Тафсири Нобулсий: "Фил" сураси

20:00 27.03.2019 643

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

1. (Эй, Муҳаммад!) Раббингиз «фил эгалари»ни не қилганини кўрмадингизми? 2. (У) уларнинг макрларини йўққа чиқармадими?! 3. Уларнинг устига тўда-тўда қушларни юборди. 4. (Улар) сопол тошлар билан уларни отар эди. 5.  (Бас) уларни (Каъбани бузишга келганларни) еб (чайнаб) ташланган сомондек қилиб қўйди.

Бу сурада, Аллоҳ таолонинг муқаддас ҳудудига журъат қилган қавмнинг охир-оқибат ҳалокатли якун топганлиги ва “Фил” ҳодисаси баён этилган.

Бу воқеа Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг туғилишларидан эллик кун олдин содир бўлган. Абраҳа Ашрам Каъбатуллоҳни бузиш учун келганида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом оналарининг қорнида эдилар. Бу ҳодисадан эллик кун ўтиб оламларга раҳмат бўлган зот дунёга келдилар.  

Сийрат китобларида ривоят қилинишича, Ҳабашистон подшоси Абраҳа Ашрам насроний эди. У ўз салтанатида Санъо деган ибодатхона қурдирди. Бу билан у инсонларни Каъбадан ўзи қурган ибодатхонага буришни қасд қилди. Бундан хабар топган бир аъробий киши Санъога келиб ҳожатини чиқарди. Бу хабар Абраҳага етиб келганида қаттиқ ғазабланди ва: “Қасамки, Каъбага бориб, уни вайрон қиламан”, деди. Кўп сонли қўшинни тўплаб Макка томонга юриш қилди. Бу қўшин таркибининг асоси филлардан иборат эди. Аскарлар олд қисмига энг катта филни жойлаштирган эди. Бу қўшин Маккага яқин жойга етиб келганида, Абраҳа Макканинг етакчиси бўлмиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг боболари Абдулмутталибни чақиртирди. Абраҳа Абдулмутталибнинг икки юзта туясини олиб қўйган эди. Иккиси кўришганида, Абдулмутталиб Абраҳага Каъба ҳақида умуман оғиз очмади, балки туяларини қайтаришни сўради. Бундан таажжубланган Абраҳа: “Мен сенларнинг Каъбаларингизни, муқаддас маконларингни бузиш учун, динларингни топташ учун келган бўлсам-у, сен туяларингни қайтариб беришимни сўраяпсан”, деди. Шунда Абдулмутталиб: “Туяларнинг эгаси менман. Каъбанинг ҳимоя қиладиган ўз Эгаси бор”, деди.

Абраҳа қасд қилиб келган ишини амалга оширишга киришган вақтида Аллоҳ таоло уларнинг устига тўда-тўда қушларни бало қилиб юборди. Бу қушлар улар устидан сопол тошларни улоқтирди. Натижада Каъбани бузиш учун келган бу қўшиннинг барчаси ҳалок бўлди. 

Одатда, қиссахонларнинг қисса айтишдан бўш вақтни бекор ўтказмаслик, эшитувчиларни роҳатлантириш, уларда қизиқиш уйғотиш каби мақсадлари бўлади. Бироқ Қуръони Каримдаги қиссалар оддий қиссалардан фарқли бўлади. Аллоҳ таоло зикр қилган қиссаларнинг қиёматга қадар келадиган инсонлар учун ибрат бўлишини мақсад қилгандир.

Аллоҳ таоло “Фил” сурасида Абраҳанинг воқеасини келтиришидан мақсад – диннинг шиорларига тажовуз қиладиган ва уни топташга журъат қиладиган ҳар қандай инсоннинг охир-оқибати ҳалокат, хорлик билан якун топишини билдириб қўйишдир. “Фил” қиссаси қиёматга қадар келадиган инсонлар учун бир дарс ва ибрат бўлиб қолди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга “Фил” сураси нозил бўлганида, Макка аҳолиси ичида “Фил” воқеасини ўз кўзлари билан кўрган, бу воқеага бевосита гувоҳ бўлган инсонлар ҳам бор эди. Агар “Фил” воқеаси ҳақиқатда содир бўлмаганида ёки “Фил” сурасида айтилган суратда содир бўлмаганида эди, ўша даврда яшаганлар: “Бу бўлмаган гап, Муҳаммад ёлғон гапирди”, деб рад қилишган бўларди. Ҳолбуки, бу сурада айтилган гапларни ҳеч ким инкор қилмади. Зеро, Аллоҳ таоло хабар берувчиларнинг энг ростгўйидир.

Аллоҳ таоло бу ҳаёти дунёда барча нарсани сабабият қонуни билан яратган. Одатда воқеъликда бирор нарса содир бўлса, унга бошқа бир нарса сабаб бўлади. Масалан, фарзанд бўлиш учун ота-она сабаб бўлади. Бирор нарсанинг ёниши учун олов сабаб бўлади.

Бу сабабият қонунлари ҳам Аллоҳ таолонинг изни ила бўлади. Барча иш Аллоҳ таолонинг қўлида, нимани ирода қилса, албатта, ўша иш сабабият қонунисиз ҳам амалга ошади.

