Тафсири Нобулсий: "Ҳумаза" сураси

22:00 18.04.2019 789

"Ҳумаза" сураси

1. (Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсага вайл бўлсин. 2. Қайсики, у мол-дунёни йиғиб, уни санагани-санаган. 3. ва моли (бойлиги) уни абадий қолдиради деб ўйлайдиган кимсадир. 4. Йўқ! Қасамки, албатта, у «Ҳутама»га ташланур! 5. (Эй, инсон!) «Ҳутама» нима эканлигини сенга не ҳам англатур?! 6. (У) Аллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидирки. 7. (у баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур. 8. Албатта, у (олов) уларни қамраб олувчидир. 9. (Ўзлари) узун устунларда (занжирбанд) бўлурлар.

1. (Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсага вайл бўлсин.

Ояти каримадаги “вайл” сўзидан “ҳалок бўлиш”, “бахтсизлик”, “зиён” маънолари ёки жаҳаннамдаги бир водий ирода қилинган. Бу водий жаҳаннамдаги азоби энг шиддатли бўлган водийдир. Қандай маънода бўлса ҳам, у оламлар Раббиси томонидан бўлган таҳдиддир. Таҳдиднинг қай даражада экани – ким томонидан қилинаётганига боғлиқ бўлади. Масалан, бирор инсон сизга таҳдид қилса, уч ҳолатдан бири бўлади, яъни: “Таҳдид қилган инсон таҳдидни амалга оширгунига қадар вафот этиб қолиши ёки таҳдидни амалга ошириш учун кучи етмаслиги мумкин ёки таҳдидни амалга оширадиган кунига етиб келиши ҳам, амалга оширишга куч ҳам топиши мумкин, бироқ у вақтда сиз ундан кучлироқ бўлиб чиқишингиз мумкин.

Лекин таҳдид доимий тирик, қувватли, барча нарсадан ғолиб келувчи Зот Аллоҳ таоло томонидан бўлсачи, унинг амалга ошишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир.

Ояти каримадаги Аллоҳ таолонинг амалга ошиши аниқ бўлган бундай таҳдиди кимлар учун?

Бундай таҳдид биринчи оятда зикр қилинган “ҳумаза” ва “лумаза”гадир. “Ҳумаза” кишиларни “кўп айбловчилар” бўлса, “лумаза” эса кишиларни “кўп масхара қилувчилар”дир.

“Ҳумаза - кишиларни кўп айбловчилар” – инсонларнинг уйлари, кийимлари ҳатто оладиган маоши билан айблашади. Масалан, бир кишидан: “Бир ойда қанча маош беришади”, деб сўрашса, сўралган киши: “Оладиган маошининг қанчалигини айтса”, унга: “Шу ҳам маош бўлдию, шу маош учун ҳам одам ишлайдими”, деб устидан масхара қилишади. Натижада тинч, рози бўлиб ишлаб келаётган инсонни ўзининг ишига норози қилиб қўйишади.

“Ҳумаза” ва “лумаза” маъноси ҳақида турли фикрлар бор. Улар орасида энг машҳури “ҳумаза” сўзининг – “инсонлар орасида кўп чақимчилик қилиб юрувчилар” деган маъносидир.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Чақимчи киши жаннатга кирмайди”, деганларини эшитдим”[1].

“Лумаза” сўзи эса “ўзини юқори олиб одамларни айбловчилар” маъносини билдиради.

“Ҳумаза” сўзининг машҳур маъносидан бошқа маънолари ҳам бор. Улар қуйидагилар:

  1. Одамларни юзига қараб ҳақорат қилувчилар.
  2. Одамларга тили билан озор берувчилар.
  3. Қандай йўл билан бўлса ҳам одамларни айбловчилар.

“Лумаза” сўзининг ҳам машҳур маъносидан бошқа маънолари бор. Улар қуйидагилар:

  1. Одамларни орқасидан ёмонловчилар.
  2. Одамларни ўз ҳатти-ҳаракатлари билан масхара қилиб озор берувчилар.
  3. Одамларнинг айбланишига сабаб бўладиган ишлар қилувчилар.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш лозимки, бировни айблашнинг энг хатарлиси инсоннинг хилқати, шаклу шамоили билан айблашдир. Чунки бунга шундай шаклу шамоил берган Зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шундай экан, қандай қилиб Аллоҳ таоло яратган нарсаси устидан кулиш мумкин? Бундай қилиш Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик ҳисобланади.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қанчадан қанча сочлари тўзиган, чангга босган, жулдур кийим кийиб олган, аҳамият қаратилмайдиган кишилар борки, агар улар (бирор ишни қиламан деб) Аллоҳ таолонинг номи билан қасам ичса, албатта Аллоҳ уларнинг қасамини рўёбга чиқаради”, дедилар[2].

