Тафсири Нобулсий: "Кофирун" сураси

20:00 05.03.2019 928

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

“Кофирун” сураси

1. (Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Эй, кофирлар! 2. Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман. 3. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз. 4. Мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилувчи эмасман. 5. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз. 6. Сизга – ўзингизнинг динингиз, менга – ўзимнинг диним».

Бу сура ва ундан кейинги келадиган “Ихлос”, “Фалақ” ва “Наас” суралари Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан “Айтинг” деган буйруқ билан бошланяпти. Бундай бошланишининг сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан айтилган гаплар ўзларининг гаплари эмас, балки оламлар Роббиси томонидан нозил қилинган ваҳий эканини билдиради. Зотан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг вазифалари Роббилари томонидан буюрилган ишларни қандай бўлса шундайлигича инсонларга етказиш эди. Худди шундай “Кофирун” сураси ҳам “Айтинг” деган буйруқ билан бошланишидаги ҳикмат шудир.

“Кофирун” сўзи “кофирлар” деган маънони ифодалайди. Араб тилида “куфр” сўзи “беркитиш”, “юз ўгириш”, “такаббурлик қилиш” ва “ҳақни тан олмаслик” каби маъноларда келади. Инсон бирор ҳақиқатни кўриб туриб тан олмаса, уни ўша нарсага нисбатан кофир киши дейилади. Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилмаса, уларга бепарво бўлса, уни неъматларга нисбатан кофир дейилади. Аллоҳ таолодан юз ўгириб, тан олишдан кибр қилса ва дунёси билан овора бўлса, уни Аллоҳ таолога кофир бўлди дейилади.

Аллоҳ таолога кофир бўлганлар ҳам турли бўлади. Масалан, Аллоҳ таолонинг борлигини инкор қилувчилар. Бундай инсонлар тарихда жуда кам кузатилган.

Аллоҳ таолонинг оламлар тарбияткунандаси деб тан олмайдиганлар ҳам бор. Бундай кофирлар Аллоҳ таолони махлуқотларининг барча эҳтиёжларини қондирмайди, уларга доимий мадад бермайди деб эътиқод қилишади.     

Аллоҳ таолони илоҳ деб тан олмайдиган кофирлар ҳам бор. Бундай кофирлар юқоридаги кофирлар тан олмаган нарсаларни тан олишади. Яъни, Аллоҳ таолони бор, оламлар робби, инсонларнинг эҳтиёжини қондиради, деб эътиқод қилишади. Бироқ улар ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзига ибодат қилинадиган ўринларда бошқаларни ҳам шерик қилишади, яъни барча иш Аллоҳ таолонинг қўлида эмас деб эътиқод қилади, борлиқдаги ҳар нарса унинг изни билан ҳаракатланиб, унинг изни билан тўхташини ва барча махлуқотларга берувчи ҳам, улардан олувчи ҳам, хоҳлаганининг қадрини баланд қилувчи ҳам, хоҳлаганининг қадрини пасайтирувчи ҳам ягона Аллоҳ таолодир, деб тан олмайди.

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларига ҳам кофир бўлганлар бор. Бундай кофирлар ер юзининг турли ўлкаларида бало-офатлар, сув тошқинлари, зилзилалар ва очарчилик, қурғоқчиликлар рўй берганини эшитиб ёки кўриб, бу ҳолатлардан аччиғи чиқиб: “Ўзи ҳаёт шу, фақат бойлар мазза қилиб ҳаёт кечиришади, балога қолганлар, қийинчилик кўрадиганлар фақат фақирлар” деб айтади. Бундай дейиш Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари, ҳикмати, раҳмати ва адолатига куфр келтиришдир. 

Куфр сўзи фақат юқорида айтганларимизга чекланиб қолмайди, яна шундай кофирлар борки, улар намоз, рўза, закот ва ҳаж амалларини бажарганлиги сабабли ташқи томондан қараганда мусулмонларга ўхшайди. Бироқ ичидан Аллоҳ ва расулидан юз ўгирган бўлади. Ундай инсонларни мунофиқлар дейилади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Нафақа (садақа)ларининг қабул қилинишидан тўсган нарса бу – уларнинг Аллоҳга, Расулига куфр келтирганлари, намозга фақат суст ҳолда келишлари ва нафақа (садақа)ни фақат ёқтирмаган ҳолларида беришларидир. ("Тавба" сураси, 54-оят).

