийнинг “софвату-т-тафасийр”, Абдулҳамид Маҳмуд Таҳмознинг “ат-тафсийру-л-мавзуъий”, Муҳаммад Мутаваллий Шаъровийнинг “ховаатир ҳавла-л-Қуръани-л-карийм”, Муҳаммад Саййид Тантовийнинг “ат-тафсийру-л-васийт” каби Исломий кутубхонани безаб турган ғоят бебаҳо китобларини тилга олишимиз мумкин.

Мазкур алломаларнинг барчаси нафақат тафсир илмида балки, бошқа кўплаб шаръий билимларда пешқадам бўлганлар. Ва ёзган тафсирлари ўз эгаллаган билимларининг ҳосиласи ўлароқ майдонга келган.

Биз зикр қилганлар тафсир илмига оид асар ёзган кўплаб алломаларнинг озгинаси бўлиб, аслида улар денгиздан бир томчи холос. Ҳолбуки, деярли барча уламолар тафсир илмига у ёки бу миқдорда ёндашганлар, мукаммал бўлмасада Қуръони Каримнинг маълум бўлакларини очиқлаб, шарҳ қилган уламолар жуда ҳам кўп бўлган. Ёхуд тафсир илмини мукаммал ўрганган бўлсада бу соҳада алоҳида китоб тасниф этмаган уламолар ҳам кўп бўлган.

Қуръони Каримни тафсир этишдек буюк неъмат насиб қилган кўплаб уламолар бу ишларини ўз илмий ҳаётларида қолдираётган асарларининг энг сараси ва гултожиси сифатида эътибор қилганлар ва бундан беҳад бахтиёр эканликларини яширолмаганлар.

Қуръони Каримни тафсир қилиш шу қадар бахт экан, ва бу неъмат кўплаб билимларни ўзида мужассам қилган зотларга насиб бўлган экан айтиш жоизки, бундай бахтни Аллоҳ таоло бир неча замондош ва ватандош уламоларимизга ҳам насиб этган. Жумладан, уларнинг аввалида марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини тилга олишимиз мумкин.

Ўзбекистон халқи истиқлол неъматига мушарраф бўлган бир пайтда бу зот биринчилардан бўлиб, Қуръони Каримни тафсир қилишга бел боғладилар. Ва ўз китобларини осмонга янги чиққан нозик ҳилолга менгазатиб “тафсири ҳилол” дея номладилар. Бундан мақсадлари ва айтмоқчи бўлган рисолалари шундан иборат эдики, “бу тафсир бу ўлкада ёзилажак тафсирларнинг кичик бир дебочаси бўлсин ва келажакда мендан бошқалар тўлин ой каби мукаммал тафсирлар ёзишсин!”.

Тафсир илмининг аҳамияти ҳақидаги кичик баҳсимизни Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги гўзал сўзлари билан якунламоқчимиз. У киши айтадилар: “Ўзим учун ҳаётимда асқотадиган бирор илмни танлаб олиб, унинг нурини қабримнинг зулматини ёритиш учун тайёрлаб қўяжагим нарса ҳақида бош қотирдим. Барча фанларни турларга ажратиб, бирма-бир тақсимлаб чиқдим. Уларга тийран назар солдим, тафаккур қилдим. Ва билдимки, илмнинг шарафи ўша илм орқали билинадиган нарса шарафининг миқдору кўламига боғлиқ экан. Шунда уларнинг арқони энг пишиғи, тоғлари энг мустаҳками, асарлари энг гўзали ва нурлари энг порлоғи Аллоҳ таоло китобининг илми эканлигини англаб етдим, қайсики, Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил яқин йўлолмас, У Ҳикмат соҳиби ва мақтов соҳиби бўлган Зот томонидан нозил қилинган. У Суннатни ҳам, фарзни ҳам ўз ичига олган илмдир. Ва уни самонинг амийни-омонатдори Ернинг амийнига олиб тушгандир. У шундай илмки, Аллоҳ уни шариатнинг асоси, тиргаги ва моҳияти қилиб қўйди, бошқа барча билимларни эса унга хизмат қилувчи ходимлар қилиб берди”.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аллоҳ айтади: “Агар муваффақият қозонаман десангиз...”

836 19:00 15.11.2019

«Албатта, Аллоҳ имон келтирганларни мудофаа қилур...»  оятининг тафсири қандай?

1324 19:05 09.10.2019

Бақара сураси тафсири

472 15:05 17.09.2019

Бақара сураси тафсири

657 14:05 16.09.2019

Бақара сураси тафсири

471 14:05 12.09.2019

Бақара сураси тафсири

519 14:25 10.09.2019
« Орқага