Бу сурада зикр қилинган қушлар тумшуқларида тош кўтариб келишлари ва тош отиб аскарларни ҳалок қилишлари сабабият қонунига кўра ақл бовар қилмас воқеа ҳисобланади. Лекин Аллоҳ таоло баъзида барча қонунларни бекор қилиб, Ўз иродаси билан хоҳлаган нарсани яратади. Бунга Иброҳим алайҳиссаломни олов куйдирмагани, Одам алайҳиссаломни ота-онасиз яратилишлари ва Исо алайҳиссаломнинг отасиз дунёга келишларини мисол қилса бўлади. Демак, “Фил” воқеаси одатдан ташқари, сабабият қонунига зид равишда содир бўлган воқеалардан саналади.   

Бу сурада, Қурайшликларга ваъид,  Пайғамбаримиз алайҳиссаломга эса тасалли бор, гўёки Аллоҳ таоло бу сурада: “Эй Муҳаммад, сиз қўрқманг, ташвишланманг, Мен сиз биланман, бу байт Менинг байтим, сиз Менинг пайғамбарим ва расулимсиз. Байтимни бузиш учун келган Абраҳа Ашрамни қўшини билан қандай ҳалок қилганимни билдингиз. Худди шунингдек, сизга қаршилик қилаётган, сизни ёлғонга чиқараётган, сизни ўлдирмоқчи бўлаётганлар, сизни айблаётганлар, Менинг нуримни ўчирмоқчи бўлганлар – Абраҳа ва унинг қўшинининг ҳалокатидан ибрат олсинлар, агар ибрат олишмаса, уларнинг ҳам охир-оқибати ҳалокат билан якун топишини билиб қўйсинлар”, деб айтаётгандай.

Кейинги оятда Аллоҳ таоло шундай деди:

2. (У) уларнинг макрларини йўққа чиқармадими?! Аллоҳ таоло Маккага бузиш учун келган Абраҳа ва унинг қўшинининг режалаштирган, қилмоқчи бўлган амалини “макр” деб номлади. Одатда ўзига ишонмайдиган, кучсиз одам душман томонни енгиш учун турли ҳийла ва найранг йўлларини ўйлаб топади, режалар тузади, турли тадбирлар қилади. Кучли, ўзига ишонган одам эса, душманига юзма-юз чиқаверади. Худди шундай, Абраҳа ҳам Каъбани бузиб, одамларни Санъога буриш учун режа тузди ва турли макр-хийла йўлларини ўйлаб топди. Аллоҳ таоло унинг қилмоқчи бўлган ишларини заиф санаб “макр” деб номлади. Шунинг учун ҳам уларнинг қилмоқчи бўлган ишларининг заифлигини билдириб қўйиш учун кичик, заиф, тўда-тўда бўлиб учадиган қушларни юбориб, уларнинг макрларини барбод қилиб, ўзларини ҳалок қилди. Аслида Аллоҳ таоло уларга ваҳший, йиртқич қушларни жўнатиб ҳалок қилса ҳам бўларди. Бироқ кичик, заиф қушлар билан ҳалок қилишида, уларни хорлаш ҳам мақсад қилинган эди. Худди бир эркак кишини бошқа бир кучли киши уриб ўлдириб қўйса, бу ҳамма қабул қиладиган оддий ҳолатдир. Бироқ бир эркак кишини заифа аёл уриб ўлдириб қўйса, бу эркакнинг ўлими билан бирга хорлик ҳам бўлади.

3. Уларнинг устига тўда-тўда қушларни юборди. 4. (Улар) сопол тошлар билан уларни отар эди. Абраҳа ва унинг қўшинига қушлар улоқтирган тошлар сополдан бўлгани ояти каримада баён қилинмоқда. Баъзи муфассирлар: “Бу ўриндаги тошлардан кимни қатл қилиш керак бўлса, унинг исми битиб қўйилган тошлар назарда тутилган”, дейишади.

Ҳар бир тошга бу фалончига, буниси фалончига тегишли деб ёзиб қўйилгандир. Агар ҳар бир тошнинг тайин қилинган одами бўлмаганида эди, одамлар: “Бало яхшию ёмонни, итоаткор-у осийнинг барчасини қамраб олди” деб айтган бўларди.

Тошларга номларнинг ёзиб қўйилганининг яна бир ҳикмати, улоқтирилган тошлар ўз нишонига аниқ тегиши, бирорта тош беҳудага кетмаслиги ҳам кўзда тутилган. Чунки адашиш, беҳуда кетиш – инсонларда кузатилади, яъни инсонлар томонидан бирор ўқ отилса, ўз нишонига тегмаслиги, адашиши мумкин.

