Тафсири Нобулсий: "Масад" сураси

20:00 01.03.2019 607

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

"Масад" сураси

1. Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин)! Ҳалок бўлди ҳам. 2. Мол-мулки ва топган-тутгани (бойликлари) унга асқотмади. 3. Яқинда (у) алангали оловда куяжак. 4. Шунингдек, ўтин ташувчи хотини ҳам. 5. Бўйнида пухта эшилган арқони ҳам бўлур.

Бу сура Аллоҳ таолонинг йўлидан адашган, ҳақ аҳлига қарши чиқадиган, уларни ҳақдан тўсиш учун турли ҳийла-найрангларни ўйлаб топадиган, Аллоҳнинг динига қарши курашишни ўзига касб қилиб тутган, Аллоҳнинг нури, яъни динини оғзи билан ўчирмоқчи бўлган ҳар қандай инсоннинг дунё ва охиратдаги ҳолатлари, шунингдек қилган ишларининг натижаси дунёда қандай якунланиши ва охиратда ундай кишига нисбатан қандай муомала қилиниши тўғрисида сўзлайди ва бундай кишиларнинг дунёдаги оқибати режаларининг пучга чиқиши, муваффақиятсизлик ва зиён кўришлари билан, охиратда эса алангали олов, яъни жаҳаннамга киришлари билан якунлашини баён қилади.

Бу сурада Абу Лаҳаб, унинг аёли ва уларнинг қилган ишлари ҳақида гап кетса-да, аслида Аллоҳ таоло бу бир қиссани барча инсонлар бундай қилмишлардан огоҳ бўлишлари учун ибрат тариқасида нозил қилди. Кимки Абу Лаҳаб ва унинг аёлига ўхшаса ва қилган ишлари каби ишларни қилса оқибати худди у иккисининг оқибати каби якун топиши муқаррардир.

Абу Лаҳаб ва унинг аёлининг бу дунёда хор бўлиб ўлиши ва охиратда жаҳаннамга ҳақли бўлишига сабаб – ҳаққа қарши тургани, исломга қарама-қарши бўлгани, Аллоҳ таолонинг нурини оғзи билан ўчирмоқчи бўлгани, Аллоҳ таолонинг йўлига чорловчиларга ҳам қарши курашгани, уларни ўзига душман тутиб турли ҳийла-найранг қилгганидир. Бу қилмишлари сабаб нафақат охиратда азобга ҳақли бўлди, балки шу дунёнинг ўзида ҳам хорликка юз тутди.

Абу Лаҳаб ўзи ким эди?

Жавоб: Абу Лаҳаб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиси бўлиб, унинг асл исми Абдулуззо ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошимжир. У жоҳилиятда энг шижоатли аслзодалардан, ислом келгандан бошлаб мусулмонларга нисбатан энг кўп душманчилик қилганлардан бири эди. Абу Лаҳабнинг жияни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан шу даражада қабиҳ ишларни қилишга нима сабаб бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин Абу Лаҳаб дунёси ва обрўсидан ажралиб қолишдан қўрқди. Дунёси ва обрўсини сақлаб қолиш мақсадида жияни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган динга эътиқод қилишдан бош тортди. Қанча-қанча мусулмонларга бевосита, баъзан билвосита қарши чиқиб, азият етказди. Ўзи етмаганда, бошқаларни ҳам жияни келтирган дини ботил, деб ўз динларидан воз кечмасликларига тарғиб қилиб, бошқаларни ҳам мусулмонлар йўлига тўсиқ бўлишларига гиж-гижлади.

Абу Лаҳаб кибри туфайли динга бўйинсунишдан бош тортди, натижада кўзи ҳақиқатларни, мўжизаларни кўришдан кўр бўлди. У аҳмоқлиги ва калтафаҳмлиги сабабли Аллоҳ таолонинг динига қарши чиқиб уни тўхтатмоқчи бўлди. Ҳолбуки Абу Лаҳаб бундай қилмишларини қилмай, тилининг учида бўлса ҳам жияни олдига келиб, шаҳодат калимасини келтирса эди, бундай хорликдан, яъни Қуръони каримда қиёматга қадар ёмонотлиқ бўлиб зикр қилинмаган ва лаънатланмаган бўларди.