Буюк саҳобий Аҳнаф ибн Қайс разияллоҳу анҳу бўйлари паст, ранглари қора, ияклари чўзинчоқ, кўзларида ғилайлик бор бўлган, дўнг пешонали, елкалари кичкина киши эдилар. Шунга қарамай, қавмларининг саййиди эдилар. Ҳамма у кишига итоат қилган. Демак инсон шаклу шамоили билан эмас, балки илми, амали ва ахлоқи билан эътиборлидир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Табук ғазотида Каъб ибн Молик қаердалигини сўрадилар. Шунда бир киши: “У бирор узрсиз уйда қолди”, деди. Бу гапларни эшитган Муоз ибн Жабал: “Қандай ҳам ёмон сўз айтдинг, Аллоҳга қасамки, биз Каъб ибн Молик ҳақида фақат яхши нарсаларни биламиз”, дедилар.

Мусулмон киши ўз биродарини ҳар хил таъна тошлар, ноҳақ айтилган гаплардан ҳимоя қилади. Дўстига шайтонга қарши ёрдам беради. Шайтонга дўстига қарши ёрдам бермайди. Дўсти бирор айб иш қилиб қўйса ёки бирор хато қилса уни беркитади. Дўстининг қилган хатосига етмишта узр излаб топади. Дўстини айбловчи, унинг хато ва камчиликларини изловчи, ғийбат қилувчи, одамлар олдида масхара қилувчи бўлмайди. Зеро, ҳар бир инсонда унинг яхши, мукаммал тарафлари бўлганидек, нуқсонли тарафлари ҳам бўлади.

Ҳақиқий мўмин киши инсонларнинг яхши тарафлари, фазилатларига қарайди. Уларнинг камчиликлари, хатоларига кўз юмиб кетади. Чунки ҳар қандай инсон покиза, юксакликка интилувчи, бир-бирига ёрдам берадиган, ростгўйлардан иборат инсонларнинг атрофида яшашига муҳтож. Бунинг учун инсонлар ўзаро бир-бирларини айбламайдиган, хато ва камчиликларини изламайдиган, айбларини беркитадиган, хато-камчиликларга кўз юмадиган бўлишга ҳаракат қилишлари лозим бўлади. Бундай муҳитда яшовчи инсонлар доимо ўзаро кўмаклашишади, бир-бирларини Аллоҳ учун яхши кўришади, улар бирор жойда ўтиришса, Аллоҳ таолони ёд этишади. Натижада уларни фаришталар ўраб олади, уларга сакинат нозил бўлади, Аллоҳ таолонинг раҳмати қамраб олади. Бундай жамият, муҳитни Аллоҳ таоло яхши кўради.

Нима сабабдан инсонлар бошқаларни айблайдилар, устиларидан куладилар? Бунинг сабабини Аллоҳ таоло кейинги оятда шундай марҳамат қилди:

2. Қайсики, у мол-дунёни йиғиб, уни санагани-санаган – Аллоҳ таоло бошқаларни айблашга олиб орадиган сабаб қилиб икки сифатни кўрсатди. Бу сифатларнинг бири мол дунёни тўплаш бўлса, иккинчиси уни мудом ҳисоб китоб қилишдир. Чунки бундай инсон бой-бадавлат бўлганлиги туфайли ўзини бошқалардан устун деб билади. Аслида ризқ касб қилиш шариатда яхши саналган амал бўлиб, шариат уни ибодат даражасига чиқарган. Бироқ оятда зикр қилинган инсондан – мол тўплашга ҳаддан зиёд ҳирс қўйган киши назарда тутилган. Ундай киши мол-дунё тўплашга ҳаддан зиёд ҳирс қўйганидан бировга беришдан бахиллик қилади. Эртаю кеч шунинг ортидан югуради, топган бойлигини сандиғига солиб ҳар куни санаб-санаб роҳат олади, қалби хотиржам бўлади. Бу инсоннинг ҳаётидаги энг асосий ташвиши мол-дунё тўплаш бўлади. Бора-бора бу инсон ҳаётда барча нарсани мол-дунё ҳал қилади, деб эътиқод қилади, ҳатто мол-дунё уни ўлимдан сақлаб қолади, деб ўйлайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло кейинги оятда бундай кишини қуйидагича васфлади:

3. Ва моли (бойлиги) уни абадий қолдиради деб ўйлайдиган кимсадир, яъни модомики, бой эканман, ҳаргиз вафот этмайман, мол-дунё умримни узайтиради, деб ҳисоблайди.