Мунофиқлар дунёвий мақсад учун Ислом динига кирадилар. Улар Аллоҳ таолонинг оятларини арзимаган матоҳ эвазига сотадилар. Энг катта ғами дунё бўлади. Аллоҳ таоло ва расулининг буйруқларидан бўйинтовлайди. Шу қилган ишлари сабабли Аллоҳ таоло уларни фосиқ деб номлаган:

Мунофиқлар, албатта, фосиқдирлар.  ("Тавба" сураси, 67-оят).   

Шуни билингки, кофирлар мусулмонлар билан киришиб кета олмайди, улар орасида дин масалаларида муроса қилинмайди, қарашлари бир-бирига тўғри келмайди. Чунки, куфр билан иймон бир-бирига зид бўлган тушунчалардир. Чунки кофирнинг йўли бошқа, мусулмоннинг йўли бошқа. Кофирнинг ўзига хос фикрлаши, барча хоҳиш-истакларининг дунёга боғлангани, дунёдан бошқа нарсани кўрмаслиги ҳамда одоб-ахлоқ, қадр-қиммат, охират тушанчаларининг йўқлиги ва худбинлиги борлиги билан мусулмон кишидан кескин фарқ қилади. Кофир билан мусулмон худди касал билан соғлом одамга ўхшайди. Соғлом одам юқумли касаллиги бор киши билан аралашиб юрмагани каби кофир билан мусулмон ҳам эътиқод, тушунча, дунё қарашларда бир-бири билан аралашиб юра олмайди.

“Кофирун” сураси кофирларга нидо қилиш билан бошланди. Юқорида кофирларнинг кимлиги, уларнинг турлари ҳақида баён қилдик. Кофирлар билан мусулмонлар эътиқод, тушунча, дунё қараш, хоҳиш-истаклар, мақсадлар ва қадриятлар борасида асло келиша олмаслигини, бирлаша олмаслигини ҳам айтдик. Ояти каримадаги нидо юқорида зикр қилинган барча турдаги кофирларга қаратилгандир.

 Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман – бу ояти каримани баъзи муфассирлар умумий маънода келган, дейишади. Шунда умумий маънога кўра ояти кариманинг маъноси қуйидагича бўлади: “Мен сизлар ибодат қилаётган барча нарсага ибодат қилмайман”, яъни инсонлар Аллоҳ таолодан бошқа нимага қуллик қилсалар, шуларнинг барчасига ибодат қилмасликни қамраб олади. Масалан, баъзи инсонлар молу дунёнинг қули бўладилар, унга ибодат қиладилар. Яна баъзилари либосларнинг қули бўлади. Либоси ғижим бўлмаслиги учун кечгача намоз ҳам ўқимай қўяверади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Динор, дирҳам, либос, кийим қуллари ҳалок бўлсин. Агар (шулардан бирортаси) берилса рози бўлади, агар берилмаса рози бўлмайди”, дедилар[1]

 Яна баъзилари қорнига қул бўлади. Айримлари эса аёлларга қул бўлади. Аёлга етишиш учун аёл буюрган барча ишларини қилади, нима деса бўйинсунади. Айримлар ўзига ўхшаган инсонларга қуллик қилади. Ишидан хайдамаслиги, маошини камайтирмаслиги учун иш раҳбарига итоат қилади, унинг айтганидан чиқмайди. Бундай кўринишдаги қулликларнинг барчаси маънавий маънода Аллоҳ таолони қўйиб бошқа нарсага ибодат қилиш турига киради.

Баъзи муфассирлар бу оят суранинг нозил бўлиш сабабига тегишли дейишади. Шунда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади:

“Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага (яъни, Лот, Уззо, Яғус, Яъуқ, Наср каби бут-санамларга) ибодат қилмасман”.

Бу суранинг нозил бўлиш сабаби борасида баъзи тафсир китобларида қуйидаги воқеъа келтирилади: Мушриклар Пайғамбар алайҳиссалом олдиларига келишиб: “Эй Муҳаммад, кел, биз сен ибодат қилаётган нарсага ибодат қилайлик, сен ҳам биз ибодат қилаётган нарсага ибодат қиласан. Барча ишларимизда сен биз билан шерик бўл. Агар сен келтирган нарса, биз қўлимиздаги нарсалардан яхши бўлса, шунда сен келтирган нарсага биз ҳам шерик бўламиз ва ундан ўз насибамизни олган бўламиз, агар бизнинг қўлимиздаги нарсалар сен олиб келган нарсадан яхши бўлиб чиқса, сен бизга шерик бўласан ва ундан ўз насибангни олган бўласан”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло “Кофирун” сурасини нозил қилди.

3. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз – кофирларнинг Аллоҳ таолога ибодат қилишлари ақлга сиғмайдиган нарсадир. Чунки улар Аллоҳ таолога ибодат қилишса, шаҳватларини тарк қилишларига тўғри келади. Шаҳватларни тарк қилиш улар учун энг мушкул иш бўлгани учун ундан асло воз кеча олмайдилар. Гоҳида бир инсон шаҳватига қул бўлган инсонни тўғри йўлга бошламоқчи бўлиб унга насиҳат қилади. Шаҳватга қул бўлган инсон унинг насиҳатини қабул қилмай, у билан тортишади. Мен насиҳат қилувчи инсонга: “Уни ўз ҳолига қўй, у хоҳиш-истакларини ўзига илоҳ қилиб тутган, шундай экан, сенинг насиҳатингни асло олмайди ва ўз гумроҳлигидан қайтмайди”, деган бўлардим. Мадомики кофир инсон хоҳиш-истак ва шаҳватлари сари ҳаракат қилиб унга чуқур шўнғиб борар экан, ҳаргиз Аллоҳ таолога ибодат қилмайди, Ул Зотнинг буйруқларига бўйсунмайди, қайтариқларидан қайтмайди. Бундай инсоннинг ҳаётдаги энг олий мақсади дунёдаги барча хоҳиш-истакларга етишиши бўлади. Бу йўлда ҳатто жонини фидо қилишга тайёр бўлади. Шунинг учун ҳаётда ҳалок бўлаётган инсонларнинг ҳолатини ўргансангиз, уларнинг аксари хоҳиш-истаклари ортидан қувганлигига гувоҳ бўласиз.

4. Мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилувчи эмасман. 5. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз.

Кофирун сурасида кейинги оятларнинг такрор бўлиб келиши – юқоридаги оятларнинг маъносини янада таъкидлаш ва кучайтириш учундир, яъни мусулмонлар кофирлар ибодат қиладиган нарсаларга ҳозир ҳам, келажакда ҳам ҳаргиз ибодат қилмайдилар, худди шунингдек кофирлар ҳам мадомики, ўз-хоҳиш истакларига қул бўлар ва ўз гумроҳликларидан қайтмас экан, мусулмонлар ибодат қиладиган Аллоҳ таолога ҳаргиз қуллик қилмайдилар, Ул Зотга ибодат қилмайдилар!

6. Сизга – ўзингизнинг динингиз, менга – ўзимнинг диним».

“Кофирун” сурасида ислом уммати учун муҳим ва фойдали кўрсатма бор. Мусулмонлар билан кофирлар ўртасини ажратиб турувчи фарқ бўлиши лозимдир. Мусулмон яшашида, тутган йўлида, алоқа-муносабатларда, таълим олишда, олди-берди ишларида, шерик тутишида, дўстлашишида, оила қуришида, тоинки, ҳаётнинг барча жабҳаларида кофирлардан фарқ қилиши зарурдир. Ушбу санаб ўтилган ишларда мўмин одам кофирлардан ажралиб турмаса, улардан фарқланмаса, бу ҳолатлар унинг иймонига салбий таъсир кўрсатмай қўймайди.

Масалан, бир мусулмон кишининг ҳаёт тарзи, фикрлаши, эътиқоди бошқа бўлган дўстлари бўлса, улардан секин-секин узоқлашиши, улар билан турли йиғилиш ва мажлисларда ўтирмаслиги, имкон қадар алоқани узиши керак. Агар ундай қилмаса, дўстлари уни ўз домига тортиши мумкин, натижада иймони худди туз сувда қандай эриса, шундай эриб кетиш хавфи бўлади. Бир қоидани доим ёдда сақлаш керакки, ким ёшлигидан нимага кўра улғайса, қариши ҳам, вафот этиши ҳам, қайта тирилиши ҳам шунга биноан бўлади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Айтинг (эй, Муҳаммад): “Агар оталарингиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, қариндошларингиз, меҳнат билан топган мол-мулкларингиз, касод бўлишидан қўрққан тижоратингиз ва ёқтирган масканларингиз сизлар учун Аллоҳ ва Расулидан (Мадинага ҳижрат қилишдан), Унинг (тоати) йўлидаги жидду-жаҳд қилишдан (кўра) суюклироқ бўлса, (унда) то Аллоҳ ўз амри (азобини) келтиргунига қадар кутиб турингиз! Аллоҳ (эса) фосиқлар қавмини ҳидоят этмагай”. ("Тавба" сураси, 24-оят).

Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдин Китоб берилганлардан динингизни мазах ва ўйин қилиб олганлар ҳамда кофирлар билан дўст тутинмангиз. Мўмин бўлсангиз, Аллоҳдан қўрқингиз! ("Моида" сураси, 57-оят).

Бугунги кунда кўпчилик мусулмонларда ачинарли ҳолатларни гувоҳи бўламиз. Улар ўз динларини қўйиб, ғарбнинг урф-одатларига тақлид қилишмоқда. Қизиғи шундаки, бундай қилмишларига: “Бугун ғарб ҳамма соҳада илдамлади, улар биздан ақлли бўлиб кетишди, ишонмасангиз, уларнинг баланд-баланд уйларини, боғу роғларини кўринг. Биз улардай бўлишимиз учун эллик-юз йиллар бор” деб сабаб келтиришади. Яна айримлари оғизларини кўпиртириб: “Ғарбда эркаклар бориб дам оладиган денгиз соҳиллари, пляжлари бор. У ерда аёллар очиқ-сочиқ юришади”, дейишади. Ҳар бир ишларида ғарбликларга тақлид қилишади. Ўзлари ҳам улардай кийиниб, аёлларини ҳам улардай кийинтиради. Мусулмонларга тўғри келмайдиган ҳар хил пляж, кўнгилочар жойларга аёллари билан бирга боришади. Бундай ишларини маданият деб баҳолашади.

Яна айрим мусулмонлардаги ачинарли ҳолат шуки, аёлини бегона эркаклар олдида очиқ-сочиқ юришига парво қилмайди. Аллоҳ таоло ҳаром қилган турли ичимликлар бор жойларга қатнашади. Шариъатга зид бўлган турли хил урф-одатларга амал қилади. Дўстлари томонидан бу ишлар шариъатга зид эканлиги айтилганида, у: “Бу ишимни одамлар мен ҳақимда ёмон гумонга боришидан қўрқиб қилдим”, дейишади. Ҳолбуки инсон шариъатга зид бўлган ҳар қандай урф-одатлар ва тақлиднинг барча турларини оёғи остига қўймагунича, иймони комил бўлмайди.

Айрим инсонлар “Кофирун” сурасидаги хитоб Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларидаги мушрикларга хос, деб ўйлашади. Ҳолбуки бу китоб Аллоҳ таолонинг каломи эканини, унинг қиёматга қадар дастури амал эканини, унинг ҳукмлари ҳар замон ва ҳар маконга тўғри келишини унутишади.

Пайғамбар алайҳиссалом бу сурани ухлашдан олдин ўқишликка тавсия қилганлар. Навфал Ашжаъийдан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сизнинг олдингизга ухлашимдан олдин нима айтишимни ўргатишингиз учун келдим”, дедим. Ул зот: “Қул йаа айюҳал каафируун”ни ўқиб, уни якунлаганингда ухла. Чунки у ширкдан сақланишга сабабдир”, дедилар[2]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом бомдод намозининг икки ракаатида “Қул йаа айюҳал каафируун” ва “Қул ҳуваллооҳу аҳад”ни ўқидилар[3].

Бу сура мусулмонларга кофирлардан фарқли бўлишга ундайди. Эй биродарим, сизнинг ўзингизга хос ва муносиб ўрнингиз бор, сизнинг ўзингизга хос динингиз, тарбиянгиз, хулқингиз бор. Унга бошқа нарсалар аралашиб қолишидан эҳтиёт қилинг! 

Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг

“Тафсири Нобулсий” китоби 14-том, 30-жузидан

Фаррух Абдулкарим, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.  
 


[1] Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўз “Саҳиҳ”ларида келтирганлар.

[2] Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ ўз “Саҳиҳ”ларида келтирганлар.

[3] Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ўз “Саҳиҳ”ларида келтирганлар.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!