Қуйида “Масад” сурасининг нозил бўлиш сабаблари ҳақида келган ҳадисларни зикр қиламиз.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди, у киши айтдилар: “Яқин қaриндoшлaрингизни (Aллoҳ aзoбидaн) oгoҳлaнтиринг!”[1] ояти нозил бўлганида Пайғамбар алайҳиссалом Сафо тепалигига чиқиб, Қурайш аҳлига шундай нидо қилдилар: “Эй Феҳр жамоси, эй Адий жамоаси... Қурайшнинг барча уруғи тўпланишди ҳатто кела олмайдиганлар нима гап эканини билиш учун ўзларидан элчи юборишди. Улар орасида амакилари Абу Лаҳаб ҳам келган эди. Шунда Ул зот алайҳиссалом: “Мана шу водий ортида сизларга қарши бир қўшин тўпланиб турибди, десам, мени тасдиқлайсизларми?”. Тўпланганлар: “Албатта тасдиқлаймиз, чунки шу кунгача сенда рост сўздан бошқасига гувоҳ бўлмаганмиз”, дейишди. Ул зот: “Албатта, мен олдиларизда турган аламли азобдан огоҳлантирувчиман”, дедилар. Бу гапни эшитиб турган Абу Лаҳаб: “Эй қуриб кетгур, шунинг учун бизни тўпладингми?”, деди. Шу вақт Аллоҳ таолонинг:

“Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин)! Ҳалок бўлди ҳам. 2. Мол-мулки ва топган-тутгани (бойликлари) унга асқотмади...”, деган оятлари нозил бўлди[2].

“Тафсири Табарий”да келишича, Абу Лаҳаб Пайғамбар алайҳиссаломга: “Агар сенга имон келтирсам, менга нима берилади”, дейди. Ул зот алайҳиссалом: “Мусулмонларга нима ваъда қилинган бўлса, шу”, дедилар. Абу Лаҳаб: “Менинг улардан афзаллигим бўлмайдими?”, деди. Ул зот алайҳиссалом: “Нимани хоҳлайсан?”, дедилар. Шунда Абу Лаҳаб: “Шу ҳам дин бўлибдими, келиб-келиб улар билан мен тенг бўламанми?!”, деган эди, “Масад” сураси нозил бўлди.

Бошқа тафсир китобларида зикр қилинишича, ҳаж қилиш учун Маккага турли қабила ва гуруҳлардан одамлар келган вақтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар олдиларига бориб, Ислом динига тарғиб қилар ва шаҳодат калиммасини айтишларига чақирардилар. Абу Лаҳаб эса Ул зот ортларида туриб олиб, гапни тугатишларини кутиб турарди. Гапларини тугатганлари заҳоти: “Унга ишонманглар, у ғирт каззоб ва сеҳргар. Қурисин йўқ бўлиб кетсин”, дер эди. Шунда “Масад” сураси нозил бўлган.

“Масад” сурасининг нозил бўлиш сабабларидан яна бири, Абу Лаҳаб тош отиб Пайғамбар алайҳиссаломга зиён етказмоқчи бўлади. Унинг бу қилмишидан Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни сақлаб қолди. Абу Лаҳабнинг режаси барбод бўлди. Шунда “Масад” сураси нозил бўлди.

 Ояти каримадаги “таббат” сўзининг турли маънолари бор. Қуйида шу маънолар ҳақида ўрганамиз.

“Таббат” сўзи “зиён кўриш”, “ютқазиш” маънода келади. Ютқазиш, зиён кўриш одатда инсонни қайғуга солади, унга алам беради. Масалан, бир киши катта бир маблағ эвазига четдан мол олиб келиб уни йил бўйи сотса, кейин йил охирида ҳисоб-китоб қилиб кўрганида, не кўз билан қарасин, бу тижоратидан бирор фойда кўрмаган бўлса, қанчалар сиқилади, эзилади, ғамга ботади. Бу ҳолатни фақат бошидан ўтказган инсонгина ҳис қила олади. Ҳозир сўз у одамнинг бирор фойда кўрмагани ҳақида эди. Ана энди фойда кўрмаганига қўшимча ўз дастмоясидан ҳам қуруқ қолса, унинг бошидан кечадиган аламнинг қай даражада бўлишини тасаввур қилиб бўлмайди. “Таббат” сўзининг “ҳалок бўлиш”, “муваффақиятсизликка учрамоқ” “адашмоқ” деган маъноларда ҳам келади.