Аллоҳ таоло бу инсоннинг бундай ўйлагани, бундай эътиқодини рад қилиб оқибати қандай бўлишини оятнинг давомида баён қилди:

4. Йўқ! Қасамки, албатта, у «Ҳутама»га ташланур! У ўйлаганидай мол-дунё уни абадий қолдирмайди, балки вафот этиши билан тўплаган барча мол-дунёсини тарк қилиб ундан ажралади. Гоҳида инсон керак бўлмаган бўш   идишни ташлаб юборади ва бунга ачинмайди ҳам. Ҳатто уни йўлда кўрса, аҳамиятсиз нарса бўлганидан босиб ўтиб кетаверади. Бироқ қимматбаҳо, зарур бўлган нарсани эса, инсон эҳтиёт қилади, сақлашга ҳаракат қилади.

Ўзгаларга беписанд қарайдиган, уларнинг устидан куладиган, ўзини ўзгалардан устун биладиган инсон – Аллоҳ таоло наздида аҳамиятсиз бўлганидан уни “Ҳатама”га ташланур, деб айтмоқда.

5. (Эй, инсон!) «Ҳутама» нима эканлигини сенга не ҳам англатур?!

6. (У) Аллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидир.

Ояти каримадаги оловнинг Аллоҳ таолога нисбат берилишидан мақсад ўша оловнинг даҳшатли эканини ифодалашдир. Оловлар иссиқлигига кўра ҳар хил бўлади. Гугурт ва ўтинлар оловининг ҳарорати иссиқ бўлади. Бироқ бунинг иссиқлиги тандир ва газ плитаси, металл қуйиш печкаси оловларининг иссиқлик ҳароратидан пас бўлади. Ояти каримадаги олов - Аллоҳ таолонинг олови дейилди. Унинг иссиқлик ҳарорати қанчалик даражада бўлишини тасаввур қила олмаймиз. Унинг устига Аллоҳ таоло бу оловнинг даҳшатли эканини яна билдириш учун уни қуйидагича васфламоқда:

7. У баданларни тешиб ўтиб юраклари қадар етур. У олов инсоннинг териси, мускуллари ва суякларини куйдириб, уни ёмонлик қилишга, одамларни пас санашга ундаган қалбларигача етиб борувчи бўлади.

 Аллоҳ таоло кейинги оятда бу оловнинг янада даҳшатли ва шиддатли эканини шундай ифодалади:

8. Албатта, у (олов) уларни қамраб олувчидир. Бу кўриниш ҳам ҳар қандай инсонни даҳшатга солади. Бу пайтда азобланувчилар қандай ҳолатда бўлишади?

Буни Аллоҳ таоло суранинг охирги оятида баён қилгандир:

9. (Ўзлари) узун устунларда (занжирбанд) бўлурлар. Улар боғланган, кишанланган бўладилар. Улар бу кишанлардан асло қутула олмайдилар. Уларни қамраб олган олов ўта шиддатли эканидан уни бирор бир нарса ўчиришга қодир бўла олмайди, азобланаётганларни қутқаза олмайди. Аллоҳ таолонинг азобини тўхтатишликка ким ҳам қодир бўла оларди?

Аллоҳ таоло бу сурада дунё матоҳлари ичидан мол-мулк ҳақида сўз юритди. Мол-мулк дунё аҳли наздида энг қадр-қийматли матоҳ ҳисобланади. Улар барча нарсанинг қийматини мол-мулк билан баҳолашади. Ҳатто уларнинг наздида инсоннинг қиймати ҳам мол-мулкининг кўплигига қараб ўлчанади. “Пулинг бўлмаса сен ҳеч ким эмассан” деган сўзни айтишади. Шунинг учун ҳам улар мол-мулки ўзларидан кам бўлган инсонларни турли айблар билан ҳақорат қилишади.

Бу сурада Аллоҳ таоло сўз юритган мол-дунё эгалари, бой-бадавлат инсонлардан – Аллоҳ таолони танимаган, Ул Зотдан узоқ бўлган кишилар назарда тутилган эди. Бироқ Аллоҳ таолога тоат-ибодат қиладиган, Ул Зотни танийдиган бой мўмин-мусулмонлар эса қўлларидаги мол-мулкни Аллоҳ таолонинг мулки деб билишади. Мол-мулк туфайли кибрланмайдилар, ўзгаларни камситмайдилар, балки мол-мулкни ўзи учун берилган синов деб билиб, яхшиликлар йўлида ишлатишади. Ўз соҳибини Раббисига яқин бўлишига ва Жаннатга киришига сабаб бўладиган мол-мулк қандоқ ҳам яхши мол-мулкдир.

Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг “Тафсири Нобулсий” китоби 14-том, 30-жузидан Фаррух Абдулкарим, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.  

Фойдаланилган қўшимча адабиёт: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг “Қуръони карим маънолар таржимаси” китоблари.

 


[1] Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Сунан”ларида келтирганлар. 

[2] Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Сунан”ларида келтирганлар. 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!