Тафсир: Тафаккур ҳам ибодат (“...тафаккурсиз кимсага вайл бўлсин!”)

10:30 04.03.2019 504

«Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) “Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!”» (Оли Имрон сураси, 190–191-оятлар).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Макка аҳлини фақат Аллоҳга ибодат қилишга чақирганларида, улар: “Биз ўзимиз топинадиган (санам)ларимиз бор. Чақириғингизнинг асоси борми, бирон далил келтира оласизми?” дейишади.  Шу оят уларга жавобан нозил бўлган (Имом Насоий).

Ҳақиқатан, осмон ва ер, қуёш, ой ва юлдузларга, тоғ, денгиз ва дов-дарахтларга ибрат назари билан боққан киши уларни Яратганни – Аллоҳни танийди.

 Илоҳий Калом қалбларга маънавий озуқа беради. Аллоҳни ёд этиш билан қалблари нурга тўлган бандалар: “Эй Раббим, бу нарсаларни Сендан бошқа ким ҳам ярата оларди”, дея Аллоҳ таолони улуғлашади, зикр қилади.

Тасбеҳ, таҳлил айтиш, Қуръон тиловат қилиш, намоз ўқиш ва ҳоказолар зикрдир. Имом Фахриддин Розий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Бу оятда келган “зикр” калимаси маъносини муфассирлар икки хил тафсир қилишган: баъзи муфассирлар ундан мурод инсон яратган Раббисини доимий зикр қилиб юриши дейишса, бошқалари оятдаги зикрдан мурод намоздир. Яъни оятда ақл соҳиблари дея мадҳ этилган мўминлар тик туришдан ожиз бўлишса ўтириб, унга ҳам қуввати етмаса, ётган ҳолида ҳам намозларини тарк этмайдиган бандалардир, дейишган”.

Абу Ҳаббоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Ато ибн Рабоҳ айтади: «Мен Абдуллоҳ ибн Умар ва Убайд ибн Умайр (розияллоҳу анҳумо) Ойша (розияллоҳу анҳо)нинг ҳузурларига бордик. Ойшага салом бердик. У зот мендан: “Улар ким?” деб сўради. Мен: “Абдуллоҳ ибн Умар ва Убайд ибн Умайр”, дедим. “Марҳабо, эй Убайд ибн Умайр. Зиёратингнинг боиси недир?” деди. Убайд: “Гоҳ-гоҳо зиёрат қил, муҳаббатинг зиёда бўлгай (ҳадисидир)”, деди. Сўнгра Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу): “Бизга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да кўрган ажиб нарсалар ҳақида айтиб беринг”, деди. Ойша (розияллоҳу анҳо) қаттиқ йиғлади ва деди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳар бир ишлари ниҳоятда ибратли эди. Бир куни тунда менинг олдимга келдилар. У зотнинг муборак баданлари менга тегиб турарди. “Эй Ойша, Раббимга ибодат қилишим учун изн берасанми?” дедилар. Мен: “Аллоҳга қасамки, сизга яқин бўлишни яхши кўраман, сизнинг хоҳиш-истагингизни ҳурмат қиламан”, дедим. Кейин туриб таҳорат олдилар. Йиғладилар, кўзлари жиққа ёш бўлди. Кейин ўнг томонга ёнбошлаб, ўнг қўлларини ўнг ёноқларига таяди. Сўнг яна йиғладилар, кўп йиғлаганларидан кўз ёшлари ерга томди. Шу пайтда Билол бомдодга азон айтди. Сўнгра у зотнинг ҳузурларига келди ва Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг йиғлаётганларини кўриб: “Эй Аллоҳнинг элчиси, сизнинг аввалгию, охирги гуноҳларингиз кечирилган бўлса, нега йиғлайсиз?” деди. Шунда у зот: «“Эй Билол, шукр этувчи бандалардан бўлмайинми, кеча менга бу оят нозил қилинди, дея Оли Имрон сурасидаги мазкур оятларни тиловат қилдилар ва бундай дедилар: “Бу оятни ўқиб, унда баён қилинган нарсалар ҳақида тафаккур қилмаган кишига вайл бўлсин”» (“Тафсири Насафий”).

Бир ҳадисда: “Яратувчи ҳақида эмас, балки яратилган нарсалар тўғрисида тафаккур қилинглар”; “Бир соатлик тафаккур бир йиллик ибодатдан афзалдир”, дейилган (“Фатҳул Қодир”).

Ҳеч бир нарса беҳикмат яратилмаган. Ҳар бир яратиқда ақл соҳибларига Яратувчини танишлари учун улкан далиллар бор. Ривоятлардан бирида: «Тўшакда ётган бир киши осмонга, юлдузларга боқди ва деди: “Гувоҳлик бераманки, албатта сени тарбия этувчи ва яратувчи бор. Эй Аллоҳ, мени мағфират қил”. Шунда Аллоҳ таоло унинг илтижоларини қабул қилди», дейилган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Тафаккурдек ибодат йўқ”, деганлар. Машойихлар айтади: “Тафаккур ғафлатни кетказиб, қалбда хушу пайдо қилади”.

Ҳадиси шарифда: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) тунги намоз учун турганларида мисвок ишлатарди. Кейин осмонга қарарди ва ушбу (“Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир...” (Оли Имрон, 190–191)) оятни тиловат қиларди», дейилган.

Ҳар бир мавжудоту набодотларида яратган Раббимизни танитадиган далиллар борлигига гувоҳ бўламиз. Ҳамд ва санолар барча борлиқни яратган Аллоҳ таологадир. Мўмин банда ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолони ёдидан чиқармаслиги, зикр этиши керак.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз...” (Аҳзоб сураси, 41-оят). Ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Жаннат боғларида ҳузур қилишни истаган банда Аллоҳ таолони кўп зикр қилсин” (“Тафсири Самарқандий”).

Манбалар асосида «Коҳ ота бузрук» жоме масжиди имом ноиби Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!