“Абу Ҳалаб ҳалок бўлди” деган оят нозил бўлган вақтда Абу Лаҳабнинг ҳаёти ўзининг наздида бир текисда даво этарди, ҳатто ора-орада бу оятни масхара қилиб: “Қани, мен ҳалок бўлмадим, муваффақиятсизликка учрамадим, пулим кўп, обрўйим Қурайш орасида баланд”, деярди. Лекин Абу Лаҳаб ўзининг ҳалок бўлиши ҳақидаги ҳукм оламлар робби Аллоҳ таоло томонидан айтилганини унутган эди. Бунга тушунишингиз учун ҳаётий мисол келтирадиган бўлсак, ота ўз фарзандининг дарсларга бепарво бўлаётганини, дарс вазифаларини бажармаётганини, дарсларга, машғулотларга қатнашмаётганини кўрганида, кўз ўнгида фарзандининг келажакдаги ҳаёти гавдаланади. Унинг муваффақиятсизликка дучор бўлганинини кўргач фарзандига: “Эҳ болам, тамом бўлибсан, ютқазибсан”, дейди. Фарзанд бўлса, отасининг бу гапларига парво қилмайди. Чунки бу вақтда бола тажрибасизлик қилиб ўзининг ютқазганини, муваффақиясизликка юз тутганини тан олмайди. Орадан вақт ўтиб бола ёшликда дарсларга бепарволиги оқибатини кўрганида отасининг ўзи ҳақида айтган гаплари қулоғида жаранглаб туради. Бу оддий инсоннинг ўз тажрибасидан келиб чиқиб айтган гапи эди. Оятдаги “Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин)! Ҳалок бўлди ҳам, дейилган хабарни эса борлиқдаги барча нарсани Ўз илми билан қамраб олган, ўта билувчи Зот Аллоҳ таоло айтмоқда.

Ояти каримада Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин, дея ҳалок бўлиш, қуриш нисбати қўлларига берилган. Аслида унинг қўлларидан Абу Лаҳабнинг ўзи назарда тутилган. Одатда кўп ишлар қўл билан бажарилгани учун қўл дейилиб инсоннинг ўзи назарда тутилади. Абу Лаҳабнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказган азиятларининг аксари қўли билан бўлгани боис, ояти каримада қўли деб келтирилди.

Абу Лаҳаб – асли исми Абдулуззо ибн Абдулмуттолибдир. “Абу Лаҳаб” деб куняланганининг сабаби ҳақида баъзилар: Абдулуззо хунуклиги, жаҳли чиққанда юзи қизариб кетиши туфайли жоҳилият даврида Абу Лаҳаб деб куняланган. Абдулуззо ушбу куня билан машҳур бўлган деб айтадилар.

Фокиҳий қуйидагиларни айтадилар: Абу Лаҳаб чиройлилигидан юзи (олов шуъласидек) чақнаб кетар эди, шунинг учун ҳам шу ном билан номланадиган бўлган.

Арабларда бир одат борки, бир кишини кўп ҳолатларда бирор нарса билан машғул бўлиб турганига ёки бир кишида бир ҳолат кўп бор такрорланишига гувоҳ бўлсалар “ота” маъносини англатувчи “абун” калимасини ўша кўп такрорланаётган нарсага нисбат бериб ишлатардилар.

Бунга кўплаб мисоллар келтирса бўлади:

Иброҳим алайҳис салом меҳмоннавоз бўлганларидан “Абуз зийфон”, кўпинча Абдураҳмон ибн Сохр Давсий кўйлакларининг енгида мушукча кўтариб юрарганларидан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Абу Ҳурайра” деб кунялаганлар. Рамозон ойида кўп баракот ёғилиши эътиборидан шу ой “Абул баракот” деб куняланган. “Абу Лаҳаб” ҳам шулар жумласидандир.

 Аллоҳ таъоло Абу Лаҳабни исми билан эмас, балки куняси билан номлади. Бунинг сабаби ҳақида бир неча бир-бирини қувватлайдиган фикрлар билдирилган:

1) Унинг исми “Абдулуззо – Уззо[3]нинг қули, Уззога қулчилик қилиш” деган маънони англатади. Ислом шариъатида қуллик қилинишга ёлғиз ҳақли Зот Аллоҳ таъоло бўлгани учун У Зотдан бошқага араб тилидаги “қул” маъносидаги “абд” калимаси нисбат қилинмайди. Шунинг учун ҳам оятда унинг исми келтирилмаган.

 2) Сура нозил бўлганида, унинг куняси машҳур бўлиб, исмидан ғолиб келган эди.

3) Унинг кунясида келажакда жаҳаннамий бўлишлиги ҳақида белги бор. Чунки “Лаҳаб” деб - олов ловуллаб ёнганда, тутуни ғойиб бўлиб, оловнинг энг юқори қисмида пайдо бўладиган қип-қизил олов учқунларига айтилади. Шу эътибордан унинг кунясини айтилишида жаҳаннамий эканлигидан киноя ҳам бор.