Бу маънони қўллаб-қувватлайдиган бошқа ояти карима ва ҳадислар бор:

(Иброҳим) деди: «Эй, элчилар! Юмушларингиз недир?» Айтдилар: «Бизлар бир жиноятчи қавмга (Лут қавмига) юборилдик. Лой сополидан қилинган тошни улар узра ёғдиришимиз керак. Парвардигоринг наздида ҳаддан ошувчи кимсалар учун (ҳар бир тошга) белги қўйилган (номлари ёзиб қўйилган)». Бас, Биз у жойдаги мўминлардан бўлмиш кишиларни чиқариб юбордик. У жойда бир хонадондан (Лут хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик. Биз (кофирларни ҳалок қилганимиздан сўнг) аламли азобдан қўрқадиган зотлар учун у жойда аломат қолдирдик” (“Зориёт” сураси, 31-37-оятлар).

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Ҳар бир нарсанинг ҳақиқати бор. Банда то ўзига етган нарса ўзидан ўтиб кетмаслигига ва ўзидан ўтиб кетган нарса ўзига етмаслигини аниқ билмагунича имоннинг ҳақиқатини топмайди”[1]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенга манфаатли бўлган нарсаларга ҳарис бўл. Аллоҳ таолодангина ёрдам сўра! Ожиз бўлма! Агар сенга бирор мусибат етса: “Агар мен фалон ишни қилганимда эди, фалон-фалон бўларди”, дема. Балки: “Аллоҳнинг тақдири билан бўлди. У Зот нимани хоҳласа, ўша нарса бўлади. Зеро, “агар ундай бўлса, агар бундай бўлса эди”, дейиш – шайтонга амал қилиши (васваса қилиши)га имкон беради”, дедилар”[2].

Дунё ҳаётида юз бераётган барча нарса Аллоҳ таолонинг белгилаб қўйган тақдири билан бўлади. Аллоҳ таоло ҳеч қачон хато қилмайди. Масалан, бир киши ишга кириш учун тиббий кўрикдан ўтаётган вақтда кўкрак қафасини рентген қилдиради. Икки кундан кейин жавоб чиқади. Рентген натижасига кўра, у кишида ўпка сили касаллиги борлиги маълум бўлади. Бу хабарни эшитган киши ўз оиласига бориб айтади. Бу касаллик юқумли бўлгани боис, оиласи ундан ўзларини узоқ тутишади. Унинг учун алоҳида жой, таом, кийим, идиш-товоқлар ажратишади. Бу киши оиласининг муносабатини кўриб жуда ранжийди ва тушкунликка тушади. Ҳатто йиғлаб яшашдан ноумид бўлади. Бироз вақтдан кейин қалбида тузалишга бўлган умид учқуни уйғонади ва: “Эй Аллоҳ, шифо берса ажаб эмас” дея гуноҳларига тавба қилади ва намоз ўқий бошлайди. Кунларнинг бирида қайтадан кўрикдан ўтиш учун шифохонага борса, шифохона ходимлари биринчи сафар хато қилишиб бошқа кишининг ташхисини бериб қўйганларини, бу киши аслида соғлом эканини айтишади.

Мана шу бўлган воқеа ташқи томондан олиб қаралганда, бандалар (касалхона ходимлари) томонидан хато қилинди. Бироқ, бу нарса Аллоҳ таолонинг наздида тўғридир. Чунки Аллоҳ таоло шундай йўл билан уни тўғри йўлга қайтишини хоҳлади. Демак, гоҳида инсонлар ташқи томондан қараганда хато қилишади, бироқ бу хато бошқа бир инсонларнинг манфаати учун хизмат қилади. Шунинг учун ҳам инсонлар тарафидан қилинган хато, Аллоҳ таолога нисбатан хато, дейилмайди. У Зот ҳар бир ишини билиб тақдирга битган бўлади. Аллоҳ таоло ҳаётда содир бўладиган барча нарсаларда бирор яхшилик борлигини билгани учун уни тақдирга битган бўлади. Нима рўй берса, демак унда яхшилик бўлади.

 5.  (Бас) уларни (Каъбани бузишга келганларни) еб (чайнаб) ташланган сомондек қилиб қўйди.

Бу ояти кариманинг маъноси: “Аллоҳ таоло уларни худди еб, ахлат қилиб чиқарилган нарсага ўхшатди. Бу ҳам хорликнинг бир кўринишидир”.

Бу сура қисқа бўлишига қарамасдан қиёматга қадар келадиган бутун инсоният учун дарс бўлиб қолажак. Яъни, Аллоҳ таоло бутун мўмин-мусулмонларга ҳар қандай кучли душмандан қўрқмасликка, балки Аллоҳ таоло улардан ҳам кучли ва қудратлироқ эканини билдирмоқда.

Агар сиз инсонлар орасида энг кучли бўлишни истасангиз, Аллоҳ таолога таваккал қилинг! Агар сиз инсонлар орасида энг ҳурматли бўлишни истасангиз, Аллоҳ таолога тақво қилинг! Агар сиз инсонлар орасида энг беҳожати, бойи бўлишни хоҳласангиз Аллоҳ таолога мустаҳкам боғланинг!

Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг

“Тафсири Нобулсий” китоби 14-том, 30-жузъидан

Фаррух Абдулкарим, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси  

Фойдаланилган қўшимча адабиёт: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг “Қуръони карим маънолар таржимаси” китоблари.

 


[1] Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Муснад”ларида келтирганлар.

[2] Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Саҳиҳ”ларида келтирганлар.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!