Ояти каримани ўқисангиз, “таббат” сўзи икки маротаба такрорланганини биласиз. Бунинг маъноси, биринчи “таббат” билан Абу Лаҳаб бу дунёда ҳалок бўлиши, ютқазиши, муваффақиятсизликка учрашини назарда тутган бўлса, иккинчи “таббат” билан эса Абу Лаҳаб охиратда ҳам ҳалок бўлиши, зиён чекиши назарда тутилган.

Нима сабабдан Аллоҳ таоло Абу Лаҳабнинг фақат охиратда эмас, балки дунёда ҳам зиён кўриши, ҳалок бўлишини хоҳлади. Сабаби дунё аслида охират экинзори ҳисобланади. Дунё мусулмон одам Роббисига яқин бўлиб олиши, таниши, Аллоҳ таолонинг буйруқларини адо қилиш ва қайтариқларидан қайтиши учун энг қулай фурсатдир. Агар дунё бўлмаганида охират ҳам бўлмасди. Агар дунё бўлмаганида жаннат бўлмасди. Агар Аллоҳ таоло сизни дунёда яратмаганида ва ақл юритиш ҳамда тафаккур қилишни бермаганида Аллоҳ таолони танимаган бўлардиз. Аллоҳ таоло сизга молу дунё бермаганида ва сиз уни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилмаганизда эди, Аллоҳ таолонинг наздида даражангиз кўтарилмаган бўларди. Агар Аллоҳ таоло нафсингизга хоҳиш-истак туйғусини бермаганида ва сиз Аллоҳ таоло қайтарган ҳаром ишлардан тийилмаганизда эди, Ул Зотга яқин бўлиш лаззатини ҳис қилмаган бўлардиз. Охиратдаги саодатга эришишни дунёдан бошлайсиз. Шундай экан, дунёни ёмон кўрманг. Балки бу дунёда дунё ва охиратда зиён кўриш, муваффақиятсизликка учрашдан сизни сақлайдиган солиҳ амалларни қилинг. Инсоннинг охиратдаги саодати дунё ҳаётидаги қилган яхши амалларига боғлиқ экан, Аллоҳ таоло Абу Лаҳабнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, мусулмонлар ва ислом динига қилган разилликлари сабаб, шу дунёда зиёнга учрашлигини хоҳлади ва охиратдаги азобдан қутилиб қолишига сабаб бўладиган амалларни қилишига муваффақ қилмади.

Абу Лаҳаб дунёда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, мусулмонлар ва Ислом динига қарши эълон қилган урушида мағлуб бўлди. Абу Лаҳаб ушбу мағлубияти билан қутулиб қолмайди. Балки уни охиратда ловуллаб турган жаҳаннам кутмоқда! Бундай жазо фақат Абу Лаҳабга тегишли эмас, балки ҳаққа қарши чиқадиган, Аллоҳ таолонинг йўлига чорловчиларга қарши курашадиган ва уларни ўзига душман тутиб оладиган ҳар қандай кишиларга ҳам тегишлидир. Абу Лаҳабни бундай жазога гирифтор бўлишидан ҳеч нарса тўса олмади. Ҳатто унинг Пайғамбар алайҳиссаломга қариндошлиги, яъни амакилиги ҳам тўса олмади. Чунки Ислом динида алоқалар мезони қариндош-уруғчилик ёки бир жойда яшашга кўра белгиланмайди. Балки асосий мезон бу диндир. Ислом динида одамларнинг ирқи, насл-насаби, миллати, ранги, яшаш-жойи қандай бўлишининг қиймати йўқ. Ислом динида одамлар орасини фарқловчи ягона мезон бу тақводир. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади:

Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир. ("Ҳужурот" сураси, 13-оят).

Абу Лаҳаб “Масад” сурасининг нозил бўлган биринчи оятидан хабардор бўлгач: “Ўзини пайғамбарман деб даъво қилаётган жиянимнинг айтган сўзлари мабодо рост бўлган тақдирда, мен жонимни молу дунёйим ва фарзандларим ила сақлайман”, деди. Шунда “Масад” сурасининг кейинги ояти нозил бўлди:

“Мол-мулки ва топган-тутгани (бойликлари) унга асқотмади”.

Кўп инсонлар мол-мулк эга бўлиш барча нарсадан беҳожат қилади, барча нарсани ҳал қилади, инсонни бахт-саодатли қилади деб ўйлайдилар. Мол-мулкка етишиш учун кеча ва кундуз тиним билмай ҳаракат қилади, унинг ортидан оч ҳайвондай югуради. Молу дунё топиш ҳаётининг мазмунига айланади. Бундай инсонлар ҳётининг кўпроқ қисмини шу тарзда ўтказадилар. Қизиғи шундаки, шунча машаққат ва сай-ҳаракатлар бўлмасин, ортидан югураётган мол-дунёдан Аллоҳ таоло тақдирларига битганидан ортиғига эриша олмайдилар.

Умрларининг Аллоҳ таолога ибодат қилиб ўтказадиган энг бебаҳо вақтларини дунёнинг ортидан қувишга сарф қиладилар. Бироқ умрлари поёнига етган вақтда шу молу дунё – ўзлари орзу қилган саодатни таъмин этмаганини кўришганида жуда қаттиқ ҳасрат-надомат чекадилар. Шунча сай-ҳаракатлари бекорга кетганини, ўтказган ҳаётлари охир-оқибат бахтсизлик билан якунланганини англаб етадилар. Молу дунё улар учун дўст эмас, хатарли душман бўлганини тушуниб етадилар. Шунда: “Қани эди, ҳаётимнинг асосий қисмини дунёнинг ортидан қувиб ўтказмаганимда эди”, дея афсус-надоматлар қиладилар, бироқ афсус-надоматлар бу вақтда ҳеч қандай ёрдам бера олмайди, умрини ортга суриб бера олмайди.

Абу Лаҳаб ҳам худди шундай молу дунёси, фарзандлари барча нарсани ҳал қилади, охиратда уни азобдан қутқазади, деб ўйлади. Лекин молу дунёнинг эвазига қутилиб қолиш фақат бу дунёга тегишли тушунчадир. Охиратда зинҳор фойда бермайди, қутқазиб қолмайди, ҳимоя қила олмайди.

Юқорида Абу Лаҳаб ўзининг ҳалок бўлиши ҳақидаги ояти каримадан хабардор бўлгач, икки нарса ила ўзини сақлашини айтди. Бири молу дунёси бўлса, иккинчиси фарзандларидир. Одатда араблар молу дунёси ва фарзандлари ила фахрланишарди ва бу билан ўзларини куч-қудратли деб билишарди. Ҳақиқатда фарзанд катта неъматдир. Солиҳ фарзанд инсон вафотидан кейин унинг савоб амалларининг давомчисидир. Фарзанднинг тарбиясига эътибор қаратиш инсон қиладиган ишларнинг энг муҳими ҳисобланади. Тарихчилар ривоят қилишларича, Абу Лаҳабнниг учта ўғли бўлган. Уларнинг иккитаси, яъни Муаттаб ва Утба мусулмон бўлишиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, Ул Зотга хизмат қилишган. Учинчи ўғли Утайба эса, отасига ўхшаб Пайғамбар алайҳиссаломга кўп азият етказарди. Абу Ақроб розияллоҳудан ривоят қилинади, Абу Лаҳабнинг ўғли Пайғамбар алайҳиссаломни сўкар эди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом баддуо қилиб: “Эй Аллоҳ, унга бирор итингни юбор”, дедилар[4]. Бир куни Утайба Шом юртига кетаётган карвонга шерик бўлиб сафарга чиқди. Йўлда бир жойга тўхташганида: “Мен Муҳаммаднинг қилган баддуосидан қўрқаман”, деб шерикларини огоҳлантирди. Улар: “Бундай бўлмайди” дея унинг атрофида қўриқлаб ўтиришди. Орадан кўп вақт ўтмасдан бир йиртқич шер келиб, Утайбани уларнинг орасидан судраб чиқиб ўзи билан олиб кетди.

Аллоҳ таолонинг йўлига чорловчиларга қарши чиқадиган кимса билиб қўйсинки, у Аллоҳ таолога қарши курашга чиққандек бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Аллоҳ таоло шундай деди: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, мен унга қарши уруш эълон қиламан”, дедилар”[5].

Демак, Аллоҳ таолонинг дўстига душманлик қилган кимса, Аллоҳ таолога қарши уруш қилган каби бўлса, энди Аллоҳ таолонинг энг севикли пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга душманлик қилган кимсанинг ҳоли қандай бўлади?

Абу Лаҳабнинг ўғли Утайба Пайғамбар алайҳиссаломга қарши чиққан, душманчилик қилган эди, бунинг натижаси унинг хорларча ҳалок бўлиши билан якунланди. Эй Инсон, ҳаққа қарши чиқишдан, ўзинг билмайдиган нарсаларни гапиришдан, Аллоҳ таолонинг дўстларига қарши чиқишдан ўзингни сақлагин! Бирор кимсага унинг ботил йўлда эканини аниқ билмагунингча: “Сен адашгансан, сен кофирсан, сен бузғунчисан” деб айтма. Унинг ботил йўлда эканига очиқ-ойдин ҳужжатинг бўлмаса: “У киши ҳақида ёмон нарсани билмайман”, дегин. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Эй, имон келтирганлар! Ўзингизга қарангиз! Модомики, ҳидоят топган экансиз, адашганларнинг сизларга зарари йўқ[6]. Қайтар жойингиз Аллоҳнинг ҳузуридир. Ўшанда Аллоҳ сизларни қилган ишларингиздан хабардор қилур. ("Моида" сураси, 105-оят).

Шундай экан, инсон фалончини адашган, фалончини тўғри йўлда деб одамларга қиймат, баҳо беришга мажбур эмас. Банданинг иши зоҳирига қараб иш тутиш. Инсонларнинг қалбини, ичини ёлғиз Аллоҳ таоло билади.

Бу сурадан олинадиган фойдалардан яна бири, инсон ҳаётда қанча ишламасин, қанча касб қилган бўлмасин мадомики, у мўмин-мусулмон бўлмас экан, бу топган-тутганлари, қилган касблари ўз эгасига вафотидан сўнг ҳеч фойда бермайди. Масалан, мўмин-мусулмон бўлмаган бир киши баланд бино қуриб ёки кўприк қуриб: “Бу ишим билан инсонлар манфаатини ўйладим”, деб қилган ишининг савобини умид қилади. Ёки бир адвокатни мисол тариқасида айтайлик. У бир жиноятчининг жиноятини яшириб, оқлагани сабабли жиноятчи озодликка чиқади. Адвокат бу иши билан савоб умид қилади. Ёки бир инсон бойликда энг юқори чўққига чиқади. Уни бутун дунё инсонлар танийди, у ўз бойлиги билан одамлар орасида шуҳрат қозонади. Бу бойлиги ва шуҳрати дунёдаги каби охиратда ҳам унга манфаат келтиради деб ўйлайди. Бироқ бу инсонларга ўлим келган вақтда қилган касблари, қурган бинолари, ноҳақлик билан жиноятчини оқлагани, одамлар орасида шуҳрати ўз эгаларига ёрдам берармиди? Йўқ, асло ёрдам бермайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Мол-мулки ва топган-тутгани (бойликлари) унга асқотмади”. ("Масад" сураси, 2-оят).

Қилинган касб, йиғилган мол-дунё, орттирилган обрў, қозонилган шуҳратларнинг илоҳий қоидаси шундан иборатки, мадомики, бу нарсаларга иймон шерик бўлмаса, буларнинг Аллоҳ таолонинг наздида ҳеч қандай қиймати йўқдир.

Яқинда (у) алангали оловда куяжак – Аллоҳ таоло Абу Лаҳабни қизиб турган, алангали оловга киришининг хабарини бермоқда. Буни бироз бўлса ҳам ҳис қилиш учун бир мисол келтирайлик. Ёзнинг саратонида ҳаво ҳарорати 40о дан ошса инсонлар беҳузур бўлиб, кечалари уйқулари қочиб соя салқин жойларда жон сақлайдилар. Дунёдаги иссиқдан инсонлар соя-салқин жойларда, сувлар бўйида, кондиционерлар ёрдамида ҳамда салқин ичимликлар ичиш билан ўзларини сақлашлари мумкин. Бироқ жаҳаннам иссиқлиги бу дунёдаги иссиқликдан бир неча баробар иссиқ бўлади ва у ерда иссиқни совутадиган ҳеч қандай нарса бўлмайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

(Жангдан сохта узрлар билан) қолганлар* Аллоҳнинг расулига хилоф қилиб ўтиришларидан (ўзлари) шод бўлдилар ва моллари-ю жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни ёқтирмадилар ва (бошқаларга ҳам): «Иссиқ ҳавода қўзғалмангиз!» – дейишди. Айтинг: «Агар англасалар, жаҳаннам олови (ундан) иссиқроқдир». ("Тавба" сураси, 81-оят).

Шунингдек, ўтин ташувчи хотини ҳам – Аллоҳ таоло “Масад” сурасининг кейинги оятида Абу Лаҳабнинг хотини ҳам жаҳаннамга киришининг хабарини бермоқда. Унинг аёли ким эди? Абу Лаҳабнинг хотини Абу Суфённинг синглиси, Муовия розияллоҳу анҳунинг аммаси Урва бинти Ҳарб эди. Унинг куняси Умму Жамил эди. У Қурайшнинг насл-насаби энг шарафли аёлларидан эди. Бироқ унинг аслзодалиги, насл-насаби жаҳаннамга киришидан тўсиб қололмади. Ҳаётда бир қоида бор. Аёл хулқда, эътиқодда эрига тобеъ бўлади. Аёл бамисоли эрнинг кўзгусидир.

Масалан, киши эрта тонгдан бомдод намозига уйғониб, аёли кўз ўнгида намозни қоим қилса, бу ҳолатнинг гувоҳи бўлган аёл кўп ўтмай эрига шерик бўлиб у ҳам намозларини ўз вақтида қоим қилади. Аксинча, эр бомдодга ухлаб қолиб қуёш чиққандан кейин намоз ўқиса, аёли ҳам у билан бирга ухлайди. Агар эр кўчада аёлларга гап отса, бориб-бориб аёли ҳам иффатини йўқотиб эркак кишилар билан гаплашишдан уялмай қўяди. Агар эр уйда бировларни ғийбат қилса, аёл ҳам ғийбат қилишдан тортинмайди. Эр кўчада бегона аёлларга назар солса, аёли ҳам бегона эркакларга назар соладиган бўлади. Эр саховатли бўлса, хотини ҳам бечораларга раҳмдил бўлади. Эр киши аёлига яхши муомала қилса, аёли ҳам эрига яхши муомалада бўлади. Агар эр аёлига нисабатан қўпол муомалада бўлса, аёли ҳам эрига нисбатан қўрс бўлади. Агар эр аёлини яқинларини ҳақорат қилса, аёл ҳам эрининг яқинларини ҳақорат қилади.

Шунга кўра Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил эрининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиқиши, ҳақ аҳлини Аллоҳ таолонинг йўлидан тўсиши, Аллоҳнинг нури, яъни динини оғзи билан ўчирмоқчи бўлишини қўллаб-қувватлади, бу йўлда унга тиним билмай ёрдам берди, тоинки, эрининг қилган барча ишига рози бўлиб унга тобеъ бўлди. Натижада у ҳам эри каби жаҳаннамга киришга ҳақли бўлди.

Умму Жамил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга нисбатан кўп азиятлар етказгани сабаб, Аллоҳ таоло ояти каримада уни ўтин ташувчи деб сифатлади. Оятдаги ўтиндан унинг қилган гуноҳлари назарда тутилган. Бу гуноҳлари сабаб Умму Жамил жаҳаннамда азобланади. Инсон ҳар қачон бирорта гуноҳ амал қилса, масалан, бировнинг молини зўравонлик билан олиб қўйса, бировнинг уйинини ёки оиласини бузилишига сабаб бўлса, ота-бола, эр-хотин, ака-ука ўртасидаги алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлса, бировнинг молу-дунёсини алдов йўли билан ўзлаштирса, бировни мушкул аҳволга солиб қўйса ёки бировга зулм етказиши натижасида оғир касалликка чалинишига сабаб бўлса, бунга ўхшаш амалларнинг барчаси инсоннинг елкасига ортиб олган ўтинга ўхшайди. Шу ўтинлар унинг жаҳаннамда ёнишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Кофир бўлганлар имон келтирганларга: «Сизлар бизларнинг йўлимизга эргашингиз,гуноҳларингизни биз кўтарурмиз»,– дейдилар. Ҳолбуки, уларнинг гуноҳларидан бирор нарсани кўтара олувчи эмасдирлар. Албатта, улар ёлғончидирлар. ("Анкабут" сураси, 12-13-оятлар).

Ҳақиқий мўмин кечаси тўшакка ётар экан, тунни хотиржамлик ила ўтказади. Чунки унинг елкасида бирор кимсага нисабатан ноҳақлик бўлмайди. Ҳақиқий мўмин инсон бировнинг молини ҳаром йўл билан емайди, бирор инсонга ноҳақ азият бермайди, бирор бир оилани бахтсизлигига сабаб бўлмайди, ёлғончи бўлмайди, муғомбир бўлмайди, ёлғон қасам ичмайди ва ёлғон гувоҳлик бермайди. Ҳатто бирор чумолини қасддан босиб ўлдириб қўйса, кечаси хотиржам ухлай олмайди. Ҳақиқий мўмин ўзининг келажагини бошқаларнинг обрўсини ерга уриш, ўзининг бахт-саодатини ўзгаларни бахтсиз қилиш, бой бўлишини бошқаларни камбағал қилиш, ўзининг хотиржамлигини ўзгаларни нотинч қилиш эвазига барпо қилмайди. Шунинг учун ҳам у виждон азобида қийналмайди. Балки ҳақиқий мўмин инсонларга эзгулик улашади, яхшилик қилади, уларнинг бахтли бўлишига сабабчи бўлади, тинч-тотув, хотиржам ҳаёт кечиришларига имкон яратади.

Ояти каримада Умму Жамилнинг ўтин ташувчи экани зикр қилинди. Биз уни гуноҳларни бўйнида кўтариб юрувчи деб тафсир қилдик. Баъзи муфассирлар бу ояти каримадаги “ўтин ташувчи” иборасини “чақимчилик қилиб юрувчи” деб тафсир қилганлар. Умму Жамил чақимчилик ва ёлғон йўли билан инсонлар орасига душманчилик ва адоват соларди.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чақимчи жаннатга кирмайди”, дедилар[7].

Яҳё ибн Касир: “Чақимчи бир соат ичида қиладиган ёмон ишларини сеҳргар бир ойда қила олмайди”, дедилар. Чунки сеҳргар чақимчи кишичалик инсонларни орасини буза олмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини эшитдилар: “Инсонларнинг энг ёмонлари иккиюзлиларидир. Буларга бир юз билан, бошқаларга эса бошқа юз билан келади”[8].

Байзовий, Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳим каби муфассирлар Умму Жамил ҳақида шундай дейишган: “У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азият бериш мақсадида Ул Зот юрадиган йўлларига тиконларни ташлар эди. Ҳолбуки Пайғамбар алайҳиссалом бу тиконлар устидан юмшоқ матолар устидан юргандай ўтиб кетардилар. Умму Жамил ҳар қанча Ул зотга азият етказмоқчи бўлса ҳам Аллоҳ таоло севикли Пайғамбарини сақлар эди”.

Баъзи ривоятларда келишича, Умму Жамил бой бўлишига, Қурайшнинг шарафли аёли бўлишига қарамай, бахиллиги сабабли ўзи ўтинларни елкасига ортиб уйига ташир эди.

Бўйнида пухта эшилган арқони ҳам бўлур – Аллоҳ таоло бу ояти каримани келтиришидан мақсад, Умму Жамил дур ва маржонлардан ясалган шодаларни бўйинга тақиб зийнатланиб юрарди. Аллоҳ таоло ояти карима орқали унинг бўйнидаги гўзал шодаси ўрнида жаҳаннамда оловли арқон ёки қалин, ҳунук каноп ёки эшилган арқон бўлишини назарда тутмоқда. Баъзи муфассирлар “бўйнида пухта эшилган арқони ҳам бўлур” оятидан “уни жаҳаннамга судрайдиган гуноҳ амаллари” назарда тутилган, дейишади.

Инсон ҳаёти давомида зийнат бериши, эътибор қаратиши лозим бўлган нарсаси унинг қалбидир. Кўпчилик инсон қалбини ислоҳ қилиш, уни зийнатлаш ўрнига ташқи кўриниши, жисмига оро бериш, уни зийнатлаш ҳаракатида бўлади. Ҳолбуки жисм ҳар қанча зиёнатланган бўлмасин, унинг охири борадиган жойи тупроғу қурт қумурсқадан иборат бўлган қабрдир. Инсон жисмини ҳар қанча ювиб, тозалаб, оро бериб, уни ҳушбўйлаб эътибор қаратмасин, агар унинг амаллари ёмон бўлса, бу жасаднинг охири борадиган жойи жаҳаннам бўлади.

 

Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг

“Тафсири Нобулсий” китоби 14-том, 30-жузидан

Фаррух Абдулкарим, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

 


[1] Шуаро сураси, 214-оят.

[2] Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳматуллоҳиалайҳим ўз “Саҳиҳ”ларида келтирганлар.

[3] Нахладаги Қурайш ва барча Бану киноналикларнинг энг катта бути эди.

[4] Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳим ўз “Саҳиҳ”ларида келтирганлар.

[5] Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз “Саҳиҳ”ларида келтирганлар.

[6] Имон келтириб, ҳидоят топганлар залолатда қолаётган кишиларга нисбатан ачиниб ташвиш чеккан пайтларида Аллоҳ таоло ўзингизни билингиз, сиз ҳидоят топган бўлсангиз, уларнинг ҳидоятдан узоқда бўлишларининг зарари йўқ, деб тасалли берган. Бу амри маъруф, наҳий мункар қилмаслик керак, дегани эмас, албатта.

[7] Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳ”ларида келган.

[8] Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳим ўз “Саҳиҳ”ларида келтирганлар.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!